Norma.uz

Магистр учун янги қоидалар

Талабалар магистратурада таълим олишнинг янги қоидалари тасдиқланганлиги тўғрисида гапиришяпти. Бу борада матбуотда ҳеч қандай ҳужжатларни учратмадик. Ана шу гап-сўзлар ҳақиқатга қанчалик тўғри келади?

Агар шундай ҳужжат қабул қилинган бўлса, у магистрлик унвонини олиш тартибига қандай ўзгартиришлар киритади?

Р.Назаров, талаба.

– Ҳақиқатан ҳам, ўтган йилнинг охирида олий таълим муассасаларининг магистрлик бўлинмаларида ўқишга доир талабларни тубдан ўзгартирадиган янги ҳужжат кучга кирди. Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўз буйруғи билан (АВ томонидан 18.12.2012 йилда 2405-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 2012 йил 28 декабрдан кучга кирган) янги Магистратура тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Унда магистрант талабанинг шахсий календарь иш режаси намунавий шакли келтирилган. Унга 4 қисмдан (ўқув ва ўқув-услубий ишлар; илмий-тадқиқот ишлари; илмий-педагогик ишлар ва малакавий амалиёт фаолияти) иборат иш режаси ва магистрлик диссертациясини бажаришнинг календарь режаси киради. Энди талаба амалиёт бўйича алоҳида кундалик юритиш ва унга доир ҳисобот топшириш мажбуриятидан озод қилинган (илгари олий ўқув юртида талабаларнинг педагогик ва малакавий амалиётини назорат қилиш учун унинг раҳбари тайинланган, у ҳар ҳафтада кафедра мажлисида амалиётни ўташ ҳисоботини тақдим этган, талаба эса уни тугатгандан кейин кафедрага амалиёт бўйича кундалик ва ҳисобот топширган). Бироқ талаба иш режасининг бажарилиши бўйича ҳар ойда (илгари – семестрда 2 марта) кафедра йиғилишида ҳисобот бериши керак.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги апрель-май ойларида талабалар фаолиятининг самарадорлиги мониторингини олиб бориши керак. Хусусан, у 1-курсда битта илмий мақола ёки тезис, 2-курсда камида 2 та илмий мақола ёки тезис чоп эттириши лозим. Мониторинг натижалари бўйича олий ўқув юрти талабанинг иш режасига (бундан битирувчи курслар мустасно) ўзгартиришлар киритади.

Магистрлик диссертацияларини тайёрлаш ва ҳимоя қилишга талаблар белгиланди. Энди диссертация мавзуси тасдиқланади ва илмий раҳбарлар 1-ўқув йилининг октябрь-ноябрь ойларида ректор буйруғи билан тайинланади (илгари диссертация ишларининг мавзулари талабаларга биринчи ўқув йили иккинчи семестрининг дастлабки 2 ҳафтасида тақдим этилган). Ушбу маълумотлар олий таълим муассасасининг сайтида жойлаштирилади. Улар ўзгарган тақдирда эса сайтда бир ҳафта ичида янгиланади.

Низомда магистрлик диссертациясининг титул варағи, аннотацияси, мундарижаси ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатининг намунавий шакли келтирилган.

Диссертациянинг асосий қисми камида 3 бобдан иборат бўлиши керак. Унда тадқиқотнинг асосий масалалари тўлиқ ёритилади ва унинг натижалари бўйича қилинган хулосалар келтирилади. Хулосада тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти, тадқиқот муаммосининг ечими кўрсатилиши лозим. Ушбу қисм 4 саҳифадан ошмаслиги керак.

Иловаларнинг ҳажми диссертация умумий ҳажмининг 1/3 қисмидан ошмаслиги лозим. Диссертациянинг энг кўп ҳажми (титул варақ, мундарижа, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалардан ташқари) 80 бетдан ошмаслиги керак.

Аввал бўлганидек, диссертация иши талаба ўқиган тилида, шунингдек кафедра ёки магистратура бўлими тавсиясига мувофиқ чет тилида ҳам ёзилиши мумкин. Чет тилида бажарилган диссертацияга давлат тилида аннотация илова этилади ҳамда дастлабки ва расмий ҳимоялар таржима билан ўтказилади.

Дастлабки ҳимояга қадар талаба диссертация мавзусига доир камида 2 та илмий мақола ёки тезисни чоп эттириши керак. Унинг илмий раҳбарнинг ёзма фикри, ички ва ташқи тақризчининг тақризига эга бўлиши талаб этилади. Тақризлар белгиланган дастлабки ҳимоя санасидан камида 3 кун олдин талабага тақдим этилиши керак. Талаба диссертацияни дастлабки ҳимоя санасига қадар кафедрага босма муқоваланган ҳамда электрон шаклда тақдим этиши лозим.

Дастлабки ҳимоядан ўтган диссертацияларнинг аннотациялари талабанинг Ф.И.Ш. кўрсатилган ҳолда олий таълим муассасасининг расмий сайтида 1 ҳафта муддатда эълон қилинади. Аннотация ҳажми 200 сўздан ошмаслиги лозим.

Дастлабки ҳимоядан ўтмаган, шунингдек узрсиз сабабларга кўра диссертацияларни расмий ҳимояга тақдим этиш муддати ва тартибини бузган талабалар расмий ҳимояга киритилмайди. Агар диссертация расмий ҳимояга қўйилмаган ёки унга қониқарсиз баҳо қўйилган тақдирда талаба уни кейинги 3 ўқув йили давомида қайта ҳимоя қилиши мумкин. Ушбу муддат ўтгандан сўнг диссертацияни қайта ҳимоя қилишга рухсат берилмайди.

Расмий ҳимоядан ўтган диссертациялар олий таълим муассасасида камида 10 йил сақланади.

Расмий ҳимоядан ўтмаган диссертациялар илмий раҳбар иштирокида илмий кенгаш йиғилишида муҳокама этилади. Агар Кенгаш диссертациянинг ҳимоядан ўтмаганлигига илмий раҳбарнинг камчиликлари ёки масъулиятсизлиги оқибатида йўл қўйилган деб қарор қилган бўлса, ушбу илмий раҳбар диссертацияларга илмий раҳбарлик қилиш ҳуқуқидан 3 йилгача бўлган муддатга маҳрум этилиши мумкин.

Сардор ЖУМАШОВ,

                                                                                                                                             эксперт-юристимиз.

Прочитано: 3802 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика