Norma.uz
Газета СБХ / 2025 год / № 04 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди

 

Марказий банк бошқаруви 2025 йил 23 январда асосий ставкани йиллик 13,5% даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Сўнгги ойларда умумий инфляция пасайиб бориши билан бирга иқтисодиётдаги инфляцион омиллар турли йўналишларда шаклланмоқда. Келгуси чоракларда инфляцияга ўтган йилги энергия нархлари эркинлаштирилишининг таъсири камайиб бориши кутилаётганлигига қарамасдан инфляцион кутилмалар юқори даражада сақланиб қолаётганлиги пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

Қабул қилинган қарор базавий инфляция кўрсаткичлари ва инфляция кутилмаларини барқарор пасайиш трендига қайтаришга ва ўрта муддатли истиқболда 5 фоизлик таргетга эришиш учун етарли шароит яратишга қаратилган.

Умумий инфляция даражаси 2024 йил октябрь ойидан пасайиш трендига ўтиб, декабрда йиллик 9,8%ни ташкил этди. Ушбу трендга нархлар барқарорлашувининг мустаҳкамланаётганлигининг ифодаси сифатида қараш мумкин. 2024 йил якунида истеъмол саватидаги товар ва хизматларнинг тўртдан уч қисмида нархлар ўсиши 2023 йилга нисбатан секинлашди.

Айни пайтда, декабрь ойида базавий инфляция бироз тезлашиб, 7,2%гача ошди. Бунда хизматлар ва ноозиқ-овқат товарлари базавий инфляцияси нисбатан юқори даражада шаклланаётгани таклиф омиллари билан бир қаторда ялпи талаб ортиши билан боғлиқ инфляцияни келтириб чиқарувчи омиллар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Иқтисодиётда 2023–2024 йиллардаги истеъмол ва инвестицион фаолликнинг юқори даражаси сақланиб қолмоқда. Хусусан, иш ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг юқори ўсиши аҳоли реал даромадлари ошишига хизмат қилди. Бу эса юқори иқтисодий фаоллик фонида келгуси ойларда ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватловчи таъсирга эга бўлиб, базавий инфляцияга оширувчи босим яратиши мумкин.

2024 йил ноябрь–декабрь ойларида мавсумий характерга эга таклиф омилларининг намоён бўлиши ҳисобига аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмалари даражасида ўсиш қайд этилди.

Келгусида инфляцияга ушбу таъсирларнинг камайиб бориши, нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ҳамда макроиқтисодий барқарорликнинг таъминланиши инфляцион кутилмаларнинг пасайишига ёрдам беради.

Янгиланган прогнозларга кўра, 2025 йил якунига умумий инфляция 7–8% атрофида шаклланиши кутилмоқда.

 

Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2025 йил 13 март кунига белгиланган.

 

norma.uz.

Прочитано: 51 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика