Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 29 / Бухгалтерга тавсиялар

Солиқ солиш мақсадида амортизация харажатлари қандай аниқланади

 

Амортизация қилинадиган активлар

Амортизация қилинадиган активларга асосий воситалар ва номоддий активлар киритилади.

Солиқ солиш мақсадларида қуйидаги мол-мулк асосий восита (АВ) сифатида эътироф этилади (СК 306-м. 2-қ.):

● қиймати БҲМнинг 50 баравари миқдоридан юқори бўлган;

● мулк ҳуқуқи асосида турган;

● товарларни ишлаб чиқаришда (хизматлар кўрсатишда) ёки маъмурий-бошқарув эҳтиёжлари учун 12 ойдан ортиқ вақт мобайнида фойдаланиладиган мол-мулк.

Солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатида мол-мулк қийматини АВ таркибида ҳисобга олиш учун мол-мулкнинг энг кам чегарасини белгилаш мумкин.

Унитар корхона оператив бошқарувидаги ёки хўжалик юритувидаги амортизация қилинадиган актив шу унитар корхонада амортизация қилиниши лозим (СК 306-м. 4-қ.).

Молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган амортизация қилинадиган актив
ижарага олувчида (лизингга олувчида) амор­тизация қилинадиган активлар таркибига киритилади.

Товарлар ишлаб чиқаришда (хизматлар кўрсатишда) ёки маъмурий-бошқарув эҳтиёжлари учун узоқ вақт (давомийлиги 12 ойдан ортиқ вақт) мобайнида фойдаланиладиган интеллектуал фаолият натижалари ва бошқа интеллектуал мулк объектлари (уларга бўлган мутлақ ҳуқуқлар) солиқ солиш мақсадларида номоддий активлар (НМА) деб эътироф этилади (СК 307-м. 1-қ.).

Номоддий активларга, хусусан, қуйидагилар киритилади:

● санъат, адабиёт, илм-фан, шу жумладан дастурий таъминот ва маълумотлар базаларига, чизмага, дизайнга ёки моделга, режага, махфий формулага, технологияга ёки жараёнга, аудиовизуал асарларга ҳамда турдош ҳуқуқлар объектларига, шу жумладан ижролар ва фонограммаларга бўлган муаллифлик ҳуқуқлари;

● патентлар, товар белгилари, савдо маркалари;

● саноат, тижорат ёки илмий тажрибага тааллуқли (ноу-хау), амалий жиҳатдан қўл­ла­ниладиган ва потенциал тижорат қийма­тига эга бўлган, натижада иқтисодий наф олиш мумкин бўлган ахборот.

Номоддий актив унинг мавжудлигини тасдиқловчи лозим даражада расмийлаштирилган ҳужжатлар бўлганда эътироф этилади. Булар патентлар, гувоҳномалар, патентдан ўзганинг фойдасига воз кечиш (уни олишга), шартнома, товар белгиси ва бошқалар бўлиши мумкин (СК 307-м. 3-қ.).

 

Амортизация қилинмайдиган активлар

Қуйидагилар амортизация қилинмайди (СК 306-м. 7–8-қ.):

● ер ва табиатдан фойдаланишга доир бошқа объектлар (сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар);

● маҳсулдор чорва моллари;

● ахборот-кутубхона фонди;

● музей ашёлари;

● моддий маданий мерос объектлари;

● умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, йўлкалар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлган ободонлаштириш иншоотлари;

● қиймати солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида ушбу солиқ тўловчида илгари тўлиқ харажатлар жумласига киритилган амортизация қилинадиган актив;

● солиқ тўловчи томонидан амортизация қи­линадиган активлар таркибига ўтказилмаган капи­тал қўйилмалар;

● бюджет ташкилотларининг амортизация қи­ли­на­диган активлари, бундан тадбиркорлик фаолияти амалга оширилиши муносабати билан сотиб олинган ва бундай фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиладиган амортизация қилинадиган активлар мустасно;

● мақсадли молиялаштиришнинг бюджет маблағлари ҳисобига сотиб олинган (яратилган) амортизация қилинадиган активлар (тегишли қисми бўйича). Мазкур норма солиқ тўловчи томонидан хусусийлаштириш чоғида олинган амортизация қилинадиган активга нисбатан қўлланилмайди;

● Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ёхуд Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ бепул олинган амортизация қилинадиган активлар;

● гуманитар ёрдам сифатидаги грантлар ва мақсадли маблағлар ҳисобига олинган амортизация қилинадиган активлар (СК 48-м.);

● телекоммуникация тармоқларида тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларини бепул қабул қилиш;

● инвестор ва давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ўртасида тузилган шарт­нома бўйича инвестиция мажбуриятлари сифатида амортизация қилинадиган активлар;

● солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш натижасида чиқарилган маблағлар ҳисобидан олинган ёки сотиб олинган (яратилган) амортизация қилинадиган активлар;

● консервацияга ўтказилган амортизация қилина­диган активлар;

● 12 ойдан ортиқ вақт реконструкция қилишда ёки модернизациялашда бўлган амортизация қилинадиган активлар, агар улардан бу даврда фойдаланилмаётган бўлса.

 

Амортизация қилинадиган активнинг бош­ланғич қийматини
қандай аниқлаш керак

2021 йил 1 январгача харид қилинган амортизация қилинадиган активлар учун бошланғич қиймат 2021 йил 1 январгача амалга оширилган қайта баҳолашларни ҳисобга олган ҳолда аниқлана-
ди.

2021 йилдан бошлаб солиқ солиш мақсадида қайта баҳолаш бекор қилинди, шунинг учун 2021 йилдан бошлаб, агар сиз ҳи­соб сиёсатига мувофиқ қайта баҳолашни амал­га оширсангиз, унинг натижаларини со­лиқ солиш мақсадлари учун амортизация қилинадиган активларнинг бошланғич қий­матига киритманг (СК 306-м. 19-қ.). Солиқ солиш мақсадлари учун 2021 йилда харид қилинган амортизация қилинадиган активларнинг бошланғич қийматини кейинги қайта баҳолашларни ҳисобга олмаган ҳолда бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланг.

2022 йилдан бошлаб келиб тушган амортизация қилинадиган активлар учун бошланғич қийматни аниқлашнинг қуйидаги меъёрлари амал қилади:

 

Т/р

Амортизация қилинадиган актив ниманинг ҳисобига пайдо бўлди 

Активнинг бошланғич қийматини шакллантириш тартиби

1

Активни харид қилиш, яратиш (СК 306-м. 10-қ.,
СК 306-м. 13-қ.
)

Молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича текинга олиш (СК 306-м. 11-қ.)

Харид қилиш, қуриш, тайёрлаш, етказиб бериш ва фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириш харажатлари

2

Активни текинга олиш ёки инвентаризация натижасида аниқлаш

Активнинг бозор қиймати (СК 299-м.)

3

Устав фондига ҳисса киритиш ҳисобига олиш
(СК 306-м. 12-қ.)

Акциядорлар (иштирокчилар, мулкдорлар) томонидан келишилган, лекин активнинг бозор қийматидан юқори бўлмаган пулдаги баҳоси

4

Сотиш учун мўлжалланган захиралар ёки активлар таркибидан ўтказиш (СК 306-м. 15-қ.)

Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бундай келиб тушиш санасида аниқланган баланс қиймати

5

Қайта ташкил этиш натижасида олиш (СК 306-м. 16-қ.) 

Топшириш далолатномаси ёки тақсимлаш балансида кўрсатилган баланс қиймати

 

Амортизация қилинадиган активнинг бошланғич қиймати қуйидагилар ҳисобга олинмаган ҳолда аниқланади (СК 306-м. 14-қ.):

● харажатлар таркибида ҳисобга олинадиган ва (ёки) киритиладиган ҚҚС (СК 314-м.);

● фоизлар бўйича харажатларни ва чегириладиган харажатлар таркибида ҳисобга олинадиган амортизация қилинадиган активни сотиб олиш билан боғлиқ бошқа харажатлар; 

● ҳақиқатда хизматлар кўрсатмасдан, товарларни юклаб жўнатмасдан туриб амалга оширилган операциялар бўйича харажатлар, агар бундай факт суднинг қонуний кучга кирган қарори билан белгиланган бўлса (СК 306-м. 39-қ., СК 317-м. 17-қ.).

 

Капитал қўйилмаларни амортизация қилинадиган активларнинг бошланғич қийматида қандай ҳисобга олиш керак

Капитал қўйилмалар, башарти улар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқласа, амортизация қилинадиган активларнинг бошланғич қийматини ошириши мумкин (СК 306-м. 20-қ.).

Булар қуйидаги харажатлар:

● қўшимча қуриш, қўшимча жиҳозлаш, модернизация қилиш. Технологик ёки хизмат кўрсатиш жиҳатидан белгиланган мақсадининг ўзгариши ва (ёки) бошқа янги сифатларнинг олиниши билан боғлиқ ишлар (СК 306-м. 22-қ.);

● реконструкция қилиш. Бу унинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ошириш билан боғлиқ бўлган активни реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича амалга ошириладиган активни қайта қуриш (СК 306-м. 23-қ.);

● техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш.

Амортизация қилинадиган активнинг ёки унинг айрим қисмларининг техник-иқтисодий кўрсаткичларини техника ва технологияни ўзгартириш, ишлаб чиқаришни механизациялаштириш ва автоматлаштириш, маънан эскирган ҳамда жисмонан ишдан чиққан асбоб-ускуналарни модернизациялаш ва алмаштириш асосида ошириш. Техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш янги ишлаб чиқаришларни барпо этишни ва амалдагиларини кенгайтиришни ҳам ўз ичига олади
(СК 306-м. 24-қ.);

● объектларни қисман тугатиш;

● табиатни муҳофаза қилиш мақсадлари.

Амортизацияга харажатларни қўшимча капитал қўйилмалар ҳисобига бошланғич қийматдан келиб чиқиб аниқланг.

 

МИСОЛ. Капитал қўйилмалар амалга оширилганда амортизацияга харажатлар қандай тан олинади 

Корхона балансида ҳисобот йили 1 январь ҳолатига кўра тикланиш қиймати 3 000 млн сўм бўлган бино мавжуд.

Йил давомида бино реконструкция қилинди.

Реконструкция учун 600 млн сўм суммадаги харажатлар бино қийматига қўшилган.

Корхона амортизацияни ҳисоблашнинг тўғри чизиқли усули ва 5%лик нормани қўллайди.

Харажатлар капитализациясидан кейинги амортизация бўйича ҳар ойлик харажатлар солиқ ҳисобида қуйидагини ташкил қилади:

(3 000 + 600) х 5% / 12 = 15 млн сўм.

 

Ижарага берувчининг (қарз берувчининг) розилиги билан ижарага ва (ёки) бепул фойдаланишга берилган амортизация қилинадиган активга ижарага олувчи (қарз олувчи) томонидан амалга оширилган ажратиб бўлмайдиган яхшилаш шаклидаги капитал қўйилмалар солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида амортизация қилинадиган активларга киритилади (СК 306-м. 5-қ.).

 

Амортизацияни ҳисоблаш учун капитал қўйилмалар амортизация қилинадиган активлар таркибига ўтказилиши керак (СК 306-м. 7-қ. 8-б.).

 

Бухгалтерия ҳисоби мақсадида капитал қўйилмаларни АВ таркибига ўтказиш ва улар бўйича амортизацияни фақат молия ижараси бўйича ҳисоблаш назарда тутилган (Низом 24-б., 1.06.2009 й. АВ рўйхат рақами 1961, Низом 31-б. «д», «е» к.б., 1.06.2009 й. АВ рўйхат рақами 1961):

 

Хўжалик операциясининг
мазмуни 

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Молиявий ижара



Ижарага олувчи томонидан асосий воситаларни такомиллаштириш учун капитал қўйилмалар амалга оширилди

0860

1000, 6700, 6500 ва б.

Капитал қўйилмалар асосий воситалар таркибига ўтказилди

0112

0860

АВни такомиллаштириш (яхшилаш) учун ижарачи томонидан амортизация ҳисобланди

Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар 

0212

Оператив ижара 



Ижарага олувчи томонидан асосий воситаларни такомиллаштириш учун капитал қўйилмалар амалга оширилди

0800

1000, 6700, 6500 ва б.

Асосий воситаларни ижарага берувчига қайтаришда капитал қўйилмаларни ҳисобдан чиқарилди

9220

0800

Солиқ солиш мақсадларида ижарага олинган ва (ёки) бепул фойдаланиш шартномаси бўйича олинган амортизация қилинадиган активларга капитал қўйилмалар қуйидаги тартибда амортизация қилинади:

● ижарага олувчи томонидан ижарага берувчига (қарз олувчидан қарз берувчига) қиймати қопланадиган капитал қўйилмалар ижарага берувчи (қарз берувчи) томонидан амортизация қилинади;

● ижарага олувчи ижарага берувчининг розилиги билан (қарз берувчининг розилиги билан қарз олувчи) амалга оширган, қийматининг ўрни ижарага берувчи (қарз берувчи) томонидан қоплаб берилмайдиган капитал қўйилмалар ижарага олувчи (қарз олувчи) томонидан амортизация қилинади (СК 306-м. 25-қ.).

 

Солиқ солиш мақсадларида амортизация қандай ҳисобланади

Асосий воситалар бўйича

Солиқ солиш мақсадларида 2021 йилдан бошлаб ўтказиладиган қайта баҳолашни ҳисобга олмаган ҳолда амортизацияни бошланғич қийматидан ҳисобланг (СК 306-м. 29-қ.).

Ҳисоблашда тўғри чизиқли усулдан фойдаланинг. Бунда амортизацияни бухгалтерия ҳисоби мақсадларида ҳисоб сиёсатида назарда тутилган усуллардан фойдаланган ҳолда ҳисобланг.

 

Солиқ солиш мақсадларида қуйидаги амортизация нормаларини қўлланг (СК 306-м. 31-қ.):

 

Гуруҳлар т/р

Кичик гуруҳлар т/р

Амортизация гуруҳининг номи (кичик гуруҳ)

Амортизация нормаси, фоизларда

I


Бино ва иншоотлар



1

Бинолар

5


2

Иншоотлар

10

II


Қувурлар, электр узатиш ва телекоммуникациялар линиялари

15

III


Машиналар ва ускуналар (транспорт ускуналаридан ташқари)

20

IV


Транспорт ускуналари



1

Ҳаво ва космик учиш аппаратлари ва улар билан боғлиқ ускуналар, кемалар ва қайиқлар, локомотивлар ва ҳаракатдаги таркиб (темир йўл таркиби)

10


2

Автотранспорт воситалари, автомобиль кузовлари (корпуслари), тиркамалар ва ярим тиркамалар, бошқа транспорт ускуналари

20

V


Компьютерлар ва периферия ускуналари

40

VI


Бошқа гуруҳларга киритилмаган амортизация қилинадиган активлар

15

 

Сиз амортизацияни Солиқ кодексида белгиланганидан пастроқ нормалар бўйича ҳисоблашга ҳақлисиз.

 

Солиқ солиш ва бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун амортизация нормалари мос келмаслиги мумкин. Амортизация нормаларини тегишли ҳисоб сиёсатида акс эттиринг (бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадлари учун).

 

Амортизация суммаси ҳар ойда ҳар бир амортизация қилинадиган актив бўйича унинг бошланғич қиймати ва солиқ солиш мақсадлари учун амортизация нормасидан келиб чиқиб белгиланади.

 Амортизацияни ҳисобланг:

● актив фойдаланишга топширилган санадан. Ушбу нормани давлат рўйхатидан ўтказиладиган активлар учун ҳам қўлланг (СК 306-м. 34-қ.);

● актив қиймати тўлиқ ҳисобдан чиқарилгунга қадар ёки амортизация қилинадиган активлар таркибидан чиққан санагача (СК 306-м. 37-қ.).

 

Бухгалтерия ҳисоби мақсадларида амортизацияни ҳисоблаш объект асосий воситаларнинг таркибига қабул қилинган ойдан кейинги ойдан бошланади (5-сон БҲМС 30-б.).

 

МИСОЛ. Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблаш қачондан бошланади 

100 млн сўмлик асосий восита 15 март куни ишга туширилди.

Амортизация тўғри чизиқли усулда ҳисобланади. Ҳисоб сиёсатида бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун белгиланган амортизация нормаси 10%, солиқ солиш мақсадлари учун – 15%.

Бухгалтерия ҳисоби мақсадларида март ойи учун амортизация миқдори нолга тенг, чунки ҳисоблаш апрелда бошланади.

Солиқ солиш мақсадларида март ойи учун амортизация миқдори қуйидагига тенг:

(100 х 15% / 12) / 31 х 17 = 0,685 млн сўм,

бу ерда 17 – фойдаланишга туширилган кундан бошлаб март ойида АВни ишлатиш кунлари сони.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2 (2.1)-иловада 0,685 млн сўм акс эттирилади.

Агар хўжалик юритувчи субъект қайта ташкил этиш натижасида ташкил этилган бўлса, давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб олинган амортизация қилинадиган активлар бўйича амортизацияни ҳисобланг.

Агар хўжалик юритувчи субъект тугатилган ёки қайта ташкил этилган бўлса, тугатиш (қайта ташкил этиш) санасигача амортизацияни ҳисобланг (СК 306-м. 35-қ.).

 

Номоддий активлар бўйича

Номоддий активлар бўйича амортизацияни ҳар ойда солиқ тўловчи томонидан уларнинг бошланғич қийматидан ва бундай номоддий активдан фойдали тарзда фойдаланиш муддатидан, бироқ ташкилот фаолияти муддатидан кўп бўлмаган муддатдан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилинган нормалар бўйича ҳисобланг (СК 307-м. 5-қ.).

Номоддий активдан фойдали тарзда фойдаланиш муддатини аниқлаш патентнинг, гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ва бошқа чекловлардан келиб чиққан ҳолда ёхуд номоддий активлардан фойдали тарзда фойдаланишнинг тегишли шартномаларда шартлашилган муддатидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади (СК 307-м. 4-қ.).

Фойдали тарзда фойдаланиш муддатини аниқлаш мумкин бўлмаган номоддий активлар бўйича амортизация нормалари 5 йиллик муддатга белгиланади, яъни йилига 20% (СК 307-м. 6-қ.).

Номоддий активдан фойдаланиш ва фойдаланиш ҳуқуқи учун даврий (жорий) тўловлар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган ва ҳужжат билан тасдиқланган тақдирда чегирмалар мутаносиб равишда фойдаланиш муддати давомида киритилади (СК 307-м. 7-қ.).

Ҳисоботда амортизация харажатларини қандай акс эттириш керак

Ишлаб чиқариш мақсадидаги АВ ва НМА амортизацияси харажатлари – қуйидагиларда акс эттириладиган ишлаб чиқариш таннархининг таркибий қисмларидан бири:

● I–III чораклар учун Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0106 ва 020-сатрларида;

● товарлар (хизматлар) таннархини аниқлаш усулига қараб йил учун Ҳисоб-китобга 2.1(а) ёки 2.1(б)-илованинг 0203-сатрида.

Ноишлаб чиқариш мақсадидаги АВ ва НМА амортизацияси харажатларини бошқа харажатларга киритинг ва қуйидагича акс эттиринг:

● I–III чораклар учун Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0106 ва 030-сатрларида;

● йил учун Ҳисоб-китобга 2.1-илованинг 0306-сат­рида.

 

2023 йилдан бошлаб фойда солиғи бўйича ҳисобот шаклларига йил якунлари бўйича тўлдириладиган янги иловалар қўшилди – 4-сон «Асосий воситалар амортизацияси ҳисоб-китоби бўйича маълумотнома» ва 5-сон «Номоддий активлар қийматининг амортизацияси ҳисоб-китоби бўйича маълумотнома».   

 

Амортизация харажатларига инвестициявий чегирма ҳам киритилади. Инвестициявий чегирма қўлланилганлиги ҳисоботда акс эттирилган ҳолларда уни амортизацияга харажатлар суммасига киритинг.

Инвестициявий чегирмани қўшимча равишда акс эттиринг:

● I–III чораклар учун Ҳисоб-китобга 2-илованинг 01061-сатрида;

● ишлаб чиқариш мақсадлари учун АВ ва НМА бўйича товарлар (хизматлар) таннархини аниқлаш усулига қараб йил учун Ҳисоб-китобга 2.1(а) ёки 2.1(б)-илованинг 02031-сатрида;

● ноишлаб чиқариш мақсадлари учун АВ ва НМА бўйича йил учун Ҳисоб-китобга 2.1-илованинг 03061-сатрида.

 

Йил учун Ҳисоб-китобга 2.1-илованинг 03061-сатрида бошқа харажатлар таркибида АВ ва НМА бўйича инвестициявий чегирмалар акс эттирилишига қарамай, инвестициявий чегирма ишлаб чиқаришга инвестицияларга нисбатан қўлланилади (СК 308-м. 3-қ.).

 

Инвестициявий чегирманинг умумий суммаси Ҳисоб-китобга 3-илованинг 060-сатрида шаклланади.

 

Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш таннархига фақат ишлаб чиқаришга мўлжалланган асосий воситаларнинг амортизациясини киритинг. Ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган харажатларни киритиш туфайли ишлаб чиқариш таннархининг ошиши даромад солиғи миқдори ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин.

Бу фойда солиғини ҳисоблашда қуйидагилар таркибига киритилган амортизация харажатлари билан боғлиқ:

● таннарх – сотилган товарга тегишли улушда;

● давр харажатлари – тўлиқ.

 

МИСОЛ. Солиқ базасига таннарх қандай таъсир кўрсатади 

Ҳисобот даврида:

● маҳсулот сотишдан олинган даромад – 120 000 минг сўм;

● ишлаб чиқарилган – 100 дона маҳсулот;

● сотилган – 70 дона маҳсулот.

1-вариант: ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархи – 70 000 минг сўм;

маъмурий мақсадлар учун асосий воситаларнинг эскириши давр харажатларига киритилади – 10 000 минг сўм.

2-вариант: маъмурий мақсадлар учун асосий воситаларнинг эскириши – 10 000 минг сўм – ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш таннархига киритилган: 70 000 + 10 000 = 80 000 минг сўм.

Кўрсаткич

Тўғри

Нотўғри

Сотишдан даромад

120 000

120 000

Сотилган маҳсулотнинг таннархи  

70 000 / 100 х 70 = 49 000

80 000 / 100 х 70 = 56 000

Давр харажатлари

10 000

Солиқ солинувчи фойда

61 000

64 000

 

 

Маъмурий мақсадлар учун асосий воситаларнинг эскириши ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш таннархига нотўғри киритилганлиги (100 дона) сабабли фарқ юзага келган, бу сотилган маҳсулотларга (70 дона) тегишли улушда чиқарилади.

Маъмурий мақсадлар учун асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобот даврида тўлиқ чегириб ташланган давр харажатларига киритиш тўғри бўлади.

Амортизация ҳисоб-китоби солиқ солиш мақсадлари учун белгиланган нормалардан юқори бўлган тақдирда, ортиқча суммани:

● солиқ базасини ҳисоблашда чегирманг (СК 317-м. 22-б.);

● балансдан ташқари 012-«Қуйидаги даврлар учун солиқ солинадиган базадан чиқарилган харажатлар» счётида акс эттиринг;

● Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2 (2.1)-иловада акс эттирманг.

 

2023 йилдан бошлаб фойда солиғи ҳисоботига товар (хизматлар) таннархини ҳисоблаш учун йил якунлари бўйича тўлдириладиган янги 2.1(а) ва 2.1(б)-иловалар қўшилди. Шакллардан бири харажатларни ҳисоблаш усулига қараб тўлдирилади – моддалар бўйича ёки тўғридан-тўғри харажатлар миқдори бўйича. Ушбу шакллар ишлаб чиқариш таннархининг бир қисми сифатида харажатларни, шу жумладан АВ ва НМА амортизациясини акс эттиради:

 

● бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича – 3-устунда;

● солиқ ҳисоби маълумотларига кўра – 2.1(а)-илованинг 5 ёки 7-устунида, 2.1(б)-илованинг 4 ёки
6-устунида.

 

МИСОЛ. Солиқ кодексида белгиланганидан юқори бўлган норма бўйича амортизация қандай ҳисобга олинади 

2024 йил 15 январда корхона 150 000 минг сўмлик телекоммуникация линияларини фойдаланишга топширди. Улардан хизмат кўрсатиш жараёнида фойдаланилади.

Корхона ушбу амортизация қилинадиган актив учун 20%лик амортизация ставкасини 5 йиллик тахминий хизмат муддати асосида аниқлади.

Амортизация тўғри чизиқли усул ёрдамида ҳисобланади.

Солиқ солиш мақсадлари учун назарда тутилган йиллик чегирма нормаси – 15% (СК 306-м. 31-қ.).

Корхона балансдан ташқари 012-счётда солиқ ва бухгалтерия амортизацияси ўртасидаги фарқни ҳисобга олади.

Тушуниш осон бўлиши учун актив қайта баҳоланмаган ва унинг тугатиш қиймати нолга тенг деб тахмин қилайлик.

Корхона бухгалтерия ва солиқ ҳисобида амортизацияни қуйидагича акс эттиради:

            

Давр

Бухгалтерия ҳисоби
(20%)

Солиқ ҳисоби

чегириладиган харажат
(15%)

кечиктирилган харажат
(012-счёт)

жами кечиктирилган харажат

2024 й. январь–декабрь

150 000 х 20% / 12 х 11 = 27 500 (февралдан)

150 000 х 15% / 12 х (17/31 + 11) = 21 653,2 (15 январдан)

27 500 – 21 653,2 =
 5 846,8

5 846,8

2025 й.

150 000 х 20% = 30 000

150 000 х 15% = 22 500

30 000 – 22 500 = 7 500

5 846,8 + 7 500 = 13 346,8

2026 й.

30 000

22 500

7 500

13 346,8 + 7 500 = 20 846,8

2027 й.

30 000

22 500

7 500

20 846,8 + 7 500 = 28 346,8

2028 й.

30 000

22 500

7 500

28 346,8 + 7 500 = 35 846,8

2029 й.

150 000 х 20% / 12 = 2 500

22 500

2 500 – 22 500 = –20 000

35 846,8 – 20 000 = 15 846,8

2030 й.

15 846,8

15 846,8

15 846,8 – 15 846,8 = 0

Жами

150 000

150 000

 

 

 

 

2024 йилда корхона қуйидагиларни акс эттиради:

● бухгалтерия ҳисобида 0220-«Машина ва асбоб-ускуналарнинг эскириши» счётида – 27 500 минг сўм;

● йил учун Ҳисоб-китобга 2.1(а) ёки 2.1(б)-илованинг 3-устуни 0203-сатрида – 27 500 минг сўм;

● йил учун Ҳисоб-китобга 2.1(а)-илованинг 5 ёки 7-устуни ёки 2.1(б)-илованинг 4 ёки 6-устуни 0203-сатрида – 21 653,2 минг сўм;

● балансдан ташқари 012-счётда бухгалтерия ва солиқ ҳисобидаги тафовутлар суммаси – 5 846,8 минг сўм (27 500 – 21 653,2).

Жадвалда кўринганидек, ускунанинг амортизацияси учун харажатлар умуман олганда ускунанинг ҳақиқий қийматидан ошмайди – 150 000 минг сўм. Бироқ, бухгалтерия ва солиқ ҳисоби мақсадларида харажатлар турли вақтда ҳисобдан чиқарилади. 

 

Қайта баҳолаш амортизацияга қандай таъсир кўрсатади 

2021 йил 1 январдан кейин солиқ солиш мақсади-да амортизация қилинадиган активни қайта баҳолашда (арзонлаштиришда) қайта баҳолаш суммасини даро-мад (харажат) деб тан олманг, амортизация қилинади-ган активнинг тикланиш қийматини аниқлашда ва амортизацияни ҳисоблашда ҳисобга олманг К 306-м. 19-қ.).

Қайта баҳолаш асосий воситалар қийматини замонавий бозор нархлари даражасига мослаш мақсадида ўтказилади (5-сон БҲМС 24-б.).

Шу сабабли бухгалтерия ҳисоби мақсадларида корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгиланган ҳисоб юритишнинг танланган моделлари шуни талаб этса, қайта баҳолашни ўтказишингиз мумкин (5-сон БҲМС 25-б.).

Молиявий ҳисоботда активларнинг реал адолатли қиймати, у инвесторларга ёхуд ички таҳлил учун тақдим этилса, акс эттирилиши муҳим аҳамиятга эга. Ана шу мақсадда молиявий ҳисобот тайёрлаётган бўлсангиз, бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун ҳисоб сиёсатида активларнинг вақти-вақти билан қайта баҳоланишини назарда тутишингиз лозим.

Ҳисобга олиш стандартлари талабларига кўра ёки молиявий ҳисоботда мақбул ва ишончли ахборотни акс эттириш зарурати туфайли қайта баҳолашни ўтказадиган бўлсангиз, амортизация ҳисоблаш чоғида солиқ солиш мақсадида унинг натижасини ҳисобга олманг.

Бу бухгалтерия ва солиқ ҳисобида амортизацияга харажатлар фарқланишини англатади.

 

МИСОЛ. Қайта баҳолаш ўтказилганда амортизацияга харажатлар қандай тан олинади 

Корхона балансида асбоб-ускуна мавжуд, 2021 йил 1 январга унинг тикланиш қиймати – 100 000 минг сўм.

Ҳисоб сиёсатига кўра корхона ҳисобот йилининг январида қайта баҳолашни ўтказди, бунинг натижасида асбоб-ускунанинг тикланиш қиймати 10%га ошиб, 110 000 минг сўмни ташкил этди.

Корхона амортизацияни ҳисоблашда тенг маромли ҳисоблаш усули ва 15%лик нормани қўллайди.

Қайта баҳолашдан кейин амортизацияга ҳар ойлик харажатлар қуйидаги миқдорни ташкил этади:

● бухгалтерия ҳисобида қайта баҳолаш ҳисобга олинган қийматдан келиб чиққанда:

110 000 х 15% / 12 = 1 375 минг сўм;

● солиқ солиш мақсадларида фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра қийматдан келиб чиққанда:

100 000 х 15% / 12 = 1 250 минг сўм.

125 минг сўмлик (1 375 – 1 250) фарқ фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш чоғида чегириб ташланадиган харажат ҳисобланмайди.

 

МИСОЛ. Ҳисобот йилида ишлаб чиқарилган товарлар реализация қилинганда амортизацияга харажатлар қандай тан олинади 

Корхона балансида асбоб-ускуна мавжуд, 2021 йил 1 январда унинг тикланиш қиймати – 100 000 минг сўм.

Ҳисоб сиёсатига кўра корхона ҳисобот йилининг январь ойи бошида қайта баҳолашни ўтказди, бунинг натижасида асбоб-ускунанинг тикланиш қиймати 10%га ошиб, 110 000 минг сўмни ташкил этди.

Корхона амортизация ҳисоблашда тенг маромли ҳисоблаш усули ва 15%лик нормани қўллайди.

Ҳисобот йилининг январь ойида 100 дона маҳсулот ишлаб чиқарилган, шундан шу ойнинг ўзида
70 донаси сотилган.

Бу ҳолда қайта баҳолаш ҳисобот йилида ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархига таъсир кўрсатмайди, сабаби ҳисобланган асбоб-ускуна амортизацияси таннарх таркибига киритилган.

Ҳисобот йилида корхона амортизацияга харажатларни 2010-счётда ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи таркибида акс эттиради: 110 000 х 15%  = 16 500 минг сўм.

Худди шу йилда корхона 9110-счётда реализация қилинган маҳсулот таннархини тан олади.

Амортизация унинг таркибида: 16 500 / 100 х 70 = 11 550 минг сўм.

Фойда солиғини ҳисоблашда қайта баҳолаш ҳисобисиз амортизация чегирилади, яъни 2021 йил 1 январдаги асбоб-ускуна қийматидан 100 000 минг сўм. Ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи таркибидаги амортизация харажатларининг суммаси: 100 000 х 15% = 15 000 минг сўм.

Реализация қилинган маҳсулот таннархи таркибидаги амортизация: 15 000 / 100 х 70 = 10 500 минг сўм.

Қайта баҳолашни ўтказиш ҳисобига амортизация суммаларидаги фарқ вақтинчалик фарқ эмас ва кейинги даврларда чегирилмайди.

 Корхона қуйидагиларни акс эттиради:

● йил учун Ҳисоб-китобга 2.1(а) ёки 2.1(б)-илованинг 3-устуни 0203-сатрида бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича амортизация суммаси – 16 500 минг сўм;

● йил учун Ҳисоб-китобга 2.1(а)-илованинг 5 ёки 7-устуни ёки 2.1(б)-илованинг 4 ёки 6-устуни 0203-сатрида солиқ ҳисоби маълумотлари бўйича амортизация суммаси  – 15 000 минг сўм.

Амортизация суммасини ҳисобга олган ҳолда (бухгалтерия ҳисобида 11 550 минг сўм, солиқ ҳисобида 10 500 минг сўм) сотилган товар (хизмат)ларнинг таннархи сотилган маҳсулот ҳажмидан келиб чиққан ҳолда автоматик тарзда аниқланади. Солиқ солиш мақсадларида сотилган товар (хизмат)лар таннархи йил учун Ҳисоб-китобга 2.1-илованинг 020-сатрида акс эттирилади.

 

Солиқ солиш мақсадларида АВни арзонлаштириш суммалари чегириб ташланмайдиган харажатларга киритилади (СК 305-м. 10-қ., СК 317-м. 31-б.).

 

Мақсадли имтиёзлар ҳисобига олинган (барпо этилган)
амортизация қилинадиган активлар

Мақсадли имтиёзлар ҳисобига олинган (барпо этилган) амортизация қилинадиган активлар бўйича белгиланган тартибда амортизация ҳисобланг
(5-сон БҲМС 6-§, 7-сон БҲМС 7-§).

Солиқ солиш мақсадларида бундай активлар амортизациясини фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш чоғида чегириб ташланадиган харажатлар таркибида ҳисобга олманг (СК 306-м. 7-қ. 11-б.). Бу фақат фойда солиғи бўйича эмас, балки барча солиқлар ва божхона тўловлари бўйича мақсадли имтиёзлар ҳисобига олинган (барпо этилган) амортизация қилинадиган активларга тааллуқлидир. Амортизация қилинадиган активларни сотиб олишга (барпо этишга) йўналтирилган мақсадли имтиёзлар суммаси қуйидаги тартибда ҳисобдан чиқарилади (Низом 9-б., 02.04.2005 й. АВ рўйхат
рақами 1463):

● агар имтиёзли давр белгиланган бўлса – муддатларнинг энг қисқаси бўйича: имтиёзли давр ёки ҳақиқатда фойдаланиш тугаганда;

● агар имтиёзли давр белгиланмаган бўлса – активнинг фойдали хизмат муддати давомида ҳар йили.

 

МИСОЛ. Мақсадли имтиёз ҳисобига олинган асбоб-ускуна қандай ҳисобга олинади

Корхона бўшаган маблағларни моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга йўналтириш шарти билан фойда солиғи бўйича мақсадли имтиёзга эга.

Ҳисоб-китобга кўра фойда солиғи бўйича мақсадли имтиёзлар суммаси 300 млн сўмни ташкил этган. Шундан 200 млн сўм ишлаб чиқариш ускунасини сотиб олишга йўналтирилган.

Корхона амортизацияни ҳисоблашда тенг маромли ҳисоблаш усули ва 15%лик нормани қўллайди
(СК бўйича белгиланган меъёрдан кам).

Бухгалтерия ҳисоби:

 

Хўжалик операциясининг
мазмуни

Сумма,
млн сўм

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Фойда солиғи ҳисобланди

300

9810

6410

Мақсадли имтиёз суммаси мақсадли счётга ўтказилди

300

6410

8840

Асбоб-ускунани сотиб олиш бўйича операциялар акс эттирилди (5-сон БҲМС 11-б.)

200

0820

6010, 6710, 6520, 6990

Асосий восита фойдаланишга топширилди

200

0130

0820

Асбоб-ускунани сотиб олишга йўналтирилган мақсадли солиқ имтиёзлари маблағлари ҳисобдан чиқарилди (Имтиёзларни расмийлаштириш ва акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 9-бандига асосан белгиланадиган муддат давомида, АВ рўйхат рақами 1463)

200

8840

8530

Асбоб-ускунанинг ҳар ойлик амортизацияси ҳисобланди 

200 х 15% / 12 = 2,5

2010

0230

 

 

Асбоб-ускуна амортизацияси – 2,5 млн сўм – бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади, бироқ фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш чоғида чегириб ташланмайди.

 

Фойда солиғини ҳисоблашда мақсадли имтиёзлар ҳисобига сотиб олинган активлар амортизациясини имтиёзни қўллаш даврида ҳам, унинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг ҳам чегириб ташламанг.

 

Масалан, мақсадли имтиёздан фойдаланиш муддати бир йилдан сўнг тугайди, асбоб-ускунанинг фойдали хизмат муддати эса – 6 йилдан ортиқ. Корхона асбоб-ускунанинг бутун хизмат муддати давомида фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш чоғида амортизацияни чегириб ташламайди.

 

Ҳисоботда акс эттириш

Ишлаб чиқариш мақсадидаги бундай активлар бўйича амортизацияни йил учун Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2.1(а) ёки 2.1(б)-илованинг фақат 0203-сат­ри 3-устунида акс эттиринг. Солиқ ҳисобининг устунларида у акс эттирилмайди. Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда реализация қилинган маҳсулотга тўғри келадиган ишлаб чиқариш АВ ва НМА амортизациясини 020-«Реализация қилинган маҳсулот таннархи» сатрида акс эттиринг.

Фойда солиғи бўйича ҳисобланган мақсадли имтиёз суммасини Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 250-сатрида акс эттиринг.

 

Дилшод СУЛТОНОВ, солиқ солиш ва молиявий ҳисоб бўйича эксперт,
Наталья МЕМЕТОВА, «Норма» эксперти.

Прочитано: 99 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика