Солиқ маслаҳатчиси Иродахон АББОСХОНОВА ўзининг Телеграм каналида солиқ органлари томонидан камайтиришга оид аниқлаштирилган ҳисоботни қабул қилиш юзасидан сўровнома ўтказди. Натижалар кўнгилдагидек эмас: автоматик тарзда қабул қилиш – нодир ҳодиса, бухгалтерлар телефон қилишга, хат ёзишга, ойлаб кутишга мажбур... Аммо Солиқ кодекси бутунлай бошқача тартибни белгилайди.
Солиқ маслаҳатчиси амалиётни қонунга мувофиқлаштириш ва солиқ тўловчилар билан солиқ органининг манфаатларини мувозанатлаштириш бўйича аниқ таклифларини биз билан улашди:
– Сўровномада 135 нафар мутахассис иштирок этди. Иштирокчиларга қуйидаги савол берилди: сизнинг вилоятингизда агар солиқ суммаси камайтирилса, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини қабул қилиш амалиёти қандай ҳолатда?
Жавоблар қандай тақсимланди:
• 4% – ҳисобот топширилган кунининг ўзида автоматик қабул қилинади;
• 74% – фақат телефон қилгандан ёки ёзма мурожаатдан кейин қабул қилинади;
• 8% – бир ой мобайнида қабул қилинади;
• 12% – 1 дан 3 ойгача;
• 8% – бир йил ўтгандан кейин ҳам қабул қилинмаган.
Нисбатан кичик танлама бўлишига қарамай, бу натижалар профессионал жамоа амалиётда дуч келаётган ҳолатни акс эттиради. Муаммо оммавий характерга эга ва якка ҳолатлар билан чекланмайди.
Солиқ кодекси нима дейди
СКнинг 82 ва 83-моддаларига асосан солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини топширишга ҳақли. Бундан ташқари, Кодексда солиқ органи бундай ҳисоботни қабул қилмаслик ҳуқуқига эга бўлган ҳеч қандай асослар йўқ – ҳатто у солиқ суммасини камайтиришга олиб келса ҳам. Бу шуни англатадики, қабул қилишдан бош тортиш, шунингдек қабул қилиш муддатларини чўзиш – қонунчилик меъёрларини бузишдир.
Нима учун бундай бўлмоқда?
Амалиётда солиқ органлари ҳақиқатдан ҳам, одатда, ҳисоботни автоматик тарзда қабул қилмайди. Ҳа, баъзи ҳолатларда солиқ мажбуриятларини пасайтириш солиқ тўловчиларнинг инсофсиз ҳаракатлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай хавфлар бор – ҳеч ким бунга эътироз қилмайди. Лекин мукаммал жамият мавжуд эмаслигини тан олиш керак ва бундай хавфлар доимо мавжуд – ҳам Ўзбекистонда, ҳам бошқа мамлакатларда. Бироқ алоҳида салбий ҳолатларнинг мавжудлиги барча солиқ тўловчиларнинг қонуний ҳуқуқларини чеклаш учун асос бермайди.
Энди амалий таклифларга ўтамиз
Таклифларсиз танқид – бўш овоз. Таклифлар эса бор.
Солиқ органлари хавфларни самарали бошқаришни билишларини исботладилар. Мисол сифатида – катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлайдиган ва солиқ тўловчиларни ишончлилик даражаси бўйича тезкор таснифлаш имконини берадиган рейтинг тизими. Худди шу ёндашувни аниқлаштирилган ҳисоботга ҳам қўллаш мумкин.
Бу қандай ишлаши мумкин:
• солиқни камайтириш билан ҳисобот топширганда солиқ тўловчи асосий параметрлар билан электрон анкетани тўлдиради;
• тизим маълумотларни хавфлар нуқтаи назаридан автоматик таҳлил қилади;
• агар хавфлар бўлмаса – ҳисобот инспектор аралашувисиз автоматик қабул қилинади;
• агар хавфлар бўлса – ҳисобот «қўлда» текшириш учун жўнатилади. Бундай текширувни албатта Солиқ кодексида назарда тутиш керак.
Бу ёндашув субъектив кечикишларни истисно қилади, солиқ органларининг ресурсларини озод қилади ва солиқ тўловчилар ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлайди.
Аниқлаштириш ҳисоботлари амалда инсоний омилга таянади – ва бу бир неча йилдан бери давом этмоқда. Ниҳоят уларни автоматлаштириш яхшироқ эмасми?
buxgalter.uz.