Дўконларда сотилаётган, пировард натижада дастурхонимизга етиб келаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг қонуний тарзда импорт қилиниши нафақат иқтисодий хавфсизлигимизни ҳимоя қилишга, балки, энг аввало, ўзимизнинг саломатлигимизни сақлашга хизмат қилади.
Аммо айрим сохта тадбиркорларнинг божхона назоратидан яширинча олиб ўтишга уринаётган, сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида бундай деб бўлмайди. Сабаби уларнинг тегишли ташиш қоидаларига мувофиқ етказилганига ҳеч қандай кафолат йўқ.
Хориж фуқароси А.Хоссеин бошқарувидаги «Volvo» юк машинаси Бухоро вилояти «Олот» божхона комплекси орқали юртимизга кириб келаётган пайтда тўхтатиб қолинди. Текширувда аниқланишича, унда юк- кузатув ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча миқдорда, шунингдек номи умуман кўрсатилмаган салкам 30 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, кийим-кечаклар, ошхона жиҳозлари ортилган экан. Хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган мазкур товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати 82 млн сўмдан ортади.
Тошкент шаҳар Бектемир тумани ҳудудида жойлашган омборлардан бири ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, омборда ва унинг ҳовлисида турган автотранспорт воситаларида салкам 19 тонна товуқ гўшти, 2 тоннага яқин сосиска, 1 тоннадан ортиқ хамиртуруш, 334 дона газ ҳисоблагич, 341 донадан ортиқ ТВ тюнерлари, 258 дона уяли телефонлар ва 370 дона телефон аксессуарлари ва бошқа товар-моддий бойликлар ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди.
Суриштирувлар чоғида на юк эгалари, на автотранспорт ҳайдовчилари хорижда ишлаб чиқарилган, дастлабки маълумотларга кўра қиймати тахминан салкам 242 млн сўмлик озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларнинг божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим қила олишмади.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текшируви ва суриштирув ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Ҳусен ТАНГРИЕВ,
Давлат божхона қўмитаси
Матбуот хизмати
катта инспектори.