Norma.uz

2012 йил учун йиллик ҳисобот тайёрлаймиз

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат

Ўзгартиришлар

МЕҲНАТ ВА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори (30.12.2011 йилдаги ПҚ-1675-сон).

2012 йилнинг 1 январидан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлаш Ягона тариф сеткасининг бошланғич разряди биринчи разряд ҳисобланади, нолинчи разряд бекор қилинади. ЭКИҲ 79 590 сўм ва тариф коэффициенти 2,476 (ЯТС бўйича 1-разряд) бўлганда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 197 064,84 сўмни ташкил этади (2012 йил 1 январгача меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори белгиланган ЭКИҲдан паст бўлмаслиги керак эди).

Президентнинг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони (5.07.2012 йилдаги ПФ-4450-сон).

 

Президентнинг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони (9.11.2012 йилдаги ПФ-4482-сон Фармони).

2012 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:

иш ҳақи – ойига 72 355 сўм;

ёшга доир пенсиялар – ойига 141 520 сўм;

болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 141 520 сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 86 835 сўм миқдорида белгиланди.

2012 йилнинг 1 декабридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:

иш ҳақи – ойига 79 590 сўм;

ёшга доир пенсиялар – ойига 155 670 сўм;

болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 155 670 сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 95 520 сўм миқдорида белгиланди.

Дала шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга дала устамаси тўлаш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 2.07.2012 йилдаги 190-сон қарори билан тасдиқланган).

2012 йил 2 июлдан кучга кирди.

Дала шароитларида геология-қидирув, топография-геодезия, лойиҳа-изланиш, илмий-тадқиқот ишларини ҳамда бошқа ишларни бажарадиган ташкилотлар (корхоналар) ходимларига дала устамаси тўлашнинг умумий тартибини ва миқдорларини белгилаган. Геология-қидирув, топография-геодезия, лойиҳа-изланиш ва бошқа ташкилотлар (корхоналар)га бевосита уларнинг базавий дала шаҳарчаларида хизмат кўрсатиш учун махсус ташкил этилган мактаблар, тиббиёт, маданий-маърифий, мактабгача таълим муассасалари ва бошқа ёрдамчи бўлинмалар ходимлари ҳам уни олишга ҳақли. Ўз ходимларига дала устамаси тўлаш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар рўйхати мансублиги бўйича вазирликлар ва идоралар томонидан, вазирликлар ва идоралар таркибига кирмайдиган ташкилотлар (корхоналар) томонидан эса – мустақил равишда (Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишган ҳолда) тасдиқланади. Дала устамаси дала ишлари амалга оширилаётган жойда ҳақиқатда бўлинган календарь кунлар учун, шунингдек вақтинчалик ишга лаёқатсиз бўлган даврда, давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш вақтида тўланади.

У ходимларга, эгаллаб турган лавозими ва ойлик маошидан қатъи назар, белгиланган ЭКИҲга нисбатан миқдорларда (коэффициентларда), бироқ ҳар ойда ЭКИҲнинг 3 бараваридан ортиқ бўлмаган ҳолда қуйидаги миқдорларда тўланади:

кунига 0,15 – дала шароитларида бевосита дала ишлари амалга ошириладиган объектларда ишлаганда;

кунига 0,03 – ташкилотлар (корхоналар)нинг базавий дала шаҳарчаларида ишлаганда.

Ташкилотлар (корхоналар)нинг жамоа шартномаларида дала устамаси белгиланган миқдорлардан ортиқ миқдорда назарда тутилиши мумкин.

Нормалардан ортиқ миқдорда тўланадиган дала устамаси компенсация тўловлари сифатида ходимнинг даромадига қўшилади ва уларга ЖШДС солинади (СК 174-моддасининг 8-банди), солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегирилмайди
 (СКнинг 147-моддаси), 2012 йил 1 январдан ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари солинади.

Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низом (соғлиқни сақлаш вазирининг АВ томонидан 29.08.2012 йилда 2387-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).

2012 йил 8 сентябрдан кучга кирди.

Низом билан ташкилотларда ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби, даврийлиги, шунингдек дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш зарур бўладиган ишлар рўйхати белгиланган.

Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда

ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида

низом (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган). 2012 йил 18 октябрдан кучга кирди.

Ўриндошларни ишга қабул қилиш, уларнинг меҳнати ва дам олишига ҳақ тўлаш тартиби белгиланди, уларни қабул қилиш учун чекловлар белгиланди, ўриндошлик бўйича ишлар деб ҳисобланмайдиган ишлар рўйхати белгиланди.

Хусусан, қуйидагиларнинг ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади:

18 ёшга тўлмаган шахслар;

агар шахснинг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш;

Президент Девони ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, ЎзР Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;

бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари – соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (ходимлар).

Ўриндошлик асосида ишловчи билан меҳнат муносабатлари Меҳнат кодекси билан тартибга солинади. Ўриндошни ишга қабул қилиш, ҳужжатларни расмийлаштириш, меҳнатга, дам олишга ҳақ, нафақалар ва бошқа тўловларни тўлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.

МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТ ВА БОШҚАЛАР

2012 йил 1 январь ҳолати бўйича асосий фондлар, ўрнатиладиган ускуналар ва қурилиши тугалланмаган объектлар қийматини (уларни харид қилиш, тайёрлаш, қуриш даврлари бўйича) қайта баҳолаш индекслари.

2012 йил 1 январь ҳолати бўйича асосий фондлар қийматини қайта баҳолаш индекслари Давлат статистика қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган. Улардан қайта баҳолашни индекс усули билан ўтказадиган корхоналар мол-мулкни мажбурий қайта баҳолаш пайтида фойдаланадилар. («Норма маслаҳатчи»нинг 29.12.2011 йилдаги 52 (337)-сонида эълон қилинган).

ДСҚнинг «Кассир-операциячининг назорат-касса дафтари шакли ва уни тўлдириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (АВ томонидан 9.01.2012 йилда 2309-сон билан рўйхатдан ўтказилган), АВ томонидан 16.02.2012 йилда 2309-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарор билан киритилган ўзгартиришлар билан. 2012 йил 19 январдан кучга кирди.

Кассир-операциячининг назорат-касса дафтарининг шакли тасдиқланди. Уни аҳоли билан фискал хотирали назорат-касса машиналарини қўллаган ҳолда нақд пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар мажбурий равишда тўлдиришлари керак. Кассир-операциячининг назорат-касса дафтарини тўлдириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (2012 йил 26 февралдан кучга кирди).

Президентнинг «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини  тубдан қисқартириш чора-тадбирлари

тўғрисида»ги Фармони (16.07.2012 йилдаги ПФ-4453-сон).

Фармон билан тақдим этиладиган молиявий ҳисобот шакллари сони қисқартирилди. Дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрисидаги маълумотнома (2а-сон шакл) бекор қилинди. Унинг ўрнига бухгалтерия балансига муддати ўтган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари суммалари кўрсатиладиган илова қўшилди.

Кичик корхоналар жумласига кирмайдиган корхоналар ҳам 2012 йилги молиявий ҳисобот таркибида асосий воситалар ҳаракати тўғрисида ҳисобот (3-сон шакл) тақдим этишлари керак эмас.

АВ томонидан 11.10.2012 йилда 1209-5-сон билан рўйхатдан ўтказилган МВ буйруғи билан МВнинг «Молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғига (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган) тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Президентнинг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон).

2012 йил 1 августдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароитларни янада яхшилашга йўналтирилган бир қатор ўзгартиришлар жорий қилинди:

фаолиятни рўйхатдан ўтказиш ва амалга ошира бошлаш бўйича;

шартномавий муносабатлар ва шартномалар шартларини бажариш учун жавобгарлик соҳасида ва б.

Хусусан, 1 августдан бошлаб:

давлат рўйхатидан ўтгунга қадар устав капиталини қисман тўлаш талаби бекор қилинди (барча хўжалик юритувчи субъектлар учун, кредит ташкилотлари бундан мустасно). Илгари муассислар давлат рўйхатидан ўтиш пайтигача устав капиталидаги ўз улушларининг камида 30%ини тўлашлари шарт эди;

тадбиркорлик субъектлари учун имзолар намуналарини нотариал тасдиқлаш ва микрофирмалар карточкаларида иккинчи имзо намунаси (бухгалтерники) бўлиши талаби бекор қилинди;

хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб-китоб рақамларидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш бўйича солиқ органлари қўйган инкассо талабномаларининг ижроси суд ижрочилари кучга кирган суд қарорларига мувофиқ худди шу қарзни сўндириш бўйича ўхшаш талаблар қўйганда бекор қилинди.

«Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда

аралашганлик учун жавобгарлик жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги

кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун (11.09.2012 йилдаги ЎРҚ-333-сон).

Қонун билан хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, яъни қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатлар берилмаган мансабдор шахс ёхуд бошқа шахс томонидан ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини қасддан текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) текширишлар ўтказиш, ушбу субъектларнинг фаолиятини ва (ёки) банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳолларда бундай шахс томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақларида пул маблағлари бор-йўқлиги ҳақида ахборот талаб қилиб олиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Прочитано: 1767 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика