Norma.uz

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ДСҚда ЯНГИ МАХСУС БОШҚАРМА ТУЗИЛАДИ

Президентнинг 24.01.2013 йилдаги «Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар механизмини янада тартибга солиш тўғрисида» ПҚ-1910-сон қарори билан Давлат солиқ қўмитаси таркибида, белгиланган ходимлар сони доирасида, Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан назорат қилиш, қисқа муддатли текширишларни ташкил этиш бўйича 9 нафар ходимдан иборат махсус бошқарма (кейинги ўринларда – «Махсус бошқарма») ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий бўлимлари тузилиши белгиланди.

Қарор Ўзбекистон Республикасининг валютани тартибга солиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш ҳамда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар механизмини янада тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.

Махсус бошқарманинг асосий вазифалари этиб қу-йидагилар белгиланди:

тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар томонидан чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китобларни олиб бориш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилиши мониторингини амалга ошириш ва назорат қилиш;

чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китобларни амалга оширишда валюта жиноятлари ва ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш ва чек қўйиш, шу жумладан, назорат хариди механизми воситаси орқали аниқлаш, аниқланган қоидабузарлик фактлари бўйича материалларни жиноят турига қараб қонунни муҳофаза қилиш органларига топшириш;

товарлар ва хизматлар учун нақд хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш бўйича аниқланган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона компьютер базасини яратиш ва юритиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик масалалари бўйича аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида кенг тушунтириш, профилактика ишларини олиб бориш.

Қарор билан, шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси марказий аппаратининг янгиланган тузилмаси ва ҳудудий Давлат солиқ бошқармаларининг, туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекцияларининг намунавий тузилмалари тасдиқланди. Мазкур қўмитага икки ҳафта муддат ичида Махсус бошқарма низомини тасдиқлаш, бир ой муддатда эса унинг ҳудудий бўлимларини юқори малакали кадрлар ва зарур моддий-техника базаси билан бутлашни ташкил қилиш топширилди.

 

ЎЗБЕКИСТОН ПАХТАСИГА ЮҚОРИ НАВ БЕРИЛАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2013 йилдаги 6-сон қарори билан 2013–2017 йилларда «Сифат» Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш марказини модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастури қабул қилинди. У пахта толасини сертификатлаш миллий тизимини динамик ва барқарор ривожлантиришни таъминлайди. Дастурда илғор асбоб-ускуналарни жорий этиш, пахта толаси сифатини баҳолашнинг халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган замонавий яхлит тизимини изчил шакллантириш ҳисобига ўзбек пахтасининг рақобатга бардошлигини ошириш ва харидорларнинг ишончини қозониш назарда тутилган.

Уни «Сифат» маркази пахта маҳсулотини сертификатлаш ва тарозида тортишга доир кўрсатилган хизматлар учун тушадиган, алоҳида субҳисобрақамида жамланган ўз маблағларидан молиялаштиради.

Дастур доирасида «Сифат» маркази пахта толаси сифатини баҳолаш учун синов ускуналари ва ёрдамчи қурилмалар паркини, НVI тизимлари паркини, ахборот тармоқлари ва технологияларини модернизациялаши ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаши шарт.

 

СУДЬЯЛАРНИНГ РАЗРЯДЛАРИ ЎЗГАРТИРИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 15.01.2013 йилдаги 11-сон қарори билан Президентнинг «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (2.08.2012 йилдаги ПФ-4459-сон) мувофиқлаштириш мақсадида ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 12.04.1996 йилдаги 147-сон қарорига ўзгартиришлар киритилди. Республика Конституциявий суди, Олий суди ва Олий хўжалик суди ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича разрядларига тузатишлар киритилди. Туманлараро, туманлар, шаҳарлар фуқаролик ишлари ва жиноий ишлар бўйича судлари, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича олий судлари, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари ва жиноий ишлар бўйича судлари, хўжалик судлари, вилоятлар маркази бўлган шаҳарлар (шаҳар, туманлараро) умумий юрисдикция судлари ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлашнинг Ягона тариф сеткаси бўйича разрядлари 2 бандга оширилди. 

 

БОЖХОНА ҚИЙМАТИ ЮЗАСИДАН МАЪЛУМОТЛАРГА ДОИР

Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 16.01.2013 йилда 899-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар божхона қийматини маълум қилиш ва назорат қилиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди. Божхона қийматига доир маълум қилинган маълумотларни тасдиқлаш учун зарур ҳужжатлар рўйхатидан ўров варақлари ва бошқалар чиқариб ташланди. Шу тариқа Қоидалар Президентнинг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон) мувофиқлаштирилди.

 

ЧИҚИНДИЛАРНИ  ЧИҚАРИШ УЧУН  МУТАХАССИС БЎЛИШ КЕРАК

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг буйруғи (АВ томонидан 16.01.2013 йилда 1626-5-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Йўловчилар ва юкларни автомобиль транспортида ташиш билан шуғулланаётган юридик шахсларнинг ходимларига ва юкларни автомобиль транспортида ташиш билан шуғулланаётган хусусий тадбиркорларга қўйиладиган малакавий талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Уларга мувофиқ қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни махсус ускуналар билан жиҳозланган автомобилларда чиқариш коммунал хизматлари кўрсатишда банд бўлган юридик шахсларнинг ташиш хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, мутахассислари малакаси ўрта махсус ва касбий таълим олганлиги ҳақидаги диплом, камида 3 йиллик иш стажи ёки ўрта маълумоти ҳақидаги диплом, камида 5 йиллик иш стажи ҳамда Агентликда аттестациядан ўтганлиги тўғрисида ижобий хулоса билан тасдиқланади. Аттестациядан ўтиш учун зарур ҳужжатлар рўйхатига ҳам тегишли қўшимчалар киритилган.

