ЧЕТ ЭЛ ВАЛЮТАСИ ҚАНДАЙ СОТИБ ОЛИНАДИ?
Президентнинг 30.01.2013 йилдаги ПҚ-1914-сон қарори билан Марказий банк ва тижорат банкларининг 2013 йил 1 февралдан жисмоний шахслар – Ўзбекистон резидентларига чет эл валютасининг ваколатли банклар томонидан нақд пулсиз шаклда халқаро тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда сотилиши механизми жорий этилиши тўғрисидаги таклифи қабул қилинди, шунингдек 2013 йил 1 февралда кучга кирган чет эл валютасини харид қилиш ва жисмоний шахсларга сотиш ҳамда валюта айирбошлаш шохобчалари тўғрисида низом тасдиқланди.
Низомга кўра жисмоний шахсларга чет эл валютаси ваколатли банклар, уларнинг муассасалари ва филиаллари биноларида нақд пулсиз шаклда халқаро тўлов карталаридан ва миллий валютадаги шахсий пластик банк карталаридан фойдаланган ҳолда сотилиши керак. Чет эл валютасини харид қилиш учун ваколатли банкнинг конверсион операциялар бўлимига қуйидагиларни тақдим этган ҳолда мурожаат қилиш лозим:
жисмоний шахс – Ўзбекистон резиденти шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
халқаро тўлов картасига ўтказиладиган чет эл валютасини, унинг суммаси ва турини кўрсатган ҳолда, харид қилишга белгиланган шаклдаги буюртманома;
банк ҳисобварағида айирбошлаш операцияси учун етарли миллий валютадаги сумма мавжуд бўлган ҳолда шахсий пластик банк картаси. У мавжуд бўлмаганда конверсион операциялар бўлимининг масъул ходими мижозга шу банкнинг ўзида унинг номига пластик картани очишни таклиф қилади.
Банк ходими тақдим этилган ҳужжатларни текшириб, шахсий пластик карта эгаси номига халқаро тўлов картасини (у мавжуд бўлмаган тақдирда) очади. Сўнгра пластик сўм картасидан операция амалга оширилган санадаги айирбошлаш курси бўйича харид қилинадиган чет эл валютасига эквивалент суммани ҳисобдан чиқаради ҳамда жисмоний шахснинг халқаро тўлов картасига реализация қилинган чет эл валютасини ўтказади, шунингдек унга чет эл валютасини харид қилганлиги тўғрисида маълумотнома беради.
Жисмоний шахслар – Ўзбекистон резидентлари ва норезидентларидан чет эл валютасини ваколатли банклар айирбошлаш шохобчалари (одатда, банклар ва уларнинг филиаллари, аэропортлар, темир йўл вокзаллари, меҳмонхоналар, ички ишлар органларининг кириш, чиқиш ва фуқаролик бошқармалари (бўлимлари) бинолари, шунингдек божхона постларида жойлашган) орқали чекланмаган миқдорларда харид қиладилар. Мазкур операцияни айирбошлаш шохобчаси назоратчиси белгиланган шаклдаги маълумотноманинг иккита нусхасини тўлдириш йўли билан расмийлаштиради, уларга айирбошлаш шохобчаси кассири ва назоратчиси ҳамда жисмоний шахснинг ўзи имзо чекади.
Чет эл валютаси жисмоний шахслар – Ўзбекистон норезидентларига, одатда банклар ва уларнинг филиаллари, аэропортлар, темир йўл вокзаллари, меҳмонхоналар, ички ишлар органларининг кириш, чиқиш ва фуқаролик бошқармалари (бўлимлари) бинолари, шунингдек божхона постларида жойлашган ваколатли банклар айирбошлаш шохобчалари орқали, айирбошлаш шохобчасининг илгари берган маълумотномаси ва паспорт тақдим этилган тақдирда, чет эл валютасининг миллий валютага илгари айирбошланган суммаси доирасида сотилиши мумкин. Айирбошлаш шохобчаси ходими тақдим этилган паспортга қараб норезидентнинг шахсини аниқлагач, божхона декларациясига айирбошлаш шохобчаси штампини қўяди ва ишлатилмаган миллий валюта қайта айирбошлангани тўғрисида белги қўяди, сўнгра мазкур шахсга чет эл валютасини ва у харид қилингани тўғрисида маълумотномани беради.
800 ДАН ОРТИҚ МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ЛОЙИҲАЛАРИ
Вазирлар Маҳкамасининг 18.01.2013 йилдаги 12-сон қарори билан 2013 йилги тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш дастурининг 832 та лойиҳаси прогноз параметрлари тасдиқланди. Хусусан, бу йил 17 мингта «Ласетти», 22 мингта «Дамас», 69 мингта «Матиз», 63 мингта «Нексия» автомобилларини чиқариш назарда тутилган.
Шунингдек Ҳукумат амалдаги Маҳаллийлаштириш дастуридан қарийб 130 та лойиҳани чиқариб ташлади. Улар орасида «ZENITH ELECTRONIKS» МЧЖ ҚК телевизорлари, Ҳисоблаш техникасини таъмирлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш жамоа корхонасининг «Samsung» бренди остидаги маиший совутгичлари, «ДОЙЧЕ КАБЕЛЬ АГ ТОШКЕНТ» ОАЖ ҚК термопанеллари ва бошқалар бор.
МИЛЛИЙ БАНК МАҚОМИНИ ЎЗГАРТИРАДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 23.01.2013 йилдаги 15-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг мақоми ўзгарди – энди у хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона ҳисобланади (илгари Ўзмиллийбанк давлат ихтисослаштирилган банки бўлиб, Ҳукумат тимсолида Ўзбекистон Республикаси мулкида бўлган ва Ўзбекистон банк тизимига кирган).
Уставга киритилган меъёрга кўра, банк унга хўжалик юритиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган мол-мулкка, шунингдек банк фаолиятини амалга ошириш давомида сотиб олинадиган (олинадиган) ва банкнинг ўз мулки бўлган бошқа мол-мулкдан қонун ҳужжатларида ва Уставда белгиланган тартибда эгалик қилиши, фойдаланиши ва тасарруф этиши ҳуқуқи берилган. Банкнинг хўжалик ва ҳакамлик судларида даъвогар сифатида чиқиш ҳуқуқи Уставдан чиқариб ташланган.
Банкка нафақат тадбиркорлик фаолияти субъектлари фаолиятида капитал билан иштирок этиш, балки хўжалик жамиятлари, унитар корхоналарда иштирокчи ёки акциядор сифатида, уларга мол-мулкнинг бир қисмини белгиланган тартибда хўжалик юритишига берган ҳолда унитар корхоналар (шуъба корхоналар) ташкил этиш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклларда иштирок этиш ҳуқуқи берилган.
Ўзмиллийбанк устав фонди миқдори аввалгича қолди. Ўзгартиришлар билан белгиланганидек, банкка тегишли бўлган мол-мулк пул маблағлари ва унга тегишли бўлган бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, транспорт ва бошқа бойликлардан иборатдир. Банкнинг мол-мулкини реализация қилиш (сотиш) ва ижарага беришдан тушган маблағлар унинг тасарруфида қолади ва банк томонидан устав фаолиятига мувофиқ мустақил фойдаланилиши мумкин.
Ўзгартиришлар билан банк бошқаруви органлари ва унинг Кенгаши ваколатлари белгиланган.
Қарор билан яна бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
КЕЛИШУВ УЧУН ДЕПАРТАМЕНТ ЖАВОБ БЕРАДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 23.01.2013 йилдаги 16-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи тўғрисидаги Битимнинг (Москва, 16.06.2011 йил, 13.12.2012 йилдаги ЎРҚ-307-сон Қонун билан ратификация қилинган) амалга оширилиши учун Ўзбекистон Республикаси томонидан масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланди.
Республика вазирликлари ва идораларига Департамент билан биргаликда Битимдан келиб чиқувчи мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш топширилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи (ЕАГ) фаолиятининг тегишли қисми бўйича, шунингдек Ялпи мажлисларда ва ЕАГ доирасида ўтказиладиган бошқа тадбирларда иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси делегацияларини шакллантиришда уларнинг вакиллари эксперт сифатида жалб қилиниши мумкин.
Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳи – Пулларни ҳалоллашга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чора-тадбирларни ишлаб чиқувчи гуруҳ (ФАТФ – FATF) тусидаги минтақавий гуруҳ ҳисобланади. ЕАГга Беларусь, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон киради. ЕАГ ФАТФнинг уюшган аъзоси саналади.
Евросиё гуруҳининг асосий мақсади минтақавий даражада самарали ҳамкорликни, шунингдек Евросиё гуруҳига аъзо давлатларнинг FATF ва Евросиё гуруҳига аъзо давлатлар иштирокчи бўлган бошқа халқаро ташкилотларнинг тавсияларига мувофиқ
жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш халқаро тизимига интеграциялашувини таъминлаш ҳисобланади.
ФУҚАРО ХОДИМЛАР СТАЖИГА УСТАМА
Вазирлар Маҳкамасининг 24.01.2013 йилдаги 17-сон қарори билан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Қуролли Кучлари Бирлашган штаби фуқаро ходимларининг иш стажи учун фоизли устама белгиланди. У қуйидаги миқдорни ташкил этади: 2 йилдан 5 йилгача стажи бўлганда – лавозим маошининг 10 фоизи; 5 йилдан 10 йилгача стажи бўлганда –15 фоизи; 10 йилдан 15 йилгача стажи бўлганда – 20 фоизи; 15 йилдан 20 йилгача стажи бўлганда – 25 фоизи; 20 йилдан ортиқ стажи бўлганда – 30 фоизи.
Қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Мудофаа вазирлигига ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.
Тақдим этилган ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.