Norma.uz

Почта қутиси

Хориж машинаси аварияга учраса

Ўзбекистонга норезидент жисмоний шахс вақтинча олиб кирган хориж автомобилини, агар у йўл-транспорт ҳодисасига учраган ва тиклаб бўлмайдиган ҳолатда бўлса, божхонада расмийлаштириш зарурми?

Р.Губайдуллин.

 

– Сизнинг автотранспорт воситангиз республикага вақтинча олиб кириш режимида олиб кирилган. Божхона кодексининг (БК) 22-моддасига кўра товарларни ушбу режимга жойлаштиришга, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, уларни қайта олиб чиқиш мажбурияти тақдим этилган, божхона тўловлари тўланиши таъминланган, товарларнинг айнанлиги таъминланган тақдирда йўл қўйилади. Агар божхона органи томонидан белгиланган муддатларда товар Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқилган ёки бошқа божхона режимида жойлаштирилган бўлса, вақтинча олиб кириш тугалланган ҳисобланади (БКнинг 23-моддаси).

Автомобиль авария бўлган ва уни тиклаш иқтисодий жиҳатдан фойдасиз бўлса, хорижий русумдаги машинани йўқ қилиш божхона режимида жойлаштириш мақсадга мувофиқроқдир. Хатда автомашинага доир даврий божхона тўловлари тўланган ёки тўланмаганлиги кўрсатилмаган.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар ва транспорт воситаларини четдан вақтинчалик олиб келиш қоидаларига1 биноан автотранспорт воситаси шахсий эҳтиёжларни қондириш учун Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган хорижий фуқаро томонидан четдан вақтинчалик олиб келинган тақдирда божхона божлари ва солиқлардан тўлиқ озод қилиш 3 ойгача бўлган муддатга берилади. Кўрсатилган муддат тугагач унга четдан вақтинчалик олиб келишнинг бундан кейинги муддати учун даврий божхона тўловлари қўлланади.

Шундай бўлса-да, вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиши бунга рухсатнома олган шахснинг илтимосига кўра даврий божхона тўловлари қўлланган вақтинча олиб кирилган товарлар (бу автомобилларга ҳам тааллуқли) товарларни эркин муомала учун чиқариш назарда тутилмайдиган бошқа божхона режимларида жойлаштириш чоғида тўхталиши мумкин. Йўқ қилиш режими айни шундай режим, бунда хориж товарлари, импорт божхона божлари, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чораларини қўлламасдан, божхона назорати остида йўқ қилинади, шу жумладан фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келтирилади (БКнинг 37-моддаси).

Йўқ қилиш божхона режими тўғрисидаги низомда2 божхона ҳудудига олиб кирилган ва вақтинча олиб кириш божхона режимида жойлаштирилган транспорт воситасини йўқ қилиш божхона режимида жойлаштириш назарда тутилган. Шуни билиш лозимки, товарлар ва транспорт воситаларини, агар улар йўқ қилиш натижасида ўзларининг дастлабки истеъмол хоссалари ёки тижорат қийматини тўлиқ йўқотсалар, ушбу режимда жойлаштиришга йўл қўйилади.

 

Маълумот учун! Товарларни манфаатдор шахслар ўз ҳисобидан йўқ қилади.

 

Шуни ҳам ҳисобга олиш лозимки, бунда ҳосил бўлган чиқиндилар ва қолдиқлар тегишли божхона режимида жойлаштирилиши керак, бундан реимпорт, вақтинча сақлаш, божсиз савдо дўкони, вақтинча олиб кириш (олиб чиқиш), божхона ҳудудидан таш­қарида қайта ишлаш режимлари мустасно. Танланган божхона режими Ўзбекистон божхона ҳудудига олиб кирилган хориж товарларига нисбатан бўлганидек, чиқиндилар ва қолдиқларга нисбатан қўлланади. Яъни, агар улар учун божхона божлари, солиқлар тўланиши назарда тутилган бўлса, чиқиндилар республика божхона ҳудудига худди шундай ҳолатда олиб кирилгандек декларация­ланиши керак.

 

Маълумот учун! Божхона органлари йўқ қилиш божхона режимидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳеч қандай харажатларни қопламайдилар.

 

1ВМнинг 17.08.2004 йилдаги 399-сон қарори билан тасдиқланган.

2ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 30.12.1998 йилда 584-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

 

Қилмишга яраша... жазоланди

Божхона органига тақдим этилган БЮДда божхона брокери унга юк олувчи божхона мақсадлари учун топширган ҳужжатлар асосида экспорт қилинадиган товарнинг миқдори тўғрисида маълумотларни кўрсатди. Божхона кўриги давомида ташилаётган товарнинг бир қисми унда акс эттирилмаганлиги аниқланди. Унга асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилди ва божхона брокерини жавобгарликка тортиш тўғрисида қарор чиқарилди. Шу тўғрими?

Е.С.

– Божхона брокери қонуний равишда маъмурий жавобгарликка тортилган. Бундай вазиятлар божхонага оид ҳуқуқий муносабатлар иштирокчилари ўртасида тез-тез юзага келиши боис, ишнинг ҳуқуқий жиҳатларини тушунтиришимиз зарур деб ҳисоблаймиз.

БКнинг 89-моддасига кўра товарлар божхона чегарасидан олиб ўтилаётганда, божхона режими ўзгартирилаётганда, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда божхона органига декларация топширилиши лозим. БКнинг 9-бобида назарда тутилган тартибда у товарлар, улар жойлаштириладиган божхона режимлари тўғрисида аниқ маълумотлар ва божхона мақсадлари учун зарур бошқа маълумотларни белгиланган шаклда баён этиш йўли билан амалга оширилади.

БКнинг 99-моддасига асосан декларант товарларни декларациялайди, бошқалар қаторида божхона брокери ҳам декларант бўлиши мумкин. У барча мажбуриятларни бажаради ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тўлиқ ҳажмда эга бўлади, бунда унинг товар ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтадиган шахс ёки божхона брокери бўлишининг аҳамияти йўқ.

БКнинг 101-моддасига мувофиқ божхона брокери ўзини вакил қилган шахс ҳисобидан ва унинг топшириғига биноан божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни ўз номидан ўтказувчи ҳамда божхона иши соҳасида бошқа воситачилик вазифаларини бажарувчи Ўзбекистон юридик шахсидир. Божхона брокери билан уни вакил қилган шахснинг ўзаро муносабатлари шартнома асосида йўлга қўйилади. Унинг божхона органлари олдидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари уни вакил қилган шахс билан тузилган шартномада чеклаб қўйилиши мумкин эмас.

Шу тариқа, божхона брокери божхона операцияларини содир этишда унга божхона органлари билан ўзаро муносабатларда манфаатларини ёқлашга ваколат берган шахс сингари ҳуқуқларга эга бўлади. Божхона кодексига мувофиқ божхона брокерининг товарни божхонада расмийлаштириш чоғидаги мажбуриятларини божхона операцияларига доир умумий талаблар тақозо этади. Божхона брокери ҳам, худди декларант каби, божхона декларациясини топширгунгача ҳам декларацияланадиган товарларни кўздан кечириш ва ўлчашга ҳақлидир. Бинобарин, кўрилаётган вазиятда божхона брокери илова қилинувчи ҳужжатларда қайд этилмаган товарни аниқлаш имкониятига эга эди. У товарларни текшириши керак эди, зеро товарни ишончли декларациялаш бўйича барча зарур ҳаракатларни содир этиш мажбурияти унинг зиммасига юкланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖТК) 10-моддасига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда қонун ҳужжатларига биноан маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган ғайриҳуқуқий, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади. Мазкур ҳолда божхона брокери маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб эътироф этилади, зеро қоидалар ва меъёрларга риоя этиш имкониятига эга бўлган ҳолда ўзига боғлиқ бўлган барча чораларни кўрмаган – БЮД топширишига қадар унда баён этилган товар тўғрисидаги маълумотларни текширмаган.

Бундан божхона брокери ҳақли равишда маъмурий жавобгарликка тортилган деган хулоса келиб чиқади.

МЖТКнинг 22722-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш, яъни товарлар, уларнинг божхона режими ва бошқалар ҳақида божхона мақсадлари учун зарур бўлган белгиланган ёзма, оғзаки ёки бошқа шаклдаги маълумотларни бермаслик ёхуд нотўғри маълумотлар бериш*, агар жиноят аломатлари бўлмаса, – фуқароларга товарларни мусодара қилиб, ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Нотўғри маълумотларни кўрсатиш эса, бу маълумотлар Ўзбекистон божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш, уларни талаб этилаётган божхона режимига жойлаштириш, божхона тўловлари миқдори тўғрисида божхона органи томонидан қарор қабул қилинишига таъсир этмаган бўлса, – фуқароларга ЭКИҲнинг 3 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

*МЖТКнинг 2277, 22710, 22719, 22720, 22721-моддалари ва 22725-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 796 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика