Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 39 / Халқаро амалиёт сари

Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби тизимини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш истиқболлари

 

Бухгалтерия ҳисоби мамлакат иқтисодиёти учун фундаментал соҳа ҳисобланиб, ушбу тизимдаги ислоҳотлар жуда муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) инвесторларга бутун дунё бўйлаб имкониятлар ва рискларни аниқлашда ёрдам бериш орқали иқтисодий самарадорликка ҳисса қўшади ва шу билан бирга дунё бўйича капитал тақсимотини яхшилайди.

 

МҲХС турли юрисдикциялар учун изчил, шаффоф ва юқори сифатли молиявий ҳисобот тузиш учун асос ҳисобланади ҳамда компанияларнинг молиявий ҳолати, фаолияти ва пул оқимлари тўғри акс эттирилишини таъминлайди.

МҲХСнинг афзалликлари айнан нимада кўринади? Бугунги кунда бизнес оламида компаниялар кўпинча дунё бўйлаб инвестиция имкониятларини ўрганиб, халқаро операцияларни амалга оширадилар. Илгари – турли мамлакатларда турлича бухгалтерия қоидалари амал қилган даврларда ўзаро ҳамкорлик жараёнлари жуда қийин кечган, бунинг натижаси ўлароқ битимлар қимматроқлашган ва мураккаблашган. МҲХСнинг жорий этилиши ушбу ҳолатни тубдан ўзгартирди.

Биринчидан, ҳамма учун глобал стандарт. МҲХС стандартлари бутун дунё бўйлаб мамлакатларнинг бир хил бухгалтерия стандартларига риоя қилишини таъминлайди, бу эса турли қоидалар билан боғлиқ муаммолар ва рискларни камайтиради.

Иккинчидан, бозорларга ишончни ошириш. МҲХС стандартлари изчилликни таъминлаш орқали халқаро молия бозорлари ва у ердаги листинг компанияларига ишончни мустаҳкамлайди. Инвесторлар стандартлаштирилган ёндашувга таяниши мумкин.

Учинчидан, инвестор ишончи учун муҳим. Инвестор муайян компания томонидан тақдим этилган молиявий маълумотларга ишонади, чунки МҲХС стандартлари ҳисобот бериш, шаффофлик ва ишончлиликни таъминлаш учун умумий асосларни белгилайди.

Тўртинчидан, кенг доирада таққослаш. МҲХСга мувофиқлик турли юрисдикцияларда фаолият юритувчи компаниялар ўртасидаги молиявий маълумотларни яхшироқ таққослаш имконини беради. Бу инвестиция қарорларини осонлаштиради, инвесторларнинг ишончини оширади ва халқаро инвесторларни жалб қилади.

Бундан ташқари, МҲХС умумий молиявий тилда гаплашиш орқали ишончни мустаҳкамлайди ҳамда глобал бизнесни соддалаштирадиган тенг шароит яратади.

Шундай экан, сўнгги йилларда республикамизда ҳам бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида МҲХСни жорий этишга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан ЎзР Президентининг 2020 йил 24 февралдаги «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан МҲХСга ўтишни жадаллаштириш орқали хорижий инвесторларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятлари кенгайтирилди, шунингдек, ҳисоб ва аудит соҳалари мутахассисларини халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизими такомиллаштирилди.

Шу билан бирга, бухгалтерия ҳисоби соҳасини тизимлаштириш, МҲХСга ўтишни рағбатлантириш ва тадбиркорлик субъектларининг МҲХСга ўтиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, молиявий ҳисоботнинг ташқи сифат назорати тизимларини такомиллаштириш, шунингдек бухгалтер ва аудиторлар касбининг ҳуқуқий мақоми ва нуфузини мустаҳкамлаш, уларнинг касбий одоб-ахлоқ талабларига риоя қилиши, бухгалтерлик ва аудиторлик хизматлари сифатини халқаро стандартлар асосида таъминлаши, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасини рақамлаштириш орқали ривожлантириш бугунги кундаги долзарб масалалар ҳисобланади.

Ана шулардан келиб чиқиб, бухгалтерия ҳисоби соҳаси тизими ва МҲХСга ўтиш жараёнлари таҳлил қилинди ҳамда қуйидаги тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.

 

I. МҲХСни жорий қилиш ва бухгалтерия ҳисоби тизимининг таҳлили ҳамда улар билан боғлиқ масалалар

1) МҲХСни татбиқ этадиган ташкилотларни сифат мезонларига асосланган аниқ синфларга бўлиш керак.

МҲХСни жорий этиш компаниялар учун қўшимча харажат ва малакали мутахассисларни талаб этади. Президентимизнинг 2020 йил 24 февралдаги ­ПҚ-4611-сон қарорига асосан амалда жами 2 632 та юридик шахснинг (627 та АЖ, 35 та тижорат банки, 41 та суғурта ташкилоти ва 1 929 та йирик солиқ тўловчилар) МҲХСни жорий этиши белгиланган. МҲХСни татбиқ этадиган ташкилотларни сифат мезонларига асосланган аниқ синфларга бўлиш, жумладан «жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар» (ЖАЭТ, Public-interest entities (PIE) тушунчасининг ҳуқуқий мақомини белгилаш ва улар рўйхатини шакллантириш керак. Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасидаги барча ташкилотлар бухгалтерия ҳисобини тўлиқ МҲХСга мувофиқ юритиши, молиявий ҳисоботларни тузиши ва уларнинг аудиторлик хулосалари билан биргаликда ­эълон қилинишини ташкил этиши лозим;

2) Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларини (БҲМС) халқаро тамойилларга мувофиқлаштириш.

Бугунги кунда бухгалтерия ҳисобининг 23 та миллий стандартлари, шу жумладан молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этишнинг Концептуал асослари амалда.

Ушбу стандартлар амалдаги бухгалтерия ҳисоби тизими асосини ташкил этиб, бухгалтерия ҳисоби субъектлари мазкур стандартлар асосида тузилган молиявий ҳисоботларни мулкдорлар, акциядорлар, инвесторларга ҳам, солиқ органлари ва бошқа давлат органларига, қолаверса барча молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларга тақдим этиб келмоқда. МҲХС асосида тузиладиган молиявий ҳисоботлар ҳам дастлаб мазкур стандртлар базасида тайёрланмоқда.

Шундай экан, БҲМСлар бугунги ҳисоб тизимининг фундаментал асосини ташкил этади. Бироқ бизнес жараёнларининг ўзгаришига қараб бухгалтериянинг халқаро стандартларида ҳар йилги янгиланишига мувофиқ ўзгартириш зарур.

Шулардан келиб чиқиб, БҲМСларни унификация қилиш орқали МҲХСга уйғунлашган ҳолда ишлаб чиқиш ва уларни тадбиркорлик субъектлари (МҲХСга ўтиши белгиланган ташкилотлар бундан мустасно) фаолиятига босқичма-босқич жорий этиш лозим.

Маълумки, МҲХС бугунги кунда 140 дан ортиқ мамлакатлар томонидан қўлланиладиган молиявий ҳисобот учун кенг тарқалган глобал стандартдир. Умуман олганда, МҲХС стандартлари БҲХСга нисбатан анча кенг қамровли ва принципларга асосланган бухгалтерия ҳисоби стандартлари тўплами бўлиб, молиявий ҳисобот учун янада изчил ва шаффоф асосни таъминлайди.

Шулардан келиб чиқиб, БҲМСларни Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартлари каби ўзгартириш таклиф этилмоқда;

3) тадбиркорлик субъектларини МҲХСни қўллай оладиган кадрлар билан таъминлаш ва МҲХС бўйича ўқитиш харажатларини қоплаш тартибини такомиллаштириш керак.

