Давлат ўрмон фондига кирмайдиган айрим дарахтларни кўчириб ўтказиш мумкин бўлади. Бу 30.06.2026 йилдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 342-сон ВМҚда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, ердан 1,3 метр баландликдаги ва тана диаметри 15 сантиметргача бўлган бундай дарахтларни ҳамда тана илдиз бўғзи диаметри 10 сантиметргача бўлган буталарни рухсатнома асосида кўчириб ўтказилади. Дарахт ва буталарни санитар мақсадида кесиш, шакл бериш ҳамда уларнинг рухсат этилган турларини (япроқ ва игна баргли) кўчириб ўтказиш куз мавсумида – ўсимликларнинг вегетация даври якунлангандан сўнг ва баҳор мавсумининг 1 апрелига қадар амалга оширилади.
Дарахт ва буталарни кўчириб ўтказиш ва кесишга рухсатнома бериш учун ЎзР Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси масъул ҳисобланади. Рухсатнома олиш учун дарахт ва буталарнинг турлари, сони, кўчириб ўтказиш жойи ва мақсади кўрсатилган ҳолда ариза бериш лозим.
Дарахт ва буталарни кўчириб ўтказиш уларнинг илдиз тупроғини сақлаган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Кўчириб ўтказиш учун рухсатномалар ҳар бир кўчирилган дарахт ва буталарни 3 йил давомида парвариш қилиш шарти билан берилади.
Ҳужжат билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларининг янгиланган рўйхати тасдиқланди.
Давлат дастурлари, транспорт ва йўл инфратузилмаси объектлари, йирик инвестиция лойиҳалари, шунингдек давлат аҳамиятига эга бошқа лойиҳалар доирасида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишда белгиланган ўлчамлардан ортиқ бўлган дарахт ва буталарни кесишга фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида йўл қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2022 йилдан бошлаб давлат ўрмон фондига кирмайдиган қимматбаҳо дарахт ва бута турларини кесишга муддатсиз мораторий жорий этилган.
«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
