Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 17 сентябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 21 декабрда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш соҳасига хусусий секторни жалб этиш, бу борада тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга карантин остидаги маҳсулотни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқишда қўшимча қулайликлар яратиш, бу маҳсулотнинг фумигацияси бўйича тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, ушбу фаолиятни амалга оширишда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига юридик шахсларга Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятни лицензия асосида амалга ошириш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби, шунингдек минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг улгуржи ҳамда чакана савдоси ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятни лицензиясиз амалга оширганлик учун жарималар миқдорлари белгиланмоқда.
«Давлат божи тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунида минерал ўғитларнинг ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни ҳамда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятни лицензиялаганлик учун давлат божи миқдорлари белгиланмоқда.
Ушбу Қонун карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятнинг юридик шахслар томонидан амалга оширилишига ҳамда бундай маҳсулотни экспорт қилувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 31 августда қабул қилинган «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги 113-I-сонли Қонунига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 6-модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошиси «реэкспорт учун фитосанитария сертификатини бериш» деган сўзлардан кейин «Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятни лицензиялаш» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
2) 11-модданинг биринчи қисми:
қуйидаги мазмундаги ўн биринчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«юридик шахсларга Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия беради»;
ўн биринчи–ўттизинчи хатбошилари тегишинча ўн иккинчи–ўттиз биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
3) 24-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Карантин остидаги маҳсулот олиб кирилаётганда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташилаётганда транспорт воситаларидаги ва бўш омборлардаги фумигация ишлари зарарсизлантириш (фумигация) бўлимлари томонидан амалга оширилиб, уларнинг якунлари бўйича зарарсизлантириш тўғрисидаги далолатнома расмийлаштирилади.
Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси ушбу фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилиб, унинг якунлари бўйича зарарсизлантириш тўғрисидаги далолатнома расмийлаштирилади».
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган «Давлат божи тўғрисида»ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига илова қуйидаги мазмундаги 52-банд билан тўлдирилсин:
« |
52. Фаолиятнинг айрим турларини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан лицензиялаганлик учун тўланадиган давлат божи |
|
||
|
|
а) минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг улгуржи ҳамда чакана савдоси бўйича фаолият |
– БҲМнинг 2 баравари |
|
|
б) Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолият |
– БҲМнинг 3 баравари |
». |
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлда қабул қилинган «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ЎРҚ-701-сонли Қонунига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 16-модданинг:
биринчи қисми қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолият»;
бешинчи–тўққизинчи хатбошилари тегишинча олтинчи–ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
иккинчи қисмидаги «иккинчи–тўққизинчи хатбошиларида назарда тутилган» деган сўзлар «иккинчи–ўнинчи хатбошиларида назарда тутилган» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 1-илова қуйидаги мазмундаги 60-позиция билан тўлдирилсин:
« |
60. |
Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия |
Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолият |
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги |
»; |
3) 4-илованинг I бўлими қуйидаги мазмундаги 53 ва 54-позициялар билан тўлдирилсин:
« |
53. |
Минерал ўғитларни ва ўсимликларни ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган кимёвий воситаларнинг улгуржи ҳамда чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия |
250 |
|
|
54. |
Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия |
250 |
». |
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ушбу Қонун 1-моддасининг 1-бандида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигацияси бўйича фаолиятни лицензиялаш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонун 1-моддаси 3-бандининг учинчи хатбошисида назарда тутилган юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилаётган карантин остидаги маҳсулотнинг фумигациясини амалга ошириш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти
Ш.МИРЗИЁЕВ.
Тошкент ш.,
2025 йил 20 январь
ЎРҚ-1020-сон.
*Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.07.2025 йилдан кучга киради.
**Ушбу Қонун «Норма маслаҳатчи»да кўчирмада берилмоқда. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.