Кўп қаватли уй ХУМШ хизматида бўлган, ҳозирда эса бошқарув компаниясига ўтказилган бўлиб, унда 100 га яқин кўп квартирали уйлар (ККУ) мавжуд. Уйимизда ертўлалар бор. Илгари биз уларни ижарага берардик ва бу умумий мол-мулкни таъмирлашда катта ёрдам берарди. Энди БКда нима бўлади? Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини, жумладан умумий мол-мулкни ижарага бериш билан боғлиқ масалаларни тартибга солувчи янги ҳужжат чиқди деб эшитдик. Уй БКга ўтказилганда ертўлалар аввалгидек жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулки бўлиб қоладими ва унга яна нималар киради? Биз аввалгидек ертўлаларга эгалик қила оламизми, ижара ҳақини уйимиз эҳтиёжларига йўналтира оламизми ёки у бошқарув компаниясининг «умумий қозони»га кириб кетадими?
– «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг (07.11.2019 й. ЎРҚ-581-сон) 6-моддасида кўп квартирали уйдаги умумий жойлар, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техник ускуналари ва қурилмалари ҳамда ва бошқа ускуна ва қурилмалар мулкдорларнинг кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулки эканлиги белгиланган.
05.02.2026 йилдаги «Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-48-сон қарорга асосан кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни ижарага бериш «E-аукцион» электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади. Барча маблағлар (кимошди савдоси харажатларидан ташқари) кўп квартирали уйнинг банкдаги ҳисобрақамига ўтказилади.
Кўп квартирали уйларда мажбурий тўловлар ҳамда ижара ва умумий мол-мулкдан фойдаланиш бўйича тўловлар ҳисоби «Менинг уйим» ахборот биллинг тизими (АБТ) орқали юритилади.
Ҳар бир ККУ учун мажбурий тўловлар, шунингдек ижара ҳақи ва умумий мол-мулкдан фойдаланишдан тушадиган маблағларнинг алоҳида ҳисобини юритиш учун алоҳида банк ҳисобварағи очилади (жой мулкдорлари номига).
Умумий мол-мулкни ижарага беришдан, мобиль алоқа учун антенналар ўрнатишдан, рекламани жойлаштиришдан олинган даромадлар ва умумий мол-мулкни ижарага беришдан ҳамда ундан фойдаланишдан олинган бошқа шунга ўхшаш даромадлар мажбурий тартибда ККУнинг банк ҳисобварағига йўналтирилади ва мулкдорларнинг даромади ҳисобланади.
Яъни, ҳужжатда БКда маблағларни ҳар бир уй бўйича алоҳида-алоҳида ҳисобга олиш ва ҳар бир уй мулкдорларининг маблағларидан унинг эҳтиёжлари учун фойдаланиш назарда тутилган. Бироқ шу ернинг ўзида фавқулодда вазиятларни тезкорлик билан бартараф этиш учун бир кўп квартирали уйдаги маблағлар жойларнинг мулкдорларига «Менинг уйим» тизими орқали ҳисобот тақдим этиш шарти билан БК бошқарувидаги бошқа кўп квартирали уйга сарфланиши мумкинлигини белгиловчи бошқа бандга дуч келамиз. БК ҳақиқий ҳисобот билан шуғулланмаслигини инобатга олсак, бу «умумий қозон» бўлиб, унинг охири кўринмайди.
Яна бир муҳим жиҳат. ПҚ-48-сон қарорга мувофиқ ККУларни капитал таъмирлаш жамғармаси ташкил этилади. Жойлар мулкдорлари мажбурий бадалларининг 10%ини ва умумий фойдаланишдаги уй-жойлар учун ижара тўловининг 30%ини ушбу жамғармага йўналтириш назарда тутилмоқда. Яъни, ертўла ижарасидан келадиган қўшимча даромаднинг учдан бир қисмини аҳоли ушбу жамғармага беради. Бундан ташқари, бошқарув органлари ижара даромадидан яна солиқ тўлайдилар. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу бошқарув органининг умумий мол-мулкни ижарага беришдан келадиган қўшимча даромадлардан фойдаланишига жиддий чеклов бўлади.
«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
