Norma.uz
Газета СБХ / 2026 год / № 42 / Уй-жой-коммунал хўжалиги

БК юристи кимни ҳимоя қилади?

 

Бошқарув компаниясида юрист хизматлари учун ким ҳақ тўлаши керак: БК ўз маблағлари ҳисобиданми ёки ККУ аҳолиси уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш учун мажбурий тўловлар ҳисобиданми? Бошқарув компанияларида юристлар штатдаги ходимлар ҳисобланади ёки улар фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича жалб қилинади. Уларни сақлаш харажатлари БКнинг маъмурий (бошқарув) харажатларига киради. Улар сметага киритилган ва шунга мос равишда мулкдорларнинг мажбурий ойлик тўловлари таркибига «қўшиб юборилган».

Яъни, ҳуқуқшунослар мулкдорлар маблағидан ҳақ олади.

Аммо улар БКда кимнинг манфаатларини ҳимоя қиладилар: ижарачиларнингми ёки бошқарувчиларнинг? Агар аҳоли ўз маблағлари ҳисобига юристни таъминласа, у уларга, масалан, квартирани сув босиши, БКнинг ноқонуний ҳисоблашлари, сифатсиз таъмирлаш ёки бошқарув компанияси томонидан режалаштирилган ишларнинг бажарилмаслиги, ноқонуний реконструкция ва қайта режалаштириш оқибатлари ва бошқаларда ёрдам бериши лозимми?

 

 

Фикр шахсий – муаммо умумий

Аҳоли, умуман олганда, бу масала устида бош қотирмайди. Унга фейс букда «ХУМШ ва у билан қандай яшаш керак» гуруҳининг аъзоларидан бири эътибор қаратди. Бу шахсий фикр бўлиб, унда ўта долзарб масала кўтарилган.

 

«Юрист БКнинг штатдаги ходими бўлиб, моҳиятан фақат унинг манфаатларини ҳимоя қилганда, унинг ҳаракатларининг холислиги ва адолатлилиги ҳақида савол туғилади. Агар аҳолининг мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлса, унинг асосий вазифаси ушбу маблағларни бошқарув компанияси фойдасига ундиришдан иборат.

Бошқача айтганда, юрист қарздорлардан пул ундиришга ёрдам беради. Эҳтимол, бу қўпол туюлиши мумкин, аммо бу унинг БКдаги асосий вазифасини акс эттиради: бошқарув компанияси ўз вазифаларини қандай бажараётганидан қатъи назар, қарзни ундириш жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш.

05.02.2026 йилдаги «Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-48-сон қарорга мувофиқ 2026 йил 1 июлдан бошлаб кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш учун тўловлар ҳар ойнинг 15-санасигача банк ҳисобрақамига келиб тушиши керак. Муддат ўтказиб юборилган тақдирда, аҳолининг электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш имконияти автоматик равишда чекланади. Мажбурий бадаллар ёки тўловлар бўйича қарздорлик тўлиқ тўлангандан кейингина у тикланади.

Яъни, энди мулкдорлар БК амалда қонунларни бузган тақдирда ҳам тўловни амалга оширишга мажбур. Ваҳоланки, аҳоли кўпинча айнан шундай ҳолларда тўловни тўхтатади. Аммо бунда юрист аҳоли манфаатларини ҳимоя қилмайди. Бошқарув компаниясининг ҳисоботлари, «Менинг уйим» платформасидаги уйимиз учун асосланган ва ишончли сметаларнинг йўқлиги бунинг тасдиғидир. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бунга муносабат билдирмаяпти ва муаммони бартараф этиш учун деярли ҳеч нарса қилмаяпти. Юрист БК фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлайди. У менежерлар биллингни бузаётганидан хабардор бўлиши керак.

Юрист хизматларига уй-жой мулкдорларининг мажбурий бадаллари ёки тўловлари ҳисобидан ҳақ тўланишини нотўғри деб ҳисоблайман. Юрист БК ходими ва ҳар доим унинг тарафида бўлади.

БК маъмурий ходимларига ҳисобланган маблағларнинг асослилигини синчиклаб текшириш зарур. 07.11.2019 йилдаги «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги ЎРҚ-581-сон Қонунга мувофиқ даромадлар ва харажатлар сметаси шаффоф бўлиши ҳамда жойларнинг мулкдорлари томонидан тасдиқланиши керак. Умумий йиғилиш умумий мол-мулкни бошқариш, унга хизмат кўрсатиш ёки уни таъмирлаш учун юридик ёки жисмоний шахс билан шартнома тузиш тўғрисида қарор қабул қилади. Маъмурий харажатларни, шу жумладан юристнинг иш ҳақини молиялаштириш тартибини бошқарув шартномасида аниқ белгилаш керак, аксарият ҳолларда бундай шартнома мавжуд бўлмайди».

 

Манфаатлар мос келиши учун

Юрист БКга қарши чиқмайди, чунки унинг учун ишлайди. У аҳолининг шахсий муаммолари ва низолари бўйича манфаатларини ҳимоя қилмайди. Агар уларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурати туғилса, бошқа мутахассисларни ёллашга ва уларга бу хизмат учун ҳақ тўлашга мажбур бўладилар.

Умуман олганда, юристнинг иши уй-жой қонунчилигига риоя қилишга қаратилган бўлиб, бу ККУдаги жойлар мулкдорларининг умумий манфаатларига мос келади.

Масалан, юрист БК манфаатлари йўлида ҳаракат қилиб, уйда яшовчиларнинг мажбурий бадалларни ўз вақтида тўлашига муваффақ бўлади. Тўловлар тўланмаганлиги сабабли бошқарувчи ташкилот режалаштирилган таъмирлашни амалга ошира олмайди, тўланган қарзлар эса шундай имкониятни яратиб беради. Мазкур ҳолатда юрист инсофли тўловчиларнинг манфаатларини ҳам ҳимоя қилади.

Ёки у судда коммунал хизмат кўрсатувчилар билан низолашаётган бошқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилади. Унинг мақсади мулкдорларнинг умумий мулки бўлган уйдаги умумий тизимларнинг узлуксиз ишлашида БКга ёрдам беришдир. Юристнинг малакали ҳаракатлари авариялар ва жарималарнинг олдини олишга ёрдам беради ва бундан аҳоли ҳам манфаатдор бўлади.

Юрист давлат, бошқа органлар билан ҳамкорлик қилади, хатларга, кўрсатмаларга жавоб беради, бошқарувчиларга шартномалар тузишда, ҳужжатларни юритишда ёрдам беради. ККУ бошқарувини малакали ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ҳам аҳолининг умумий манфаатларига мос келади.

Аммо БК маблағларни мақсадсиз сарфлашга йўл қўйса, ҳужжатларни қалбакилаштирса, режалаштирилган таъмирлашни бажармаса, юрист эса уни яширса, нима қилиш керак? Бундай ҳолатда, унинг хатти-ҳаракатлари аҳолининг умумий манфаатларига аниқ зид келади ва улар БК олдига унинг хизматларидан воз кечиш масаласини қўйиши мумкин. Аҳоли ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун етарли имкониятларга эга: бошқарувчи компанияни алмаштириш, уй-жой инспекцияси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, прокуратура, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, суд органларига мурожаат қилиши мумкин. Афсуски, уларда қоидабузарликларни бартараф этиш имконини берувчи ҳуқуқий воситалар қанчалик кўп бўлса, амалда бунга эришишнинг имкониятлари шунчалик кам бўлади. Қонунлар ишлашини қандай таъминлаш мумкин?

 

«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 40 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика