Юридик шахс томонидан онлайн-аукционда қатнашиш натижасида тузилган баённомага асосан шаҳар ҳудудидаги ер майдонидан 36 ой давомида фойдаланиш ҳуқуқи учун 190 млн сўм тўлаб берилган. Ушбу ерда кўчма савдо объекти ташкил этилади, унга кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмайди. Ушбу ажратилган ер майдонида савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Мазкур объект бўйича корхона қандай солиқларни тўлаши лозим?
– Корхонага фойдаланиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер майдони ер солиғи солиш объекти ҳисобланади (СК 426-м. 1-қ.).
Агар корхона ушбу ер майдонида кадастр ҳужжатлари расмийлаштириладиган кўчмас мулк объектларини қурмаса, мол-мулк солиғи тўлаш мажбурияти вужудга келмайди. Агар бундай объектлар қурилса, улар мол-мулк солиғи тўлаш объекти ҳисобланади (СК 411-м. 2-қ. 1-б.).
Бошқа солиқлар бўйича солиқ оқибатлари бу ерда қандай объектлар ташкил этилиши ва қандай фаолият амалга оширилишидан келиб чиқади.