Президентнинг ПҚ-4611-сон қарорига мувофиқ аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича ўқитиш, шунингдек, бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳон топшириш харажатлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан давлат бюджетидан қоплаб берилмоқда.

Бугунги кунга қадар бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотнинг аккредитациясидан ўтган ўқув марказлари томонидан МҲХС бўйича (бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот», «Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR ACCA)» курслари ва бошқалар) ўқитилган 1 277 нафар талабгорнинг 4 454,5 млн сўмлик ўқув харажатлари қоплаб берилган.

Ўқув курслари кесимида таҳлил қилинганда, 1 189 нафар талабгорнинг «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» фани бўйича, 53 нафар талабгорнинг «Аудит ва ишонч билдириш хизматлари» фани бўйича, 35 нафар талабгорнинг «Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFR ACCA)» фани бўйича ўқув харажатлари қоплаб берилган.

Шунингдек, бугунги кунга қадар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш юзасидан талабгор томонидан келиб тушган аризаларнинг 888 таси бўйича 1 456,4 млн сўмлик харажатлар қоплаб берилган. Мазкур аризаларнинг 865 таси талаба ва битирувчилар, 5 таси олий таълим муассасасининг «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича педагог кадрлари, 18 таси давлат органи ходимлари томонидан тақдим қилинган.

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича ўқитиш ва имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш амалиёти натижасида бугунги кунга қадар 285 нафар талабгор имтиҳонларни муваффақиятли топширган. Шундан 245 нафари «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» фани бўйича, 30 нафари «Аудит ва ишонч билдириш хизматлари» фани бўйича ва 11 нафари «Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом (DipIFRS)» фани бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширган.

Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасини янада кенгайтириш, МҲХСга ўтадиган ташкилотларни салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш мақсадида амалдаги тартиб билан биргаликда ўттиз беш ёшдан ошмаган барча фуқароларга дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш харажатларини имтиҳондан муваффақиятли ўтганда қоплаб бериш таклиф этилади. Шунингдек ушбу амалиётни 2027 йил 31 декабрга қадар узайтириш лозим деб ҳисоблаймиз.

Ушбу ҳуқуқ ҳозирда олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари ва талабалари ҳамда давлат органи ходимларига 2025 йилга қадар берилган.

Бугунги кунда жами 600 га яқин халқаро сертификатга эга мутахассис мавжуд. Мажбурий тартибда МҲХСни жорий этиши лозим бўлган 2 632 та корхонага жами 7 896 дан ортиқ сертификатланган мутахассис зарур (ҳар бирига камида 3 нафар).

Шунингдек, ўқитиш харажатларини қоплаб беришда халқаро аккредитациядан ўтган ўқув марказлари талабгорларининг бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида имтиҳон натижадорлиги қониқарсизлиги сабабли ўқитиш харажатларини қоплаб беришда аккредитациядан ўтган ўқув марказларига талабгорларнинг бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасидаги тегишли фан бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширган тақдирда ушбу талабгорлар учун қоплаб бериш керак;

4) МҲХСни жорий этиш жараёнини мувофиқлаштириш ва методологик таъминлаш муҳимдир.

Маълумки, МҲХСни биринчи марта қўллаётганда тадбиркорлик субъектларида кўплаб саволлар туғилади. Бу, ҳатто, вазирлик ва идоралар ўртасида ҳам турли баҳсли саволларни вужудга келтирмоқда. Яъни тадбиркорлик субъектининг юридик ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгариши натижасида у МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобини юритувчи ва молиявий ҳисоботни тузувчи ташкилот тоифасига ўтганда МҲХСни қачондан бошлаб қўллаши лозим?

Ҳисобот йили давомида МҲХС тайёрловчи ташкилот тоифасига киритилган, МҲХСни биринчи марта қўллаётган юридик шахсларни қўллаб-қувватлаш, харажатларни тежаш ҳамда МҲХСга ўтиш бўйича йўл харитаси ва ҳисоб сиёсатини ўзгартириш учун имконият яратиш мақсадида ҳисобот йили якунлари бўйича молиявий ҳисоботларини БҲМС асосида тақдим этади ҳамда МҲХСга ўтиш санаси ҳисобот давридан кейинги даврнинг боши – 1 январь этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, йиллик молиявий ҳисобот, шу жумладан консолидациялашган молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатларини белгилаш назарда тутилмоқда. Бугунги кунда амалда БҲМСга мувофиқ молиявий ҳисобот шакллари ҳамда ҳисобварақлар режаси тасдиқланган бўлиб, МҲХСга мувофиқ намунавий молиявий ҳисобот шакллари шунингдек, ҳисобварақлар режаси мавжуд эмас. Шундан келиб чиқиб, МҲХСга мувофиқ намунавий молиявий ҳисобот шакллари шунингдек, ҳисобварақларни ишлаб чиқиш;

молиявий ҳисоботлар сифатининг ташқи мониторингини ўтказиш ва кўриб чиқиш тартибини ишлаб чиқиш ва ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш лозим;

молиявий ҳисоботларни йиғишни ва сақлашни таъминлайдиган Ягона ҳисоботлар тизими базасида молиявий ҳисоботлар базасини шакллантириши ҳамда доимий равишда юритилишини таъминлаш бўйича таклифлар киритилган;

5) Ўзбекистон Республикасининг амалдаги «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуни (Қонун) 2016 йил 13 апрелда янги таҳрирда қабул қилинган тадбиркорлик субъектларининг қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилишини таъминлашда муҳим роль ўйнайди ва бухгалтерия ҳисоби тизимини ташкил этиш муаммосини самарали ҳал этишга ёрдам беради.

Шу билан бирга амалиётда амалдаги Қонуннинг кўплаб моддаларини қўллашда бошқа қонун ҳужжатлари билан номувофиқликлар юзага келмоқда. Бу тадбиркорлик субъектлари фаолиятида маълум қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Жумладан, молиявий ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига ҳар чоракда тақдим этиш талабининг бекор қилиниши, ПҚ-4611-сон қарорга мувофиқ акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этиши ва молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлаши белгиланган бўлиб, Қонунда эса МҲХС бўйича бухгалтерия ҳисоби субъектлари кимлар эканлиги аниқ белгиланмаган.

Республиканинг молия тизимида ислоҳотларни чуқурлаштириш сиёсатини изчил юритиш ва бозор инфратузилмасини такомиллаштириш натижасида бухгалтерия ҳисобини ташкил этишнинг тегишли қонунчилик-ҳуқуқий асоси яратилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ваколатли давлат органи сифатида бухгалтерия ҳисоби соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш йўли билан бухгалтерия ҳисобини тартибга солишни амалга оширади. Шунингдек, охирги йилларда 23 та Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари, шу жумладан, Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим қилиш учун концептуал асослар амал қилмоқда. Булардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўллаш учун молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) тан олинди (АВ томонидан 9.12.2022 йилда 3400-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Шу билан биргаликда, ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш зарур.

Бундан ташқари, МҲХС асосида эълон қилинадиган молиявий ҳисоботлар шаффофлик ва сифатни ошириш бўйича чоралар кўришни талаб этганлиги сабабли тадбиркорлик субъектлари томонидан МҲХС ва БҲМС бўйича тақдим этилган йиллик молиявий ҳисоботни йиғиш ва сақлашни таъминлайдиган очиқ электрон маълумотлар базасини шакллантириш масалалари қонунчилик даражасида тартибга солинганда ушбу муаммо тўлиқлигича ҳал этилган бўлар эди.

Умуман олганда, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар бухгалтерия ҳисобининг шаффофлигини оширишга, МҲХС жорий қилинишини қонуний жиҳатдан жадаллаштиришга, ички назорат тизимини таъминлашга, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва бухгалтерларининг ҳуқуқий маданиятини оширишга ва уларнинг касбий масъулиятини кучайтиришга, бухгалтерларнинг республика профессионал жамоат бирлашмаларининг мақомини оширишга қаратилган ва оқибатда улар мазкур соҳада қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга ва бартараф этишга хизмат қилади.

Шулардан келиб чиқиб, бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги хорижий мамлакатларнинг қонунчилик ҳужжатлари ва илғор тажрибасини ўрганиш натижалари асосида янги таҳрирдаги «Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини, шунингдек, Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик фаолиятини 2025–2030 йилларда ривожлантиришга доир концепцияларини ишлаб чиқиш белгиланмоқда;

6) бугунги кунда аграр соҳанинг мавжуд ва янги тузилмалари, жумладан агрокластерлар тизимида трансфер баҳони шакллантириш ва таннарх ҳисоблаш, бухгалтерия ҳисоби, солиқлар ҳисоби ва ҳисоботи ҳамда молия-кредит механизмидаги мавжуд муаммолар танқидий ўрганилиб, таҳлилий ишларни амалга ошириш ҳамда аграр соҳа тармоқлари бўйича харажатлар таркиби, бухгалтерия ҳисоби ва таннархни ҳисоблаш лозим.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларда молиявий мустақилликни таъминлаш, уларнинг ўз мол-мулкига эга бўлиши, мақсадли маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини ошириш ва қўшимча тадбиркорлик фаолиятини юритиш имкониятларини соддалаштириш учун алоҳида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тузиш ҳамда уни тақдим этишга доир нодавлат нотижорат ташкилотлари учун бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бўйича низом лойиҳаларини ишлаб чиқиш керак;

7) бухгалтерия ҳисоби, жумладан МҲХС ва аудитга доир масала ва муаммоларни кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида малакали мутахассис ва амалиётчилар, илмий педагоглар, хорижий экспертлардан иборат бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳаси бўйича эксперт гуруҳини (Кенгаш) ташкил этиш керак.

 

II. Бухгалтерларни сертификатлаштиришнинг миллий тизимини яратишга ҳамда бухгалтер ва аудиторлар касбининг ҳуқуқий мақоми ва нуфузини мустаҳкамлашга доир қуйидаги бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди

1) профессионал бухгалтерлар учун Таълимнинг халқаро стандартларига мувофиқ даражали ва модулли ёндашувга асосланган, таълим жараёни сифатини, имтиҳонларнинг шаффофлигини ва натижаларини баҳолашни, шунингдек, бухгалтерларни халқаро сертификатлаштириш доирасида унинг натижалари тан олинишини таъминлайдиган миллий сертификатлаштиришнинг янги тизимини босқичма-босқич жорий этиш керак.

Бухгалтерия ва аудит соҳасини ўқитишда Халқаро бухгалтерлар федерацияси (ХБФ) томонидан чоп этилган 8 та халқаро таълим стандартлари (International Education Standards – IES) асосидаги халқаро 3 даражали модулли онлайн тизимини жорий этиш;

2) инвесторларнинг қарорлар қабул қилишда фойдали бўлган, глобал миқёсда таққосланадиган барқарорлик билан боғлиқ маълумотларни олишлари учун инвестор ва компаниялар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга мўлжалланган МҲХС Барқарорлик стандартларини (IFRS Sustainability Standards) жорий қилиш лозим;

Барқарорлик стандартлари (IFRS Sustainability Standards) МҲХС фондининг Халқаро барқарорлик стандартлари (ХБС) кенгаши (International Sustainability Standards Board (ISSB) томонидан 2022 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, 64 та юрисдикция ХБСни тан олиш ёки фойдаланиш мажбуриятини олган.

ХБСК (ISSB) инвесторлар, компания ва халқаро сиёсатчиларнинг талаблари билан қарор қабул қилиш учун фойдали, таққосланадиган маълумотлар ҳамда самарали ҳисобот тури сабабли MҲХС фондининг бир қисми сифатида ташкил этилган.

1-сон «Барқарорлик билан боғлиқ молиявий маълумотларни ёритиш учун умумий талаблар» ва 2-сон «Иқлим билан боғлиқ ёритиб беришлар» МҲХС Барқарорлик стандартлари (1 ва 2-сон МҲХС БС) қабул қилинган;

3) Иқтисодий фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини ўлчаш ва ҳисобот бериш усули ҳисобланган яшил бухгалтерия (Green accounting) амалиётини жорий қилиш лозим.

 

Яшил бухгалтерия: маъноси, турлари, муаммолари ва афзалликлари

Яшил бухгалтерия ушбу фаолиятнинг ҳақиқий харажатлари ва фойдалари ҳақида ҳар томонлама маълумот беришга, атроф-муҳит омилларининг қарорлар қабул қилиш жараёнларига интеграциялашувига ёрдам беришга қаратилган. Ушбу мақолада биз яшил бухгалтерия концепциясини батафсил ўрганамиз ва бундай амалиётларни ўз ичига олган ташкилотлар қандай қилиб иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорлик ўртасидаги муносабатларни яхшироқ тушунишлари мумкинлигини муҳокама қиламиз.

Яшил бухгалтерия – бу табиий ресурслар ва экотизим хизматларини иқтисодий нуқтаи назардан ҳисоблаш ва баҳолашга қаратилган тушунчадир. У иқтисодий фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини аниқлашга ёрдам беради ва уни анъанавий ҳисоб усулларига киритади. Шу тариқа, яшил бухгалтерия корхоналар, саноат ёки мамлакатларнинг барқарорлик кўрсаткичларини баҳолаш учун асос яратади.

 

Яшил бухгалтериянинг мақсадлари

Биринчидан, табиий ресурслар ва экотизим хизматларининг қийматини эгаллаш

Иккинчидан, экологик активларнинг миқдори ва баҳоси.

Учинчидан, барқарорлик самарадорлигини баҳолаш.

 

Яшил бухгалтерия ҳисобининг анъанавий усулларга нисбатан афзалликлари

Атроф-муҳит ҳисоби ёки барқарор бухгалтерия сифатида ҳам танилган яшил бухгалтерия ҳисоби анъанавий усулларга нисбатан бир қатор афзалликларга эга. Анъанавий ёндашувларда кўпинча эътиборга олинмайдиган ташқи омилларни ҳисобга олган ҳолда, яшил бухгалтерия бизнес фаолияти билан боғлиқ ҳақиқий харажатлар ва фойдаларни янада тўлиқроқ тушуниш имконини беради;

4) республика ҳудудида бухгалтер ва аудиторлар учун ХБФнинг Профессионал бухгалтернинг халқаро одоб-ахлоқ кодексини кенг тарғиб этиш таклиф этилаётир.

Бухгалтерлар учун халқаро одоб-ахлоқ стандартлари кенгаши (IESBA) халқаро миқёсда Профессионал бухгалтерлар учун халқаро одоб-ахлоқ кодексини (Code of Ethics for Professional Accountants) ишлаб чиқади ҳамда 100 дан ортиқ мамлакатлар ушбу Кодексни жорий қилган. IESBA кодекси бухгалтерлардан 5 та муҳим принципга – ҳалоллик, холислик, касбий малака ва билим, махфийлик ҳамда касбий хулқ-атворга амал қилинишини талаб этади;

5) республикада фаолият юритаётган бухгалтер ва аудиторларнинг шарафли, машаққатли ҳамда ўта масъулиятли касбини муносиб рағбатлантириш, бугунги кунда соҳада қўлга киритилаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш ва соҳага ёшларни кенг жалб этиш мақсадида 9 декабрь санасини «Ўзбекистон Республикаси бухгалтерлар ва аудиторлар куни» деб эълон қилиш белгиланмоқда.

Бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги қонунчиликни тизимлаштириш, МҲХС асосида молиявий ҳисоботларни тақдим этиши белгиланган ташкилотларда МҲХСни қўллаш чора-тадбирлари белгиланиши натижасида қуйидагиларга эришилади:

биринчидан, бухгалтерия ҳисоб тизимидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш орқали уларни бугунги кундаги амалдаги нормаларга мувофиқлиги таъминланади ҳамда глобал миқёсда халқаро талабларнинг ўзгаришларини қамраб олади;

иккинчидан, МҲХСга ўтишни жадаллаштириш орқали хорижий инвесторлар ишончи ва оқимининг ортишига, маҳаллий компанияларнинг халқаро бозорларга чиқишига, молиявий маълумотларнинг таққосланувчанлиги имконияти таъминланади;

учинчидан, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларнинг молиявий ҳисоботлари миллий стандартлар асосида тузилиб, уларнинг ҳисоб тизимининг тўғри ва ҳаққоний акс эттирилиши, активларининг адолатли қийматда баҳоланиши натижасида мажбуриятлар, жумладан солиқларнинг тўғри ҳисобланиши ва тўланиши таъминланади;

тўртинчидан, бухгалтерия ҳисоби соҳасида халқаро даражадаги билимга эга мутахассислар тайёрланади, ёшларнинг ушбу касбга қизиқиши ортиб, иш билан бандлик ортади;

бешинчидан, профессионал бухгалтерлар таълимнинг халқаро стандартларига мувофиқ даражали ва модулли ёндашувга асосланган касбий сертификатлаштиришнинг янги миллий тизими жорий этилади;

олтинчидан, инвесторларнинг ахборот эҳтиёжларини қондирадиган қарорлар қабул қилишда фойдали бўлган, глобал миқёсда таққосланадиган барқарорлик билан боғлиқ маълумотларни олишлари учун инвестор ва компаниялар ўртасида мулоқотни яхшилашга мўлжалланган барқарорлик стандартлари жорий этилади;

еттинчидан, республика ҳудудида бухгалтер ва аудиторлар учун Профессионал бухгалтерларнинг халқаро одоб-ахлоқ кодекси кенг ва тўлиқ жорий этилади;

саккизинчидан, МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботларни тайёрлаш лозим бўлган ташкилотлар учун амалдаги МҲХСни жорий этиш жараёнини мувофиқлаштириш ва методологик таъминлаш билан боғлиқ масалалари ҳал этилади;

тўққизинчидан, тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган йиллик молиявий ҳисоботни йиғишни ва сақлашни таъминлайдиган очиқ электрон маълумотлар базаси Ягона ҳисоботлар тизими негизида шакллантирилади ҳамда тақдим этиладиган молиявий ҳисоботлар сифатининг ташқи мониторингини ўтказиш ва кўриб чиқиш тартиби ишлаб чиқилади ва ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилади, бу эса молиявий ҳисоботлар сифатини оширади;

ўнинчидан, аграр соҳанинг мавжуд ва янги тузилмалари, жумладан агрокластерлар тизимида аграр соҳа тармоқлари бўйича харажатлар таркиби, бухгалтерия ҳисоби ва таннарх ҳисоблаш бўйича, нодавлат нотижорат ташкилотларда бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботини тузиш ҳамда уни тақдим этишга доир бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бўйича муаммолар ҳал этилади;

ўн биринчидан, иқтисодий фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини ўлчаш ва ҳисобот бериш усули ҳисобланган яшил бухгалтерияга (Green accounting) амалиётини жорий қилиш орқали корхоналар фаолияти натижасидаги экологик харажат ва фойдаларни аниқлаш, ҳисобга олиш ва ҳисобот бериш усуллари белгиланади.

 

Отабек БАРАКАЕВ,

PhD, Ўзбекистон Республикаси
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби
 ва аудит услубияти бошқармаси бошлиғи.

Прочитано: 250 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика