Norma.uz

Энергетикларнинг нурли прогнозлари

2012 йилда «Ўзбекэнерго» ДАК электр станцияларни модернизациялаш ва реконструкция қилиш бўйича 38 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширди. Янги йил арафасида Республика матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида компания фаолиятининг ана шу ва бошқа кўплаб устувор йўналишлари тўғрисида сўз борди. Унда компания таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.

Иқтисодиётнинг энг муҳим секторларидан бири бўлган энергетика кўп жиҳатдан ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ривожланиш тузилмасини белгилайди. Мамлакатнинг асосий молиявий-иқтисодий кўрсаткичларини шакллантириш кўп даражада энергетика тармоғининг ҳолати ва ривожланишига боғлиқ. Шу сабабли бундай ҳажмдаги учрашувлар доимо журналистларда жуда катта қизиқиш уйғотган. Бу гал ҳам зал қизиқувчилар билан тўла бўлди.

ЛЭП-500 ВА БОШҚА МУРАККАБ ЛИНИЯЛАР

«Ўзбекэнерго» ДАКнинг раис ўринбосари Рўзиқул РАИМОВнинг маълум қилишича, бугунги кунда электр энергиясининг катта қисми саноат корхоналари ва аҳолига йўналтириляпти – тегишинча 39,2% ва 27,3%. Қишлоқ хўжалиги 23,1%ни истеъмол қилади. Қолган электр энергияси коммунал-маиший хизмат ва транспорт, қурилиш ташкилотларига етказиб бериляпти.

Ҳозирги вақтда республикада йилига 50 млрд кВт-соатдан кўп электр энергияси ишлаб чиқариляпти. 2012 йилнинг биринчи ярмида «Ўзбекэнерго» корхоналари истеъмолчиларни 21,3 млрд кВт-соат электр энергияси ва 4,3 млн Гкал иссиқлик энергияси билан таъминлади. Компаниянинг маҳсулотини тўғридан-тўғри шартномалар бўйича чегарадош давлатларга экспорт қилиш прогнозларидан деярли бир ярим баравар кўп бўлди, лойиҳа-тадқиқот ва қурилиш-монтаж ишларини ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатилди.

Р.Раимов компаниянинг инвестиция фаолиятини батафсил ёритди. Ишларнинг миқёси ва динамикаси тўғрисида журналистлар учун тақдимот фильми намойиш этилди. 2012 йилда Толимаржон ИЭС кенгайтирилди, бу ерда қуввати 450 МВт дан бўлган иккита буғ-газ қурилмаси барпо этилди. Ангрен ИЭСда энергоблокнинг қуввати 130–150 МВт бўлган кўп кул чиқадиган кўмирни ёқиш қурилмаси қурилиши тугалланди. Сирдарё ва Янги Ангрен ИЭСлари ўртасида 500 кВ лик электр узатиш ҳаво линияси ўтказилди. Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилди. Янги Ангрен ИЭСда 1–5-блоклар кўмирни куну-тун ёқишга ўтказилди. Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида 220 кВ лик «ПС Чопонота – Суғдиёна – Бобур» ҳаво линияси фойдаланишга топширилди. Улар «MAN» автозаводи ва «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК объектларини электр энергияси билан тўлиқ таъмирлайди. 239,13 млн АҚШ доллари суммасидаги 7 та инвестиция лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жам-ғармасини жалб этган ҳолда амалга ошириляпти. Улар пойтахтимизда ток трансформаторлари, «Навоий» МИИЗда электрон ҳисоблагичлар ишлаб чиқаришни назарда тутади.

Р.Раимов йиғилганларга ўтган йилнинг октябрида Навоий ИЭСда қуввати 478 МВт бўлган буғ-газ қурилмаси (БГҚ) фойдаланишга топширилганлигини маълум қилди. Ҳозирда «Ўзбекэнерго» ДАК мутахассислари унинг қувватини босқичма-босқич кўпайтиряптилар. Унинг тўлиқ ишга туширилиши Самарқанд ва Бухоро вилоятларида қўшимча равишда 1,7 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилишини таъминлайди, газ сарфини йилига 359 млн куб метрга камайтиради.

Қишлоқ аҳолиси учун ташқи электр таъминоти объектлари қурилишида 2012 йилнинг 11 ойида 14,8 млрд сўм ўзлаштирилди, трансформатор пунктларининг 176 комплекти ўрнатилди ва 144 км узунликда 0,4–10 кВ лик электр узатиш линиялари қурилди.

 

НАВОИЙ ИЭСни МОДЕРНИЗАЦИЯЛАШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ ТЎҒРИСИДА

Лойиҳани амалга ошириш гуруҳининг раҳбари Санжар АБДУРАҲМОНОВнинг маълум қилишича, Президентнинг 27.12.2011 йилдаги ПҚ-1668-сон қарорини бажариш йўлида Навоий ИЭСни кенгайтириш учун қуввати 450 МВт бўлган (газ сиқувчи компрессор станциясини ҳисобга олганда) иккинчи буғ-газ қурилмасини қуриш давом этяпти. 2012 йил октябрида Кармана тумани ҳокимлиги ва «Навоий ИЭС» ОАЖ маъмурияти «Ўзбекэнерго» ДАК вакиллари ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) инвесторларининг ҳудудида 450 МВт лик БГҚ қурилиши режалаштирилаётган Уйрот қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашувини ташкил қилдилар. Унда, хусусан, сўз лойиҳанинг экологик хавфсизлиги тўғрисида борди. JICA вакили атроф муҳитни ҳимоя қилиш ва буғ-газ қурилмаси қурилиши ва у топширилгандан кейин мунтазам мониторинг ўтказиш режаси тўғрисида ҳикоя қилди. У назорат қилувчи параметрларнинг – чанг босишлар, ҳавонинг газ билан ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар даражаси, ҳаво ҳавзаси ва ҳовузларга ташланмаларнинг – прогноз кўрсаткичлари тўғрисида маълумот берди. Мамлакатимиз меъёрларининг қабул қилинган халқаро стандартлар билан қиёсий маълумотларини тақдим этди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг таклифига кўра JICA лойиҳанинг тахмин қилинаётган кредитори ҳисобланади. Учрашув Агентликнинг дастури билан режалаштирилган. Бундай тадбирлар халқаро банклар ва бошқа молиявий институтлар амалиётида мажбурий ҳисобланади. 450-БГҚ қурилишини молиялаштириш учун JICAнинг имтиёзли кредитини ажратиш тўғрисида узил-кесил қарор 2013 йил мартда, текшириб чиқиш дастурига кўра барча таомиллар тугалланганидан кейин қабул қилинади.

Бугунги кунда барча зарур инспекцияларнинг розилиги, шу жумладан қурилишнинг дастлабки техник-иқтисодий асосланмаси бўйича Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ижобий хулосаси ҳам олинган. Вилоят ва туман ҳокимликларининг қарорлари билан қурилиш учун ер участкалари ажратилган ва оилаларни кўчириш масалалари ҳал қилинган, мустақил консалтинг ташкилотлари қолган уй хўжаликларининг турар жой иморатларини баҳолаяптилар. У тугалланганидан кейин «Ўзбекэнерго» ДАК пул компенсацияларини тўлайди ва фақат шундан кейин лойиҳани амалга ошириш бўйича тендер савдолари амалга оширилади.

 

МАМЛАКАТИМИЗ ШАМОЛ ЭНЕРГЕТИКАСИНИНГ «БИРИНЧИ ҚАЛДИРҒОЧИ»

Р.Раимов қурилиши 2012 йил якунида тугалланган тажриба шамол энергоқурилмасини ана шундай атади. Лойиҳани «Ўзбекэнерго» ўзининг молиявий маблағлари ҳисобидан Бўстонлиқ туманининг Юбилей қўрғонида амалга оширяпти. Шамол қурилмасининг параметрлари катта таассурот қолдиради:

қуввати – 750 кВт, баландлиги – 65 метр, парраклари қулочи – 50 метр, минора асосининг диаметри – 3,6 метр. Бундай ҳажмдаги объект нафақат республикамизда, балки Марказий Осиёда ҳам биринчи марта барпо этилмоқда.

Шамол энергоқурилмаси қурилишидан аввал кўп босқичли иш олиб борилди. Бир йил мобайнида махсус қурилган метеомачта ёрдамида шамол генератори ўрнатиладиган жойда шамолнинг қуввати ва йўналиши, минтақанинг ҳарорат режими, ушбу соҳада илғор мамлакатлар – Германия, Дания, Норвегия, Жанубий Корея ва Хитойнинг тажрибаси ўрганилди.

2011 йилда фойдаланишга тахт қилиб топшириладиган 750-шамол энергоқурилмаси қурилишига танлов ўтказилди. Унинг натижаларига кўра Хитойнинг «Xianelectricengineering» компанияси билан шартнома тузилди. Компания бош пудратчи ҳисобланиб, технологик ускуналар етказиб берди. Айтиш жоизки, етказиб бериш Хитойдан Ўзбекистонгача бўлган 2 300 км масофага иккита автотранспорт воситасида амалга оширилди. Йўналиш бўйича уни етказиб бериш ҳажмлари туфайли кўприк иншоотларининг қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.

Шамол энергоқурилмаси «Ўзбекэнерго» ДАК томонидан электр энергияси ишлаб чиқаришнинг ноанъанавий манбаларидан фойдаланиш бўйича старт майдончасига айланади.

 

ЧИРОҒИНГИЗ ЎЧМАСИН

«Ўзбекэнерго»нинг тақдимотлари якунланганидан кейин ОАВ вакиллари аҳолининг электр таъминотига тааллуқли бўлган кўпдан-кўп саволлар бердилар, уларга мутахассисларнинг батафсил тушунтиришларини олдилар. Улар орасида электр энергияси бўйича асосланмаган қарзларни ҳисоблаб ёзиш, уни ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш ва алмаштириш билан боғлиқ муаммолар, тарифларни нотўғри қўллаш бор эди. Бироқ, барча иштирокчилар электр энергиясидан узиб қўйишлар масаласига катта қизиқиш билдирдилар. Бундай ҳолатлар, айниқса қиш даврида, қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам учраб туради.

Энергетиклар ҳақиқатан ҳам шундай муаммо бир қатор объектив ва субъектив сабаблар туфайли мавжудлигини тасдиқлашди. Хусусан, сифатли ва узлуксиз электр таъминотини таъминлай олмайдиган эскирган тармоқлар, эски трансформаторлар бор. Улар электр энергетикасини модернизациялаш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, амалга оширилаётганлиги, қўшимча қувватларни барпо этиш учун чет эл инвестициялари жалб этилаётганлиги тўғрисида ҳикоя қилдилар. Тармоқни ривожлантириш ва ислоҳ қилиш дастури доирасида талафотлар даражасини камайтириш, авария билан боғлиқ узиб қўйишларнинг ва истеъмолчиларнинг электр таъминотини чеклашларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар мажмуида трансформатор подстанциялари, ҳаво тармоқларини реконструкция қилиш, модернизациялаш ва алмаштириш (тармоқларга рухсат олмасдан киришга йўл қўймайдиган қобиқ ва изоляцияли янги сип-симларга); истеъмол қилинадиган электр энергиясини ҳисобга олишнинг аниқлик даражаси янада юқори бўлган асбобларини ўрнатиш ва қўллаш; амалиётга энг янги илм-фан ютуқлари ва илғор инновация технологияларини, шу жумладан муқобил энергетика лойиҳаларини жорий этиш олиб бориляпти.

Шу билан бирга «Ўзбекэнерго» вакиллари аҳолининг энергияни тежамли сарфлашга доир умумий маданиятини ошириш заруратига эътибор қаратдилар, зеро энергия истеъмолида тежамкорликка онгли муносабат бўлмас экан, бу катта, ҳеч нарса билан асосланмаган сарф-харажатларга олиб келади...

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

                                                                                                                                                          мухбиримиз.

Прочитано: 1279 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика