Norma.uz

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

СУД ИЖРОЧИЛАРИ ТОИФАЛАРГА ЭГА БЎЛДИЛАР

Президентнинг 29.12.2012 йилдаги ПҚ-1900-сон қарори Суд қарорларини ижро этиш департаменти фаолияти самарадорлигини янада ошириш ва суд ижрочилари меҳнатини рағбатлантиришни такомиллаштиришга йўналтирилган.

Бажарилаётган ишларнинг мураккаблиги, ҳажми ва самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда суд ижрочиларининг туман (шаҳар) бўлимларига 1, 2 ва 3-тоифалар бериш тизими жорий этилди.

 

Тоифа

Бажарилаётган ишларнинг мураккаблиги, ҳажми ва самарадорлиги

1-тоифа

Ижро ҳужжатларининг қртача йиллик ҳажми 15 мингтадан ортиқ, 250 мингдан ортиқ аҳолиси бқлган ҳудудга хизмат кқрсатувчи суд ижрочиларининг шаҳар ва туман бқлимлари

2-тоифа

Ижро ҳужжатларининг қртача йиллик ҳажми 8 мингтадан ортиқ ҳамда 100 мингдан 250 минггача аҳолиси бқлган ҳудудга хизмат кқрсатувчи суд ижрочиларининг туман бқлимлари

3-тоифа

Суд ижрочиларининг бошқа бқлимлари

 

Қарор билан тоифалаштирилган бўлимлар рўйхати тасдиқланди. Чунончи, Нукус шаҳридаги суд ижрочилари бўлими 1-тоифага, Қўнғирот туманидагиси – 2-тоифага, Тахиатош шаҳридагиси эса – 3-тоифага мансуб.

2013 йил 1 январдан бошлаб 1-тоифадаги туман (шаҳар) бўлимлари суд ижрочиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тариф разряди 2-тариф разрядига, 2-тоифадаги бўлимларда – 1-тариф разрядига оширилди. Ижро ҳужжатлари бўйича ундирилаётган маблағларнинг давлат даромадига қайтарилиши бўйича иш самарадорлиги учун суд ижрочиларининг лавозим маошига ойлик устама ҳақи миқдорлари белгиланди.

Суд департаменти марказий аппаратида суриштирув (суд қарорини бажармасликка, банд солинган мол-мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этишга, шунингдек вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни, ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлашга доир) ва маъмурий амалиёт бўлимлари, ахборот таъминоти ва мол-мулкни қидирув бўлими, шунингдек унинг ҳудудий (вилоят) бошқармаларида тегишли секторлар ташкил этилади.

 

ИПОТЕКА КРЕДИТИ ОЛГАНЛАРГА ИМТИЁЗ БЕРИЛДИ

Президентнинг 4.01.2013 йилдаги ПҚ-1902-сон қарори билан Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2013 йилги дастури тасдиқланди.

У республика тижорат банкларининг ва Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли ипотека кредитларини ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг мақсадли кредит линиясини жалб қилиш йўли билан амалга оширилади. Уй-жойларни қуриш давомида транспорт коммуникациялари ва ташқи муҳандислик тармоқлари, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари қурилади.

Қарор билан белгиланганидек, 2013 йил 1 январдан жисмоний шахслар, ушбу Дастур доирасида, ипотека кредитини тўлаб бўлмагунга қадар, харид қилинган уй-жойлар бўйича мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинадилар.

 

СУДЬЯЛАР ҚАНДАЙ ТАНЛАНАДИ?

Президентнинг 29.12.2012 йилдаги Ф-3949-сон Фармойиши билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тўғрисида низомнинг янги таҳрири тасдиқланди.

Ушбу Комиссия умумий юрисдикция судлари ва хўжалик судларининг судья кадрларини танлайди, тайёрлайди ва илгари суради, улар захирасини шакллантиради ва ҳар йили янгилайди. Судьяликка номзодлар захирасига 30 ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга эга, юридик ихтисослик бўйича камида 5 йиллик иш тажрибаси бўлган, салмоқли ҳаётий тажриба, обрў-нуфузга эга бўлган, тайёргарлик кўрган, юқори малакали юристлардан бўлган Ўзбекистон фуқаролари киритилиши мумкин.

Низом билан номзодларни илгари суриш, захирадагиларни ўқитиш тартиби ва судьяларни тайёрлашга оид бошқа масалалар белгиланган.

 

АЁҚШлар ЧЕГИРМА ҚИЛА ОЛАДИЛАР

Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига мувофиқ 2013 йил 1 январдан бошлаб «Ўзнефтмаҳсулот» АК нефть базалари автомобиль бензини ва дизель ёқилғисини автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига чегирмани ҳисобга олган ҳолда чакана нархларда реализация қилади. Ушбу чегирма Вазирлар Маҳкамасининг 30.12.2012 йилдаги 375-сон қарорига мувофиқ «Ўзнефтмаҳсулот» АК нефть базалари АЁҚШларга реализация қиладиган автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси чакана нархининг 12%ини ташкил этади.

 

ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА БАҲО ҚЎЯДИЛАР

Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2012 йилдаги 371-сон қарори билан республика олий таълим муассасаларининг илмий ҳамда педагогик фаолияти даражаси ва сифатини ошириш мақсадида 2013 йилдан бошлаб олий таълим муассасалари рейтингини баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Республика олий таълим муассасалари рейтингини тузиш ва уни баҳолаш функцияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига юкланди, қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

олий ўқув юртларининг илмий-педагогик фаолияти даражаси ва сифатини характерловчи маълумотларни тизимли равишда тўплаш ва маълумотлар базасини шакллантириш, олинган кўрсаткичларни ишлаб чиқилган мезонларга мувофиқ баҳолаш асосида республика олий таълим муассасалари рейтингини ҳар йили тузиш;

рейтинг тузиш услубиятини такомиллаштириш;

рейтинг баҳолари асосида республикада олий таълимни ривожлантиришнинг ҳолати тўғрисида ҳар йилги таҳлилий ахборотни тайёрлаш ва уни янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

олий таълим муассасалари рейтинги натижаларини ҳар йили 1 мартгача чоп этиш ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш.

 

ЯРМАРКА СОЛИҚ СОЛИНАДИГАН БАЗАНИ КАМАЙТИРАДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 30.12.2012 йилдаги 377-сон қарори билан истеъмол бозорини максимал қондириш ва уни юқори сифатли, рақобатбардош маҳаллий товарлар билан бойитиш мақсадида замонавий маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари кўргазма-ярмаркаларини ўтказиш маъқулланди.

Кўргазма-ярмаркаларни Ташкилий қўмита ўтказади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уларни ўтказиш учун зарур шарт-шароитларни, шу жумладан зарур савдо-кўргазма ускуналари билан жиҳозланган савдо мажмуаларида хоналарни бепул ажратиш йўли таъминлаш топширилди.

Бунда хўжалик юритувчи субъектлар қилган харажатлар юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдасини аниқлашда чегириладиган реклама харажатларига киради.

 

СОЛИҚЧИЛАР ҚАРЗЛАРНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРАДИЛАР

Вазирлар Маҳкамасининг 4.01.2013 йилдаги 1-сон қарори билан айрим ҳукумат қарорларига уларни Вазирлар Маҳкамасининг «Умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (24.10.2012 йилдаги 307-сон) мувофиқлаштириш учун ўзгартиришлар киритилди.

Чунончи, янгиланган Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 3.07.1999 йилдаги 327-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган тугатилаётган корхоналарнинг маблағлари ва мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда, уларнинг бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий тўловлар бўйича тўланмаган қарзлари давлат солиқ хизмати органлари томонидан умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш учун белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади (илгари ДСҚ тақдимномасига кўра Ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича ҳукумат комиссияси қарор қабул қилар эди). Шу сабабли ҳисобдан чиқарилган умидсиз солиқ қарзи суммаларининг ҳисобини энди Ҳукумат комиссияси эмас, ДСИ юритади.

Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустақкамлаш бўйича Республика комиссиясининг ваколатларига ҳам тузатишлар киритилди. Энди у хўжалик юритувчи субъектларнинг умидсиз дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг статистика ҳисобини алоҳида юритиш масалаларини кўриб чиқади (илгари қарз борасидаги қарорларни Комиссиянинг ўзи қабул қиларди).

 

ОБОДОНЛАШТИРУВЧИЛАР ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 10.01.2013 йилдаги 4-сон қарори билан республиканинг шаҳар ва туманларида фаолият юритувчи ободонлаштириш ташкилотлари (бўлинмалари) қайта ташкил этилиб, улар негизида ободонлаштириш бошқармалари барпо этилди.

Уларнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

кўчалар, скверлар, хиёбонлар, ёдгорлик мажмуалари ва умумий фойдаланиладиган бошқа кўкаламзор зоналарни кўкаламзорлаштириш, дов-дарахтларни парвариш қилиш, уларнинг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш; йўл-кўприк хўжалигини ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш; дренаж хўжалигини ва фаввораларни сақлаш, мукаммал, жорий таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар; электр энергиясини тежаш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларни жорий этган ҳолда йўллар ва кўчаларнинг ташқи ёритиш тармоқларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар; назоратсиз, шу жумладан эгасиз итлар, мушуклар ва йирт­қич ҳайвонларни ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда тутиш ва давлат ветеринария бўлимларига олиб келиш; дафн этиш жойлари (қабристонлар) ва қабр устига ўрнатилган ёдгорликларни сақлаш ва улардан фойдаланиш; мавсумий талабларни ҳисобга олган ҳолда ободонлаштириш объектларини санитария жиҳатидан тозалаш.

Қарор билан Шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармалари тўғрисида намунавий низом тасдиқланди.

 

АКЦИЗ МАРКАЛАРИ УЧУН БОСМА ФАБРИКАГА

Молия вазирлиги, ДСҚ ва ДБҚнинг қарори (9.01.2013 йилдаги 589-7-сон) билан Ўзбекистон Республикасида тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркаларини қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома Президентнинг «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (16.07.2012 йилдаги ПФ-4453-сон) мувофиқлаштирилди.

Ўзгартиришлар билан белгиланишича, маркаланадиган акцизли маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар эндиликда «Давлат белгиси» ДИЧБнинг Тошкент босма фабрикасига турлари бўйича акцизли маркаларнинг зарур миқдорини харид қилишга буюртманома билан, унинг ҳисобварағига алкоголли маҳсулот учун акциз маркалари буюртирилаётган миқдори номинал қийматининг 50%и ва тамаки маҳсулотлари учун акциз маркаларининг тўлиқ номинал қийматини ўтказгандан кейин, бевосита мурожаат этишлари мумкин (илгари улар ўз ДСИларига буюртма ва акциз маркалари номинал қийматининг 50%и тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан мурожаат қилишлари, фақат буюртирилаётган миқдордаги акциз маркалари ҳисобга қабул қилинганлиги ҳақида буюртманомага белги қўйилгандан кейин «Давлат белгиси» ДИЧБ босма фабрикасига мурожаат қилиш мумкин эди).

Акциз маркаларини олиш тартибига ҳам тузатиш киритилди. Эндиликда «Агробанк» ОАТБнинг минтақавий бўлинмалари уларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга берадилар, импортчиларга эса уларни аввалгидек ДБҚ ҳудудий органлари берадилар. Акциз маркаларини Ўзбекистондан олиб чиқишга ДБҚ ҳудудий органларининг рухсатномасини олиш талаби бекор қилинди. Импорт қилинадиган акцизли товарларни импортчилар акциз маркалари сотиб олинган ва рўйхатдан ўтказилган минтақагагина божхона расмийлаштируви учун олиб кирадилар.

Акцизли товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ва импортчиларнинг акциз маркалари ҳаракати тўғрисида ҳисобот тақдим этиш муддати ҳам ўзгартирилди. Эндиликда у ДСИ ёки ДБҚ ҳудудий органига ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 5-кунидан кечиктирмай тақдим этилади (илгари ўтган ойдан кейинги ойнинг ҳар биринчи кунида тақдим этилар эди).

2013 йил 19 январдан кучга киради.

 

Елена ЕРМОХИНА, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 948 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика