Пахта-тўқимачилик кластерлари, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари учун 19.09.2025 йилдаги ПҚ-290-сон қарор билан ижтимоий солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар, субсидиялар, хом ашё қийматини қоплаш ва кредит преференциялари назарда тутилди.
Буларнинг қайсиларидан ҳозир фойдаланиш мумкин?
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб 3 йил муддатга:
• пахта-тўқимачилик кластерлари ва тўқимачилик ҳамда тикув-трикотаж саноати корхоналари ижтимоий солиқ ставкасини – 1% миқдорида қўллайди;
• белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган аралаш мато ва газлама, чарм ва ипак саноати учун зарур хом ашёлар божхона божидан озод этилади.
2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача – тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм галантерея саноати тадбиркорлик субъектлари 27.12.2024 йилдаги ПФ-229-сон Фармонга мувофиқ аллақачон 1% ижтимоий солиқ ставкасини қўлламоқда. Лекин – муайян шартларда!
Штатдаги ходимлар сони 200 нафардан ортиқ бўлган пахта-тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари ҳузурида ташкил этилган мактабгача таълим ташкилотларига нодавлат оилавий мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган шартларда субсидиялар ажратилади.
Шунингдек, 2025 йил пахта ҳосилини ўз вақтида ва йўқотишсиз териб олишни таъминлаш мақсадида фермер хўжаликларига улар томонидан қайта ишловчи корхоналарга, шу жумладан кластерларга биржа савдолари орқали электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштирган ҳолда сотилган ҳар бир тонна пахта хом ашёси учун 1 млн сўмдан субсидия ажратилади.
Кластерлар ва тармоқ корхоналари ўз маблағлари ҳисобидан пахта етиштирган ёки харид қилган тақдирда Давлат бюджети хом ашё қийматининг 10%ини қоплаб беради.
2026 йилдан бошлаб:
• пахта ҳосили учун имтиёзли кредитлар фақат пахта толасини қайта ишлаш қувватлари мавжуд ёки ип-йигирув корхоналари билан кооперация тизимини йўлга қўйган кластерларга берилади;
• пахта хом ашёсини биржа савдолари орқали харид қилишда кластерларнинг ишлаб чиқариш қувватларига мос ҳажмларда фьючерс, форвард ва спот шартномалар тузилади;
• олдинги йилдаги пахта ҳосилининг якуний ҳисоб-китоблари учун ажратилган имтиёзли кредитларни белгиланган муддатларда тўлиқ қайтармаган кластерлар ва тўқимачилик корхоналарининг биржа савдолари орқали фьючерс шартномаси асосида пахта хом ашёсини харид қилишига йўл қўйилмайди.
buxgalter.uz.