 

ДАВЛАТ СТАНДАРТИ БИЛАН СОЛИШТИРИНГ

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг буйруғи (АВ томонидан 17.01.2013 йилда 1561-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Нашрларни чоп этиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди. Энди нашрлардаги нашрга оид маълумотлар O’zDSt Давлат стандарти 2317:2012 «Нашрлар. Нашрга оид маълумотлар. Расмийлаштиришга доир умумий талаблар ва қоидалар»га мувофиқ тақдим этилиши шарт (илгари улар давлатлараро ДСТ («Нашрни босиб чиқаришга доир маълумотлар» 7.4-95) стандарти ҳамда Матбуот ва ахборот агентлигининг амалдаги меъёрий ҳужжатларига мувофиқ қўйилар эди).

 

МУҲРЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИНИ БИЛИНГ

Президентнинг «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг (16.07.2012 йилдаги ПФ-4453-сон) 8-бандига мувофиқ ички ишлар вазирининг буйруғи (АВ томонидан 18.01.2013 йилда 1077-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан «Муҳрлар ва штампларни тайёрлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғига ўзгартиришлар киритилди. Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ Низом эндиликда юридик шахслар, шунингдек тадбиркорлик субъектлари ҳисобланмайдиган жисмоний шахсларнинг муҳрлар ва штампларни тайёрлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бошқаради. У якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсни ташкил этмаган деҳқон хўжаликларига татбиқ этилмайди. Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрларни тайёрлаш, улардан фойдаланиш, сақлаш ва йўқ қилиш тартибига ҳам тааллуқли эмас.

2013 йил 28 январдан кучга кирди.

 

ШАКЛЛАР КАМАЯДИ

Молия вазирининг буйруғи (АВ томонидан 18.01.2013 йилда 1945-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан молия вазирининг «Суғурталовчиларнинг молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳужжат билан мулкчиликнинг барча шаклидаги суғурталовчилар тақдим этадиган молиявий ҳисобот ҳажмлари қисқартирилди. Чунончи, йил якунларига кўра суғурта компаниялари илгари белгиланган 6 та шакл ўрнига 4 тасини тўлдирадилар:

Бухгалтерия баланси (1-сонли шакл – суғурта);

Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот (2-сонли шакл – суғурта);

Пул оқимлари тўғрисида ҳисобот (4-сонли шакл – суғурта);

Хусусий капитал тўғрисида ҳисобот (5-сонли шакл – суғурта).

Чораклик ҳисобот энди Бухгалтерия баланси ва Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботдан иборат бўлади. Ундан Асосий воситалар ҳаракати тўғрисида ҳисобот (3-сонли шакл – суғурта) ҳамда Дебиторлик ва кредиторлик қарзлари ҳақида маълумотнома (2а-сонли шакл – суғурта) чиқариб ташланди.

Кичик корхона ёки микрофирма мақомига эга суғурталовчилар аввалгидек фақат йилда бир марта ҳисобот берадилар.

Суғурталовчиларнинг молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш қоидалари 2-параграф «Муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари расшифровкаси» (Бухгалтерия баланси – 1-сонли шакл – суғуртага илова) билан тўлдирилди. Расшифровкада суғурталовчининг ҳисобот даврининг охирги санасига мавжуд бўлган муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари акс эттирилиши керак. У суғурталовчида бухгалтерия баланси тузилаётган санада муддати ўтган қарзлар мавжуд бўлган ҳолдагина тўлдирилади.

2013 йил 28 январдан кучга кирди.

 

ЛИЦЕЙ ЎҚУВЧИСИ  УЧУН ТАЪТИЛ

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг қарори (АВ томонидан 17.01.2013 йилда 2413-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларига академик таътил бериш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Коллеж (лицей) ўқувчисига академик таътил ўқув йили мобайнида сурункали касаллиги сабабли бир ойдан ортиқ вақт давомида дарсларга қатнаша олмаган ўқувчининг саломатлигини тиклаш мақсадида 12 ой муддатгача берилади. Бунда академик таътил муддати ўтишининг бошланиши ўқувчи дарсларга қатнаша олмаётган кундан бошлаб ҳисобланади. Ўқувчига ўқиш давомида икки мартагача академик таътил берилиши мумкин.

Низомга илова сифатида Таълим муассасалари ўқувчиларига тиббий кўрсатмалар бўйича академик таътил беришга оид касалликлар рўйхати тасдиқланган. Академик таътил олиш учун ўқувчининг ота-онаси (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) таълим муассасаси директори номига ариза билан мурожаат қилади, унга ўқувчи доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси комиссиясининг хулосаси илова қилиниши лозим. Ўқувчи академик таътилга чиққан кундан бошлаб бир ой муддатгача ўқувчининг ота-онаси (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) академик таътилни бекор қилиш ва уни ўқишга қайтаришни сўраб таълим муассасаси директорига ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Агар академик таътил даврида ўқувчи ўқиган таълим йўналиши (мутахассислиги) тугатилган бўлса, ўқувчини шу таълим муассасаси ёки бошқа таълим муассасасига ўқишини мос ва турдош йўналиши (мутахассислиги) бўйича кўчириш масаласи ҳам ариза билан бирга кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши лозим.

2013 йил 27 январдан кучга кирди.

Тақдим этилган ҳужжатларга қисқача

шарҳларни эксперт-юристларимиз

Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.

Прочитано: 2776 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2015-04-29 13:22:47, Гость_Зилола:
спасибо очень полезно это всё знать для нас бухгалтеров.Спасибо очень рада.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика