2012 йил 19–30 декабрь даврида қабул қилинган, тақдим этилаётган, шунингдек бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан www.norma.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
ХУСУСИЙЛАШТИРИШ + МОНОПОЛИЯДАН ЧИҚАРИШ + РАҚОБАТ
Президентнинг 30.11.2012 йилдаги ПФ-4483-сон Фармонини ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 30.12.2012 йилдаги 374-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисида низом тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари барча шартномалар бўйича, шу жумладан давлат мулки объектларининг олди-сотди шартномалари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланадилар. Шу боис ушбу шартномалар қайта тузилмайди. Тугатилган органлар томонидан илгари берилган лицензиялар, ҳуқуқ белгиловчи, рухсат берувчи ҳужжатлар ҳамда улар томонидан илгари қабул қилинган қарорлар ҳам ўз кучида қолади. Улар тугатилган органларнинг номи ўзгарганлиги туфайли бекор қилинмайди ёхуд ўзгартирилмайди. Тугатилган Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан савдоларга қўйилган объектлар Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси тугатилиши муносабати билан савдолардан олиб қўйилмайди, қайта баҳоланмайди ва такроран савдоларга қўйилмайди. Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари улар бўйича сотувчи функцияларини амалга оширадилар.
«Биржа» ноширлик уйи МЧЖ ва «Истеъмолчи» МЧЖни қўшиб юбориш йўли билан қайта ташкил этиш асосида улар негизида давлат улуши камида 51 фоиздан иборат «Бизнес-Daily Медиа» МЧЖ ташкил этилади. Унинг зиммасига иқтисодиётга оид газета ва журналлар нашр этиш йўли билан тадбиркорларни ва мамлакат аҳолисини тезкор ва ишончли иқтисодий маълумотлар билан таъминлаш, шунингдек интернет-портални мунтазам тўлдириб бориш юкланади. «Бизнес-Daily Медиа» МЧЖ фаолиятини ривожлантириш учун Давлат рақобат қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармасининг 10 фоизгача маблағлари, кейинчалик уларни белгиланган тартибда устав фондига капиталлаштирган ҳолда йўналтирилади.
Низом Давлат рақобат қўмитаси мақомини, асосий вазифаларини, функцияларини, ҳуқуқларини ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.
Қуйидагилар унинг асосий вазифалари ҳисобланади:
хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, давлатга тегишли активларни ҳамда акциялар пакетлари (улушлари)ни хусусий мулкка сотиш бўйича тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
фонд бозорини ривожлантириш чора-тадбирларини тизимли асосда амалга ошириш;
корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш;
монополияга қарши самарали тартиботлар ўрнатиш чора-тадбирларини амалга ошириш ва бошқалар.
Давлат рақобат қўмитаси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ хусусийлаштириш объектларини сотишдан олдин тайёрлаш ва реализация қилиш, инвесторлар томонидан мажбуриятлар бажарилиши мониторингини олиб бориш соҳасида; қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва корпоратив бошқарув соҳасида; давлат мулки объектларини тасарруф этиш, шу жумладан, уларни хатловдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва самарали бошқариш соҳасида; монополияга қарши тартибга солиш, рақобат муҳитини ривожлантириш ва табиий монополиялар субъектлари фаолиятини назорат қилиш соҳасида; истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш соҳасида; банкротлик, иқтисодий ночор корхоналарни таркибий қайта ўзгартириш ва суд бошқарувчилари фаолияти устидан назорат қилиш соҳасида давлат томонидан тартибга солишни амалга ошириш соҳасида; биржа, баҳолаш ва риэлторлик фаолиятини лицензиялаш соҳасида; фаолиятнинг бошқа соҳаларидаги функцияларни бажаради.
Давлат рақобат қўмитаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва методик материалларни тасдиқлаш;
унинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича судларга даъво аризалари ва аризалар бериш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қўлланилиши ва бузилиши билан боғлиқ ишларни судда кўриб чиқиш жараёнида қатнашиш;
давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлардан, шу жумладан, тижорат банкларидан ва бошқа ташкилотлардан ўзига зарур бўлган маълумотлар ва материалларни сўраш ва бепул олиш;
жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тегишли органларга материалларни юбориш;
давлатга тегишли акциялар (улушлар)ни ва мол-мулкни сотиш бўйича операцияларни амалга ошириш;
берилган ваколатлар доирасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш;
рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ишлари бўйича қарорлар қабул қилиш ва бошқалар.
КИЧИК ЖАРИМАЛАР ЙИРИКЛАШТИРИЛДИ
ЎРҚ-345-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритилди.
Уларга мувофиқ оз миқдорда талон-торож қилиш учун солинадиган жариманинг миқдори ЭКИҲнинг 5 бараваридан 30 бараваригача оширилди.
Устав фондида давлат улуши бўлмаган корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг мол-мулкини оз миқдорда талон-торож қилганлик учун жавобгарликка тортиш тартибига қўшимчалар киритилди. Уларнинг ходими томонидан ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан содир этилган оз миқдорда талон-торож қилиш фақат мазкур корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра жавобгарликка сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Кодекс таксиларни ягона таниш белгилари билан жиҳозлашга доир талабларни бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи меъёр билан тўлдирилди.
Ҳуқуқбузарлик |
Жавобгарлик чоралари |
Ягона таниш белгилари билан жиҳозланмаган ёки белгиланган талаблар бузилган ҳолда жиҳозланган таксиларни йқлга чиқариш |
транспорт воситаларининг техник ҳолати ва улардан фойдаланиш учун масъул бқлган мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан |
Белгиланган тартибда ягона таниш белгилари билан тқлиқ жиҳозланган таксиларнинг ҳайдовчилари томонидан мазкур белгилардан қасддан фойдаланмаслик ёки улар шикастланганлигига қарамай йқловчиларни ташиш |
фуқароларга ЭКИҲнинг |
Ўзгартишларга мувофиқ йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича ишлар юзасидан баённома тузилмайдиган ҳолатлар аниқлаштирилди. Энди бундай баённома, агар фуқаро ўзи содир этган ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирмаса ва қуйидаги ҳолатларда тузилмайди:
ЭКИҲнинг 1/3 қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўладиган, пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, уларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши, шунингдек мопед ва велосипед ҳайдовчиларининг, уловли аравани бошқариб борувчи ва йўлдан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги;
ЭКИҲнинг 1/2 қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўладиган, ҳайдовчиларга ҳар хил хизмат кўрсатиш мақсадида йўлнинг қатнов қисмида фуқароларнинг туриши, йўлларга ажратилган минтақа теграсида мол боқиш;
ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўладиган, юқорида кўрсатилган шахсларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши авария ҳолатини вужудга келтирган ҳолатларда.
Қонун билан шунингдек, Божхона кодексига ҳам ўзгартишлар киритилди. Товарларнинг божхона расмийлаштируви муддати 10 кундан 3 кунгача қисқартирилди.
БАРЧА ХИЗМАТЛАР БИР ПОРТАЛДА
Вазирлар Маҳкамасининг «Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (30.12.2012 йилдаги 378-сон) электрон шаклда маълумотларнинг тўлиқ айирбошланишини, сўровларни расмийлаштириш тартиботларини жадаллаштириш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш асосида давлат органлари билан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини оширишни таъминлашга йўналтирилган.
Интернет тармоғида Ягона портални 2012 йил
1 июлдан ишга тушириш мўлжалланган.
Ягона портал аҳолига ҳам, шунингдек юридик шахсларга ҳам давлат органларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш учун имконият бериши, фойдаланувчиларнинг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва уларни бартараф этиш, «электрон ҳукумат»ни янада ривожлантириш ва давлат бошқарувига замонавий ахборот технологияларини жорий этишда кўмаклашиши лозим.
Ягона портал орқали интерактив давлат хизматлари кўрсатиш рўйхатга олиш ва авторлаштириш тартиботидан ўтгандан кейин мурожаат қилувчилар учун давлат тилида, шунингдек рус, инглиз тиллари ва бошқа тилларда амалга оширилади. Ягона порталга фойдаланувчи «Ўзинфоком» маркази ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Компьютерлаштириш маркази томонидан бир иш куни мобайнида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги компьютерлаштириш марказлари томонидан икки иш куни мобайнида бериладиган фойдаланиш учун рухсатнома асосида шахсий кабинет орқали кириши мумкин.
Фойдаланувчилар шахсий кабинет орқали ўз мурожаатларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва давлат органларига, шунингдек мурожаат бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳамда бир нечта давлат органларининг ҳар бирига шахсан юборилиши мумкин.
Мурожаатни кўриб чиқишни рад этиш ҳолатларида фойдаланувчига бир иш куни мобайнида рад этиш сабаблари асослаб берилган электрон хабарнома юборилади. Қуйидагилар мурожаатни кўриб чиқишни рад этиш учун асос ҳисобланади: одобсизлик мазмунидаги мурожаатлар (уятсиз ёхуд ҳақоратли иборалар, таҳдидлар, мантиқ ва маъноси бўлмаган таклифлар ва шунга ўхшаш мурожаатлар, шунингдек мурожаат матнида тушунарсиз қисқартиришлар ёки реклама материаллари мавжуд бўлган, таркибида аниқ аризалар, шикоятлар ёки таклифлар бўлмаган мурожаатлар).
Фойдаланувчининг мурожаатларини кўриб чиқиш учун қуйидаги муддатлар белгиланган:
таклифлар — келиб тушган кундан бошлаб бир ойгача, қўшимча ўрганишлар талаб қилинадиган таклифлардан ташқари, бу тўғрида таклиф киритган шахсга ўн кун муддатда хабар берилади;
аризалар ёки шикоятлар — олувчига келиб тушган кундан бошлаб бир ойгача, унинг томонидан масалани моҳияти бўйича ҳал этиши, қўшимча ўрганишлар ва текширишлар талаб қилмайдиганлари эса — ўн беш кундан кечикмасдан ҳал этилиши шарт.
Фойдаланувчи ўз мурожаатига: мурожаат шакли тўлдирилганда кўрсатилган почта манзилига электрон шаклда — электрон почта манзилига ёхуд ёзма равишда жавоб олиш турини танлаш имкониятига эга.
Агар мурожаат унда кўрсатилган масалаларни ҳал этиш ваколатига кирмайдиган давлат органларига юборилган бўлса, беш кун муддатдан кечикмасдан танланган хабар бериш турига асосан бу тўғрида фойдаланувчини хабардор қилган ҳолда тегишли органга юборилади.
Мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқишда ирқи, миллати, тили, дини ва бошқа ҳолатидан қатъи назар, камситиш тақиқланади.
Тақдим этилган ҳужжатларнинг қисқача шарҳларини эксперт-юристимиз
Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.