Янги ҳужжатларни тақдим этамиз
2012 йил 19–30 декабрь даврида қабул қилинган, тақдим этилаётган, шунингдек бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан www.norma.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
Сайлов эркинлигини таъминлаб
Ўзбекистон Президенти 19 декабрда «Сайлов эркинлиги янада таъминланиши ва сайлов қонунчилиги янада ривожлантирилиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» Қонунни (ЎРҚ-340-сон) имзолади. Тузатишлар сайлов эркинлигини таъминлаш ва сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ривожлантиришни давом эттиришга қаратилган.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш пайтида кузатувчилар ваколатлари кенгайтирилди. Илгари назарда тутилган сайлов участкаларини жойлаштириш объектларига қамоқда сақлаш жойлари қўшилди. Ташвиқот ўтказишнинг чегараланган муддатига тузатиш киритилди – уни нафақат сайлов куни, балки сайловга бир кун қолганда ҳам ўтказиш мумкин эмас. Сайловолди ташвиқоти сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш; депутатликка номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш; омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари, депутатликка номзод, сиёсий партия тўғрисидаги роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.
Тузатишлар билан сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. У сайловга 10 кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади. Овоз бериш кунига қадар уч кун ичида, шунингдек овоз бериш куни жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этишга (эълон қилишга), шу жумладан, уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига (шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғига) жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида расмий эълон қилинган кун – 2012 йил 20 декабрдан эътиборан кучга кирди.
тезкор қидирув жамият манфаатлари ҳимоясида
Ўтган йил охирида «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Қонун (25.12.2012 йилдаги ЎРҚ-344-сон) матбуотда эълон қилинган эди, унда тезкор-қидирув фаолияти тартиби белгиланган. Қонун 2013 йил 26 декабрда кучга киради. Шуни қайд этиб ўтиш лозимки, шу пайтгача мазкур соҳа жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни таъминловчи манфаатдор хизматлар ўз фаолиятида фойдаланадиган ҳужжатлар билан тартибга солинган.
Қонун билан шахс, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига ҳуқуққа зид равишда аралашувлардан ҳимоя қилиш мақсадида тезкор-қидирув фаолиятини фақат давлат органлари: ИИВ, МХХ, ДБҚ ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг ваколатли тезкор бўлинмалари амалга оширишларига рухсат берилган. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг бирон-бир юридик шахснинг, шу жумладан, сиёсий партиянинг, диний ташкилотнинг ёки бошқа нодавлат нотижорат ташкилотининг, шунингдек жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тезкор-қидирув тадбирлари ўтказиши тақиқланади.
Бунда тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг жиноят ишлари бўйича ваколатлари Жиноят-процессуал кодексининг (ЖПК) 43-бобида белгиланган терговга тегишлиликка мувофиқ чекланган. Чунончи, прокуратура органлари иш юритувида бўлган жиноят ишлари бўйича тезкор-қидирув тадбирлари фақат терговчининг ёзма топшириғи, прокурорнинг кўрсатмаси ва топшириғи асосида ўтказилади.
Қонунийлик, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этишга доир конституциявий ва процессуал принциплар билан бир қаторда Қонун билан конспирация, ошкора ва ноошкора усуллар уйғунлиги тушунчалари жорий этилган. Бироқ шу тариқа олинган ахборотдан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаш учун фойдаланиш мумкин эмас.
Тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш давомида ваколатли хизматлар ЖПК ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш соҳасини тартибга соладиган бошқа меъёрий ҳужжатларда назарда тутилган бошқа ҳуқуқлар билан бир қаторда эндиликда махфийлик асосида кўмаклашиш истагини билдирган шахслар билан пулли ёки бепул ҳамкорлик ўрнатиш; юридик ёки жисмоний шахсларнинг розилиги билан уларга тегишли бошқа мол-мулкдан фойдаланиш; махсус билимларга эга бўлган мутахассислар ёрдамидан фойдаланиш; видео– ва аудиоёзув, кино– ва фотосуратга олиш воситаларини, шунингдек хавфсиз бошқа техника воситаларини қўллаш; тезкор-қидирув учун мўлжалланган ахборот тизимларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Депутатлар, сенаторлар, судьялар, прокурорлар, адвокатларнинг ваколатли органлар билан махфийлик асосида ҳамкорликка жалб қилиниши тақиқланади.
Тезкор-қидирув тадбирларининг турлари санаб ўтилди. Сўров, қиёсий текширув учун намуналар йиғиш, предметлар ва ҳужжатларни текшириш каби анъанавий процессуал ҳаракатлар билан бир қаторда текшириш учун харид қилиш, назорат остида олиш, алоқанинг техник каналларидан ахборот олиш, тезкор киритиш тушунчалари жорий этилди. Бундан ташқари, ваколатли органлар давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлардан фойдаланиш ёхуд ўта муҳим ва тоифаланган объектларни эксплуатация қилиш билан боғлиқ ишларга рухсат бериш тўғрисида қарорларни қабул қилиш учун зарур маълумотларни тўплашга ҳақли.
Ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, почта жўнатмалари, телеграф хабарлари ҳамда алоқа тармоқлари орқали узатиладиган бошқа хабарлар сир сақланиши ҳуқуқларини, шунингдек уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини чекловчи тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилишига прокурор санкцияси асосида йўл қўйилади. Фақат кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда уларни ўтказишга йўл қўйилади, прокурор бу ҳақда йигирма тўрт соат ичида албатта хабардор қилинади. Бунда йигирма тўрт соат ичида прокурорнинг санкцияси олинмаса, тадбир ўтказиш тугатилиши шарт. Ушбу ҳаракатларнинг ҳаммаси жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишни таъминлаш учун ҳақиқий маълумотларни бошқа йўл билан олиш имкони бўлмаса, истисно чоралар деб қаралиб, уларни амалга оширишга фуқароларнинг аризасига ёки ёзма розилигига кўра рухсат этилади.
Текшириш учун харид қилиш, назорат остида олиш, тезкор кузатув, тезкор киритиш, назорат остида етказиб бериш, ниқобланган операциялар, тезкор эксперимент тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган қарор асосида ўтказилади. Текшириш учун харид қилиш, назорат остида олиш ва назорат остида етказиб бериш эса прокурор билан албатта келишилган ҳолда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали предметларни олиб ўтишга (олиб кириш, олиб чиқиш, транзит) йўл қўйиладиган назорат остида етказиб бериш божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида амалга оширилади.
Тезкор-қидирув фаолияти натижаларидан фақат тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун фойдаланилади, улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ текширилганидан ва баҳоланганидан сўнг далиллар сифатида эътироф этилиши мумкин. Унинг материаллари жиноят иши қўзғатиш учун асос бўлиши, жиноят иши ўз юритувида бўлган суриштирув, тергов органларига, прокурорга тергов ҳаракатларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун тақдим этилиши, шунингдек бу материаллардан Ўзбекистон Республикаси ЖПК нормаларига мувофиқ жиноят ишлари бўйича исбот қилишда фойдаланилиши мумкин.
Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш натижалари ҳақидаги маълумотлар давлат сирини ташкил этади ҳамда ваколатли орган раҳбарининг қарори асосида ошкор этилиши лозим. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг ходимлари, шунингдек уларга кўмаклашаётган шахслар давлат ҳимоясида бўлади. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек уларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш мақсадида махсус чора-тадбирлар назарда тутилади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органнинг уюшган жиноий гуруҳ, жиноий уюшма орасига уларни фош қилиш мақсадида киритилган ходими қонунда белгиланган тартибда қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, қонунга хилоф қилмишлари учун жиноий жавобгарликдан озод этилади. Ваколатли органларга махфийлик асосида кўмаклашаётган шахслар ушбу органлар маблағлари ҳисобидан ажратилган белгиланган миқдорларда тақдирланиш ва уларга нисбатан махсус ҳимоя чоралари кўрилиши ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг қарорлари, мазкур органлар ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, прокурорга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.
