Биз улгуржи савдо корхонасимиз. Бундан ташқари, кейин реализация қилиш учун товар берамиз ва комиссияга қабул қиламиз. Бугунгача комитент сифатида биз таннархини ҳисобга олган ҳолда реализацияга берилган товар суммасига солиқ солар эдик. Уни воситачи қандай нархда сотганлигини билмас эдик ҳам. Воситачи сифатида биз фақат воситачилик ҳақи суммасига 33%лик ставкада солиқ солиб, комитент бизга ушбу товарни қанча суммада берган бўлса, шу суммани ўзига қайтарардик.
ЯСТга бағишланган семинарда воситачилик савдоси масаласи кўтарилди. Уни олиб борган мутахассис воситачилик даромадига иккиёқлама солиқ солинишига асос бўлувчи ҳужжатларнинг нусхаларини берди: комитентда ЯСТ 5%лик ставкада воситачилик ҳақини ҳисобга олган ҳолда реализациянинг бутун суммасидан, воситачида – 33%лик ставкада воситачилик ҳақи суммасидан ушланади. Бунинг тасдиғини «Norma» дастурининг «Амалий солиқ солиш» бўлиимида топдим. Ўзгаришлар 30.05.2011 йилдаги 1760-1-сон қарор билан, тушунтиришлар эса 14.11.2011 йилдаги қарор билан киритилган. Бундай тартиб қачондан бери амал қиляпти?
– Воситачилик шартномаси бўйича тарафларнинг ўзаро муносабатлари Фуқаролик кодексининг (ФК) 48-боби билан тартибга солинади. Комитент воситачилик шартномаси бўйича ижро этилган ҳамма ишларни воситачидан қабул қилиши шарт (ФКнинг 841-моддаси).
Ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган база бўлиб товарлар, ишлар, хизматлар реализациясидан олинган тушум ҳисобланади (Солиқ кодексининг (СК) 355-моддаси). Савдо корхоналари учун тушум деганда товар обороти тушунилади. СКнинг 22-моддасига кўра товар обороти – муайян давр ичида савдо фаолиятини амалга ошириш чоғида товарларни сотишдан олинган (олиниши лозим бўлган), пулда ифодаланган маблағлар.
Шунга эътибор берингки, товар оборотига товарларни сотишдан олинган маблағлар – яъни сиз товарни воситачига берадиган қиймат эмас, балки уларнинг харидорлари тўлаган (тўлаши керак бўлган) суммалар киритилади. Солиқ солиш объекти мазкур ҳолда ягона солиқ тўлови жорий этилган пайтдан бошлаб ўзгармади. Шу тариқа, комитентда ЯСТ ҳисоб-китоби чоғида солиқ солинадиган базага товарларни пировард харидорга реализация қилишдан олинган тушум киритилиши керак бўлган тартиб ЯСТ жорий этилган пайтдан бошлаб амал қилган. Воситачилик ҳақи суммасига ҳар доим комитентнинг харажати сифатида қаралиб, у ЯСТ ҳисоб-китоби чоғида солиқ солинадиган базани камайтирмаган.
МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 30.05.2011 йилда 1760-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан солиқ ҳисоботи шаклларига ўзгартиришлар1 киритилган, улар билан ҳисобварақ-фактуралар ёзиш, воситачининг ҳисоботларини тақдим этиш сингари ҳолларда комитент ва воситачи ўртасидаги ўзаро муносабатларни ҳужжат билан расмийлаштириш тартиби белгиланган.
1МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 21.01.2008 йилда 1760-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Жавобни «Norma Ekspert»
мутахассислари тайёрладилар.