Қўшма корхона кичик бизнес субъекти ҳисобланади, у ягона солиқ тўловининг тўловчисидир. 2011 йилда у Хитойдаги юридик шахс билан асбоб-ускуналарни етказиб бериш, шунингдек ишга тушириш-монтаж қилиш ва созлаш ишлари, ходимларни ўқитишга доир импорт контрактини тузди.
Тўлов манбаи сифатида бизда норезидент юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, импорт хизматларига қўшилган қиймат солиғи ва норезидентлардан хизматлар қабул қилишда ягона солиқ тўлови бўйича қандай солиқ мажбуриятлари юзага келади? Ушбу солиқлар бўйича солиқ солинадиган база қандай белгиланади?
ҚК директори.
– Ўзбекистон норезидентидан ишлар, хизматлар қабул қилинганда (ишлар, хизматлар импорти) муайян ҳолларда фойда солиғи ва ҚҚС тўлаш мажбуриятлари юзага келади.
Фойда солиғи. Норезидент даромадларига солиқ солиниши унинг Ўзбекистондаги солиқ мақомига боғлиқдир. Уни белгилаш чоғида «доимий муассаса» тушунчаси қўлланади.
Агар Хитойдаги ҳамкорингиз Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширмаса, унинг Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромадларига тўлов манбаида ушбу даромадларни олиш билан боғлиқ харажатларни чегирмаган ҳолда солиқ солиниши керак (Солиқ кодексининг (СК) 155-моддаси). Яъни ушбу ҳолда норезидент даромадларидан фойда солиғини ушлаш ҳамда бюджетга ўтказиш мажбурияти юридик шахс – уларни тўлов манбаига юкланади.
Бироқ иккиёқлама солиқ солинишини олдини олишга доир Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси ҳукумати ўртасидаги битим1 7-моддасининг 1-бандидан келиб чиқишича, Ўзбекистондаги тадбиркорлик фаолиятини доимий муассаса орқали амалга оширмайдиган Хитой корхонасининг фойдасига фақат Хитойда солиқ солиниши керак. Демак, Ўзбекистонда доимий муассаса мақомисиз ишларни (хизматларни) бажарадиган ХХР резидентлари давлатимиз бюджетига солиқ тўламасликлари керак.
Тўлов манбаида солиқ ушламаслик учун асос бўлиб Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ солиқ тўлашдан озод қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон солиқ органлари томонидан тасдиқланган солиқни тўлашдан озод этиш тўғрисидаги ариза ҳисобланади (СКнинг 155-моддаси). Бундай аризани даромад олувчининг ўзи (норезидент) ёки у вакил қилган шахс (агар у бундай ариза тақдим этиш ҳуқуқи берилган ишончномага эга бўлса) олдиндан (норезидентга даромад тўланишига қадар) белгиланган шаклда2 3 нусхада тўлдиради ва ДСҚга беради. Унга қуйидагилар илова қилинади:
ХХРнинг ваколатли органи томонидан берилган, юридик шахснинг ХХРдаги доимий жойлашган жойи (резидентлиги) далилининг расмий тасдиқномаси;
илова хат ва норезидент Ўзбекистондаги манбадан даромад олиши қайд этилган контракт (шартнома)нинг нусхаси.
ДСҚ ҳужжатлар топширилган пайтдан бошлаб 30 кун мобайнида фойда солиғи тўлашдан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади, кейин ариза, аризачини тегишинча хабардор қилган ҳолда, корхона – тўлов манбаи (солиқ агенти) рўйхатдан ўтказилган жойдаги ҳудудий солиқ органига юборилади. Ҳудудий солиқ органи аризанинг 3 нусхасини тасдиқлайди, уларнинг иккитасини аризачига юборади. Бир нусха Ўзбекистонда даромад тўлайдиган корхонага тақдим этилиши керак.
Шу тариқа, агар ХХРдаги ҳамкор Ўзбекистон солиқ органлари тасдиқлаган тегишли аризани тақдим этиб, юқоридаги Битимга мувофиқ солиқ тўлашдан озод бўлиш ҳуқуқини тасдиқласа, сиз унинг даромадларидан фойда солиғини ушламасликка ҳақлисиз. Агар бундай ариза бўлмаса, корхонангиз норезидентга даромаднинг тўлов манбаи сифатида 20%лик ставкада фойда солиғини ушлаши ва республика бюджетига ўтказиши керак (СКнинг 160-моддаси). Солиқ суммаси норезидентга даромад тўлаш санасида ЎзР МБ курси бўйича ҳисобланган контрактга доир ишлар (хизматлар) қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади. Хорижий ҳамкорга ушланган солиқ чегирилган ҳолда сумма ўтказилади.
Агар ХХРдаги ҳамкорингиз Ўзбекистон солиқ органларида доимий муассаса сифатида ҳисобга турган бўлса, у мамлакатимизда олинган даромадлардан фойда солиғини СКнинг 154-моддаси билан белгиланган тартибда ўзи тўлаши керак.
Ўзбекистондаги доимий муассаса сифатидаги мақомини тасдиқлаш учун хорижий ҳамкор корхонангиз бухгалтериясига солиқ органлари тасдиқлаган, доимий муассаса сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисида маълумотномани тақдим этиши керак. Бундай маълумотнома бўлганда сиз норезидентга контрактда кўрсатилган барча суммани, яъни тўлов манбаида фойда солиғини ушламасдан тўлашга ҳақлисиз.
ҚҚС. Ишлар (хизматлар) импорти қилинганда қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ оқибатларини белгилашда СКнинг 207-моддасига амал қилиш зарур. Унга кўра норезидент томонидан тақдим этилган ишлар, хизматлар, агар уларнинг реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлса, уларни олувчида (ҳатто агар у ҚҚСсиз ЯСТ тўловчи ҳисобланса ҳам) ҚҚС бўйича солиқ солинадиган оборот ҳисобланади. Яъни ҳар бир аниқ ҳолда ҚҚС тўлаш масаласини ҳал қилаётганда, СКнинг 202-моддасига кўра, ушбу ишлар (хизматлар) қаерда реализация қилинганлигини аниқлаш лозим бўлади.
Республика ҳудудида жойлашган асбоб-ускунани (кўчар мулкни) монтаж қилиш ва созлаш ишларини реализация қилиш жойи бўлиб Ўзбекистон ҳудуди ҳисобланади (СК 202-моддаси учинчи қисмининг 2-банди).
Ходимларни ўқитиш хизматлари кўрсатилганда реализация қилиш жойи СК 202-моддаси учинчи қисмининг 4-банди бўйича белгиланади: агар корхона – ушбу хизматлар харидори фаолиятни Ўзбекистон ҳудудида амалга оширса (Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган бўлса), улар мамлакатимизда реализация қилинган ҳисобланади.
Шу тариқа, корхонангиз учун ХХРдаги юридик шахс бажарган ишлар (хизматлар) турларига татбиқан олганда, реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳисобланади. Бинобарин, сиз учун қабул қилинган ишлар (хизматлар) ҚҚС солинадиган оборотдир.
ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база Ўзбекистон норезидентига тўланиши лозим бўлган суммадан келиб чиқиб, даромад тўлаш манбаида ушлаб қолинадиган фойда солиғини чегириб ташламаган ҳолда (агар фойда солиғи ушланган бўлса) белгиланади. Ишлар, хизматлар ҳақи чет эл валютасида тўланган тақдирда, ҚҚС оборот амалга оширилган санадаги, яъни ушбу ишлар, хизматлар қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжат расмийлаштирилган санадаги ЎзР МБ курси бўйича сўмда ҳисоблаб чиқилган ишлар (хизматлар) қийматидан келиб чиқиб белгиланиши лозим.
ЯСТ. Ҳар қандай вазиятда ягона солиқ тўлови бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди, чунки норезидентлар ушбу солиқни тўловчилари бўлиб ҳисобланишмайди. Бундан ташқари, хизматларга ҳақ тўлаш харажатлари корхонангиз ЯСТ суммасига ҳам таъсир кўрсатмайди, зеро ЯСТ бўйича солиқ солинадига база шакллантирилаётганда харажатлар ҳисобга олинмайди.
1Тошкент, 3.07.1996 йил. 1996 йил 3 июлдан кучга кирган.
2Ариза шакли МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 21.01.2008 йилда 1760-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 1-иловада келтирилган.
Ольга РАХМАТУЛЛИНА, «Norma Ekspert» мутахассиси.