Ташкилотимиз молиявий йилни ҳар доим зарар билан якунлайди. 2024 йил якуни бўйича ҳам зарар билан чиқдик.
Фойда солиғининг 8 ва 9-иловалари қайси ҳолатда тўлдирилади?
– Олдинги солиқ даврида (даврларида) СК 333-моддасининг 1-қисмига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган зарари (зарарлари) бўлган солиқ тўловчи жорий солиқ даврининг фойдасини ушбу кўрилган зарарнинг бутун суммасига ёки ушбу сумманинг бир қисмига камайтиришга ҳақлидир (СК 333-м. 3-қ.).
Солиқ базаси олдинги солиқ даврида (даврларида) кўрилган зарар суммасига фақат жорий солиқ даврининг якунлари бўйича камайтирилиши мумкин (СК 333-м. 4-қ.).
2020 йил 1 январга қадар кўрилган зарар суммасини 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддат мобайнида ушбу зарар кўрилган солиқ давридан кейинги даврларга ўтказиш мумкин. Ўтказиладиган жами зарар суммаси жорий солиқ давридаги солиқ базасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим (30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонун 6-м.).
2022 йилдан бошлаб 2020 йил якуни ва келгуси йиллар бўйича кўрилган зарарларни муддати ҳамда миқдори бўйича чекловларсиз ўтказишингиз мумкин (29.12.2021 йилдаги ЎРҚ-741-сон Қонун 1-м. 44-б.).
Демак, солиқ тўловчи жорий солиқ даврининг фойдасини олдинги солиқ даврларидаги зарарга камайтиришга ҳақли. Бунинг учун у Фойда солиғи ҳисоб-китобининг 8-иловасини, айрим операциялар бўйича 9-иловасини тўлдиради. Эътибор берингки, солиқ тўловчи фақатгина фойда юзага келганда уни олдин кўрилган зарар ҳисобига камайтириши мумкин. Агар корхона жорий йил якуни бўйича зарар кўрса, 8 ва 9-иловаларни тўлдиришдан наф йўқ, ҳисоб-китобда ушбу суммалар иштирок этмайди.
Дилором САИДОВА, «Норма» эксперти.