зарар қопланса озодликка илгарироқ қўйиб юборилади
4 январда «Халқ сўзи» газетасида 2012 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-345-сон Қонун эълон қилинди. У билан «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида», «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонунларга, Жиноят, Жиноят-процессуал, Солиқ ва Божхона кодекслари – Ўзбекистон Республикасининг жами 21 қонун ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, қонун ҳужжатларини либераллаштириш Жиноят кодексига янгиликлар киритилишини тақозо этди. Уларга мувофиқ Кодекснинг 180 (сохта банкротлик), 181 (банкротликни яшириш), 189 (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 191-(қонунга хилоф равишда ахборот тўплаш, уни ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш) моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс айбини тан олган, жабрланувчи билан ярашган ва етказган зарарини қоплаган бўлса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Шунингдек банклар ва бошқа молия ташкилотлари ходимлари тадбиркорлик субъектлари ушбу ташкилотлар кўрсатган хизматлар, шу жумладан, берилган кредитлар юзасидан шартнома мажбуриятларини тадбиркорлик таваккалчиликлари ҳамда бошқа тижорат таваккалчиликлари билан боғлиқ ҳолда бажармаганда жиноий жавобгарликка тортилишдан озод этилади.
ЖКнинг 78-моддасида назарда тутилган судланганлик ҳолатининг тугалланиши муддатлари қисқартирилди. Давлатга жуда катта зарар етказилмаган тақдирда суд хорижий валютани яшириш, сохта тадбиркорлик, сохта банкротлик, банкротликни яшириш, божхона ёки монополияга қарши қонун ҳужжатларини бузиш, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, қимматбаҳо металлар ёки тошларни топшириш, қимматбаҳо металлар, уларнинг синиқлари ва чиқиндиларини тайёрлаш, сотиб олиш, фойдаланиш ва сотиш қоидаларини бузиш, электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидалари, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш, қонунга хилоф равишда ахборот тўплаш, уни ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш, рақобатчини обрўсизлантириш учун ҳукм қилинган шахсларнинг судланганлиги муддатининг камида тўртдан бир қисми ўтганидан кейин суд томонидан олиб ташланиши мумкин.
Тегишинча, киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, масалан, худди шу қилмишлар учун маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин содир этилган савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун (ЖКнинг 189-моддаси биринчи қисми); худди шу қилмишлар учун маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин содир этилган лицензияланадиган фаолият билан махсус рухсатнома олмасдан туриб шуғулланганлик учун (ЖК 190-моддасининг биринчи қисми) жарима тўланганидан ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш ёки ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш кўринишида жазо ўтаб бўлинганидан кейин 3 ой ўтгач судланганлик суд томонидан олиб ташланиши мумкин. Илгари у камида бир йилдан кейин тугалланар эди.
Қуйидагиларнинг миқдори ва зарарини белгиловчи атамаларнинг янги ҳуқуқий маънолари берилди:
Атама |
ЎРҚ-345-сон Қонун билан белгиланган миқдор |
Илгари амал қилган миқдор |
Анча миқдор (зарар) |
ЭКИҲнинг 100 бараваридан 300 бараваригача |
ЭКИҲнинг 30 бараваридан 100 бараваригача |
Кўп миқдор (зарар) |
ЭКИҲнинг 300 бараваридан 500 бараваригача |
ЭКИҲнинг 100 бараваридан 300 бараваригача |
Кўп бўлмаган зарар |
ЭКИҲнинг 30 бараваридан 100 бараваригача |
ЭКИҲнинг 10 бараваридан 30 бараваригача |
Жуда кўп миқдор (зарар) |
ЭКИҲнинг 500 баравари ва ундан ортиқ |
ЭКИҲнинг 300 баравари ва ундан ортиқ |
Жиноят-процессуал кодексга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 170 (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш), 172 (мулкни қўриқлашга виждонсиз муносабатда бўлиш), 173-(мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) моддаларида назарда тутилган ва устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра қўзғатилади.
Акт ривожланиши учун жамғарма
Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар технологиялари давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» қарорини (23.10.2012 йилдаги ПҚ-1836-сон) бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасини янада ривожлантириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш тўғрисида»ги қарори (19.12.2012 йилдаги 356-сон) билан:
Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом;
Жамғарма бошқаруви аппарати тузилмаси;
Жамғарма Кенгаши таркиби тасдиқланди.
Низомга мувофиқ Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси алоқа, ахборотлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш соҳасида устувор ва ижтимоий аҳамиятга молик бўлган лойиҳалар, илмий-тадқиқот ишларини маблағ билан таъминлаш мақсадида ташкил этилади. Жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:
телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилганлиги учун давлат божи тўлашдан тушувчи маблағларнинг 50 фоизи;
2018 йил 1 январгача абонент рақамидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлашдан тушган маблағларнинг 30 фоизи;
мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар алоқа соҳасида фаолиятни амалга ошираётган юридик шахслардан жарима жазолари сифатида ундириладиган маблағларнинг 45 фоизи;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини банк депозитлари шаклида ва бошқа шаклларда жойлаштиришдан тушган даромадлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек халқаро ташкилотларнинг хайрия эҳсонлари.
Низом билан Жамғарма маблағларидан фойдаланиш ва уларни ажратиш масалалари тартибга солинади. Унда Жамғарманинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, уни бошқариш тартибини белгиловчи меъёрлар ҳам мавжуд.
Ҳар бир уйда замонавий сув ҳисоблагичлари ўрнатилади
Вазирлар Маҳкамасининг 30.11.2012 йилдаги 337-сон қарори билан 2013–2015 йилларда Ўзбекистон Республикасидаги сув таъминоти ва канализация тизимларини келгусида комплекс ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. У билан сув таъминоти ва канализация ташкилотларининг иш самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар (бундан кейин – Комплекс чора-тадбирлар) ҳамда 2013–2015 йиллар даврида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш дастури (бундан кейин – Дастур) тасдиқланди.
Жами 18 банддан иборат Комплекс чора-тадбирларга, хусусан, сув таъминоти ва канализация секторидаги коммунал хизматлар маълумотлар базасининг ҳолатини ўрганиш; истеъмолчилар ҳисоби юритиладиган автоматлаштирилган «Биллинг тизими»ни жорий этиш; ягона стандартлар бўйича ҳар бир коммунал хизмат учун мижозларнинг маълумотлар базалари ва биллинг тизимларини барпо этиш киради.
Бундан ташқари, сув чиқариш иншоотлари ва тақсимловчи қувурлар тармоқланадиган жойларда сув ҳисоблагичлари (сарфиёт ўлчагичлари); турар жой фондида сув ҳисоблагичлари ва кўп квартирали уйларга кириш жойида умумий уй ҳисоблагичлари ўрнатиш; шунингдек Тошкентда «Сув таъминоти ва канализация секторидаги коммунал хизматлар истеъмолчиларининг ҳисобини юритувчи ягона автоматлаштирилган тизим» пилот лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Комплекс чора-тадбирларда сув таъминоти ва канализация ташкилотларини молиявий жиҳатдан соғломлаштириш, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини қисқартириш мақсадида даъво материалларини хўжалик ва фуқаролик судларига топшириш ишларини фаоллаштириш режалаштирилган.
Сув таъминоти ва канализация секторида меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш учун:
коммунал сув таъминоти ва канализация тизимларидан фойдаланиш қоидалари;
улардан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидалари;
сув таъминоти ва канализация ташкилотлари ходимлари меҳнатини меъёрлаштириш тартиби тўғрисида низом;
ушбу соҳада технологик эҳтиёжларга электр энергияси сарфи меъёрларини белгилаш тартиби;
умумий уй сув ҳисоблагичлари мавжуд бўлганда турар ва нотурар жойлар мулкдорлари билан фойдаланилган ичимлик сувини ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисида низом ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим.
Энергия тежовчи технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари натижасида маънан эскирган ва энергия сарфи катта бўлган насос ускуналари аниқланиши, шунингдек электр энергияси сарфи қисқариши ҳисобига сув таъминоти хизматлари таннархи пасайиши керак.
Қўшимча ҳақ ўқувчилар сонига боғлиқ бўлади
Президентнинг ПҚ-1887-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (21.12.2005 йилдаги 275-сон) ўзгартиришлар киритилди.
2013 йил 1 январдан умумтаълим муассасалари ўқитувчиларига қўшимча тўловлар синфдаги ўқувчилар сонига қараб табақалаштирилади. Чунончи, 15 нафаргача ўқувчи таълим оладиган кичик комплектли синфда дафтарларни текширганлик учун қўшимча тўлов ЭКИҲнинг 25%ини, оддий синфда эса илгаригидек 50%ини ташкил этади; 15 нафаргача ўқувчилар бўлган синфда синф раҳбарлиги учун ЭКИҲнинг 50%ини, 20 нафаргача бўлганда 60%ини, 25 нафаргача бўлганда 70%ини, 30 нафаргача бўлганда 80%ини, 31 нафардан ортиқ бўлганда 100%ини ташкил этади.
Қарз ҳисобига ундирувни мол-мулкка қаратиш шартлари
Президентнинг ПҚ-1887-сон қарори билан солиқ тўловчининг мол-мулки ҳисобига солиқ қарзини ундириш имкониятлари чекланган.
2013 йил 1 январдан юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари солиқ қарзи ЭКИҲнинг камида 20 бараварини ташкил этса (бугунги кунда ушбу сумма 1 591 800 сўмга тенг); жисмоний шахслар учун – ЭКИҲнинг 5 бараваридан ортиқ (397 950 сўм) бўлса, солиқ органлари ушбу ҳуқуқдан фойдаланишлари мумкин.
СКнинг 65-моддасига мувофиқ солиқ органлари даъво аризаси асосида ёки хўжалик судига суд буйруғи чиқариш ҳақида ариза берган ҳолда ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратишга ҳақлилар.
АКТ бўйича бошқарувчи
Вазирлар Маҳкамасининг 19.12.2012 йилдаги 355-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси тўғрисидаги низом ҳамда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Давлат қўмитаси тўғрисидаги низомда Қўмита мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва фаолиятининг ташкилий асослари белгиланган.
Қўмитанинг асосий вазифалари қуйидагилардир: алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш; соҳада қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; соҳанинг ривожланиши ва самарали ишлаши устидан давлат бошқаруви ва назоратини амалга ошириш; давлат ахборот ресурсларини шакллантириш, сақлаш ва фойдаланишнинг ягона тизимини яратиш; Интернет тармоғи миллий сегментини янада шакллантиришни таъминлаш, мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган замонавий веб-ресурсларни яратиш; ахборот хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон рақамли имзодан фойдаланиш, чет эл оммавий ахборот воситаларининг телерадиомаҳсулотларини тарқатиш соҳасини тартибга солиш; хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лицензия битимларининг бажарилишини назорат қилиш ва бошқалар.
Уларни ҳал этиш учун Қўмитага тегишли функцияларни амалга ошириш ваколати берилган. Хусусан, у умумий техник регламентлар ва давлат стандартларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун тақдим этади; радиочастота спектрини тақсимлаш, ундан фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади; ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун чет эл инвестицияларини жалб этишда инвестиция сиёсатини ишлаб чиқишда иштирок этади; шу соҳада фаолиятнинг алоҳида турларини лицензиялашни амалга оширади; телефонларни рақамлаш режаси ва тизимини, почта тўлови давлат белгиларининг намуналарини, почта индексларини, ёзма хат-хабарларни олиб қўйиш частоталари нормативларини тасдиқлайди; махсус дастурий маҳсулотларнинг мажбурий экспертизасини ўтказишни ташкил этади, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг улардан фойдаланишлари учун рухсатнома беради; дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни ташкил этади ва уларни иқтисодиёт тармоқларида жорий этади; электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатдан ўтказиш марказларини давлат рўйхатидан ўтказади ва уларнинг ваколатли шахсларига электрон рақамли имзолар калитларининг сертификатларини беради; электрон рақамли имзолар калитлари сертификатлари ягона давлат реестрини юритади.
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг асосий вазифалари қуйидагилар устидан давлат назоратини амалга ошириш ҳисобланади:
алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат ва тармоқ стандартлари, техник регламентлар талабларига риоя этилиши; ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш ва ундан самарали фойдаланишнинг ривожлантирилиши; иш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш самарадорлиги; малакали кадрлар билан таъминланиши; электрон рақамли имзо соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилиши; жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан ички назорат тизими жорий этилиши ва бошқалар.
Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, даврий босма нашрларни тарқатиш соҳасида фаолият юритувчи хўжалик юритувчи субъектларда текширишлар ўтказиш ва уларга нисбатан иқтисодий жазо чораларини қўллаш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан зарур ахборот, ҳужжатлар, маълумотномалар ва бошқа материалларни сўраш ва олиш; хўжалик юритувчи субъектларнинг айрим қурилмалари ва технологик участкалари ишини вақтинчалик тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилиш; нормалар ва радионурланишларнинг параметрлари бузилганда юқори частотали қурилмалар ва радиоэлектрон воситалардан фойдаланишга рухсатномаларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва бошқалар.
Божхона қиймати шаклларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 15.12.2012 йилда 920-4-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Божхона қийматини тўғрилаш БҚТ-1 ва БҚТ-2 шаклларини тўлдириш бўйича йўриқномага ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.
Товар эркин муомалага чиқарилган ёки Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан олиб чиқилгандан кейин кўрсаткичларни тўғрилаш мумкин бўлган ҳолатлар рўйхатига тузатиш киритилди. Янги рўйхатда кейинчалик текширув ўтказганда аниқланган ва савдо битими ҳолатлари ўзгарганда (товарнинг бир қисми бошқа шахсга берилганда ва ҳ.к.) нотўғри декларациялаш ҳолатлари қайд этилмаган. Рўйхатга БЮДда хатога йўл қўйилганлиги натижасида ундириладиган божхона тўловлари суммалари ўзгарганда кўрсаткичлар тўғриланганда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридаги Давлат божхона қўмитаси бош-қармаси, «Тошкент АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплексидаги доимий фаолият кўрсатувчи комиссиясининг хулосасини олиш талаби қўйилган меъёр киритилган.
Низомга қўшимча қилинган меъёрга кўра декларант божхона органининг тузатишига қўшилмаганда божхона органи ходими қайта ҳисоблаган товарларнинг божхона қиймати кўрсатилган БҚТ-1 асосий варағига имзо қўймаслик ҳуқуқи берилди. Бунда декларант божхона қиймати тўғриланишига асос бўлган сабабларни тушунтиришни сўраб божхона органига ёзма мурожаат этишга ҳақли. Бироқ декларантнинг божхона органига ёзма сўров юборгани уни божхона тўловларини тўлашдан озод қилмайди.
2012 йил 25 декабрдан кучга кирди.
Автотранзит тақиқланди
Вазирлар Маҳкамасининг 26.12.2012 йилдаги 362-сон қарори билан 2013 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали автомобиль транспортида суюлтирилган газ (ТИФ ТН коди – 2711) транзити тақиқланди. Ушбу чора давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида қабул қилинди.
Экспортчиларга ён босиб
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг қарори (АВ томонидан 28.12.2012 йилда 954-6-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ваколатли банкларда экспорт ва бартер контрактларини ҳисобга қўйиш ва уларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, ваколатли банклар эндиликда Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимига ўз вақтида ва ишончли ахборотни киритишлари шарт.
Тузилган шартномалар (контрактлар) бўйича валюта тушуми ҳисоб-китоби ва келиб тушиши ҳақидаги маълумотномаларни беришни тартибга солувчи меъёр Низомдан чиқариб ташланди. Экспорт контрактларини ҳисобдан чиқариш ҳолатлари рўйхатига экспортчи корхонани тугатиш ҳам киритилди.
2013 йил 1 январдан кучга кирди.
***
Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 30.12.2012 йилда 834-23-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Улар билан юридик шахслар экспорт божхона режимига жойлаштирадиган товарларни божхонада расмийлаштиришда ваколатли банклар берган ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотномани тақдим этиш талаби бекор қилинди.
2013 йил 1 январдан кучга кирди.
Бир қатор устунларга тузатиш киритилди. Чунончи, 40-устунда илгари назарда тутилган ахборотдан ташқари қуйидагилар кўрсатилади:
аввалги декларациянинг 32-устунида кўрсатилган товар рақами;
унинг килограммдаги брутто ва нетто оғирлиги;
қўшимча ўлчов бирлигидаги миқдори (агар мавжуд бўлса);
ТИФ ТНга мувофиқ қўшимча ўлчов бирлигининг шартли белгиси (агар мавжуд бўлса).
Агар товар аввалги бир нечта декларациялардан расмийлаштирилса, ҳар бир маълумот алоҳида янги устунда кўрсатилади.
Тақдим этилган ҳужжатларнинг қисқача шарҳларини эксперт-юристларимиз
Елена ЕРМОХИНА, Римма СОЛОДОВНИКОВА, Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.