Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши ва иқтисодиётни бозор тамойилларига асосан ислоҳ қилиш мулкий муносабатларда гаров ҳуқуқини ривожлантиришни белгилаб берди.
Айниқса Ўзбекистон Республикасининг «Гаров тўғрисида»ги Қонуни (9.12.1992 йилдаги 736-XII-сон) ва Фуқаролик кодекси қабул қилиниши билан гаров институтини бошқаришда жиддий ўзгаришлар юз берди.
Аслида гаров институти узоқ тарихга эга. Қадимги Рим ҳуқуқидаёқ гаров бошқаларнинг буюмларига доир ҳуқуқлар (jura in re aliena) қаторига киритилган. Дастлаб гаровнинг асосий шакли фидуция (fiducia) – гаровдаги буюмни уни қайтадан сотиб олиш ҳуқуқи билан бирга сотиш ҳисобланган. Бинобарин, буюмнинг мулкдорига айланган кредитор уни тасарруф эта олар эди, бунинг натижасида қарздор буюмни сотиб олиш имкониятидан маҳрум бўлган. Бу ҳол ҳаётга гаровнинг бошқа шакли – пигнус (pignus)ни татбиқ этишга олиб келди, бунда қарздор буюмни кредиторга мулк сифатида эмас, балки фойдаланишга берган.
Гаровнинг энг такомиллашган шакли ипотека бўлган, бунда гаровдаги буюм мулкдор – қарздорнинг эгалигида қолган ва кредиторга ўтмаган. «Ипотека» сўзи грекча бўлиб (hypotheke), уни Солон исмли афиналик машҳур ислоҳотчи ва қонун ижодкори милоддан аввалги VI аср бошларида ҳаётга татбиқ этган. Қарздорнинг гаровдаги ер участкасининг чегара эгатида ушбу мол-мулк қарз берувчининг даъвосини таъминлашга хизмат қилади деб ёзилган устун ўрнатилган, шунга кўра қарздорга ундан «барча ташиб келтирилган, олиб келинган, келтирилган нарсаларни» олиб чиқиш тақиқланган. Бундай устун айни ипотека (таглик) деб аталган ва ушбу сўз кўчма маънода кредит олиш учун ҳар қандай гаровни англатиш учун қўлланила бошлаган. Ҳозирги вақтда «ипотека» атамаси гаров берувчида гаров нарсасини қолдирган ҳолда, кўчар ёки кўчмас мулк гаров нарсаси бўлишидан қатъи назар, гаров шаклини, шунингдек бунда гаров тутувчида ипотека объектига нисбатан юзага келган ашёвий ҳуқуқни белгилаш учун ишлатилади.
Гаров деганда шундай ҳуқуқий муносабат тушуниладики, бунда кредитор (гаров тутувчи) гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган ҳолда, қонун билан белгиланган солиқ ва йиғимлардан ташқари, асосан бошқа кредиторлар олдида гаровдаги мол-мулк қийматидан қониқиш олиш ҳуқуқига эгадир.
Ўз манфаатларини таъминлаш воситаси сифатида гаровни танлаб, кредитор «шахсга эмас, буюмга ишонаман» принципига амал қилади. Шу тариқа, мол-мулкнинг ҳар қандай гаровида реал кредит мавжуд, унинг моҳияти қарздор мол-мулкининг таркибида бирор-бир аниқ объектни ажратишга олиб келади, унинг қиймати ҳисобига кредиторга, агар қарздор ишончни оқламаган тақдирда қониқиш тақдим этилади. Гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, гаров тутувчи кредитор мулкдор-қарздорнинг хоҳишидан қатъи назар, ушбу мол-мулкни кейинчалик реализация қилиш ва уни реализация қилишдан олинган пуллар ҳисобига қониқиш олиш мақсадида, бошқа кредиторлардан афзал ҳолда, ундиришни гаровдаги мол-мулкка қаратишни талаб қилиш ҳуқуқини олади. Унга бундай ҳуқуқни гаров ҳуқуқи беради.
Ф.ҒОЗИЕВА,
Яккасарой туманидаги
1-сон давлат нотариал
идораси нотариуси.