Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 25 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ҳамда уларнинг ноқонуний айланмасининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

 

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш соҳасида самарали назорат тизимини жорий этиш, уларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, бизнесни юритиш учун соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида:

1. Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш комиссияси тугатилсин.

2. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида юридик шахс мақомига эга бўлган Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси (кейинги ўринларда – Инспекция) ташкил этилсин.

Бунда Инспекция бошқарув ходимларининг чекланган сони 30 нафар этиб белгиланади ҳамда ушбу штат бирликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан сақланадиган штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

3. Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳамда ушбу жараёнлар устидан назоратини таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсатини юритишда иштирок этиш;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган комплекс дастурларни амалга ошириш;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш;

давлат стандартлари ва қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник ва технологик нормаларга риоя этилиши устидан назорат қилиш бўйича ишларни тегишли ваколатли органлар билан биргаликда ташкил қилиш;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг улгуржи савдоси соҳасида лицензиялаш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига риоя этилишини текшириш ва мониторинг қилиш;

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг айланмаси ҳажмларини мониторинг ва назорат қилиш бўйича замонавий ахборот тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ва айланмасининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш, бунга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасида ваколатли органлар билан ҳамкорликни амалга ошириш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун янги намунадаги акциз маркаларини ишлаб чиқишда қатнашиш ҳамда уларнинг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва сотилишига йўл қўймасликка қаратилган профилактика ва тушунтириш ишларини олиб бориш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 августдаги ПҚ-260-сон қарорига асосан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигига узумчилик ва виночилик соҳасида давлат сиёсатини юритиш ҳамда соҳани ривожлантиришга йўналтирилган мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси юклатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

4. Белгилаб қўйилсинки, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб:

а) истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қуйидаги қўшимча лицензия талаблари жорий этилади:

йиллик лицензия тўловларини, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилиш;

алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва уларнинг савдосида сифат талабларига, шунингдек, акциз маркаларини қўллаш ҳамда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартибларига риоя этиш;

алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи видеокузатув воситаларини ўрнатиш.

Ушбу кичик банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган талабларнинг бузилиши лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузиш деб ҳисобланади;

б) яширин ишлаб чиқариш, акциз маркасиз, рақамли маркировкасиз ёки сифатсиз алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳолатлари аниқланганда ишлаб чиқариш ускуналари давлат фойдасига ўтказилади;

в) қалбаки акциз маркали, акциз маркасиз, рақамли идентификация воситаси билан маркировкаланмаган, қалбаки маркировка кодлари билан маркировкаланган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари назорат қилувчи органлар томонидан муомаладан олинади ва ушбу маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат) белгиланган тартибда бекор қилинади;

г) истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари улгуржи реализациясига оид шартномалар солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйилади;

д) ҳар ярим йил якунлари бўйича ароқ, шунингдек, истеъмол этил спиртидан ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан кам бўлганда, белгиланган 60 фоизнинг бажарилмаган қисмига акциз солиғи суммасининг 50 фоизи миқдорида молиявий жарима ҳисобланади.

Бунда ҳар ярим йиллик якунлари бўйича мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан кўп бўлганда ва акциз солиғи тўлиқ тўланган тақдирда, ундирилган молиявий жарима суммалари корхонага қайтариб берилади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ярим йиллик ишлаб чиқариш режаларини (мавсумийликни инобатга олган ҳолда), ишлаб чиқариш жараёнларидаги маҳсулотлар йўқотишларининг энг юқори миқдорини белгилаш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш кўрсаткичи 60 фоиздан кам бўлган ҳолларда ишлаб чиқарувчига нисбатан таъсирчан механизм қўллаш тартибини назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

2025 йил 1 январга қадар ишлаб чиқариш қувватларидан ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан самарали ва мақсадли фойдаланиш ҳамда истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари қолдиқлари устидан назоратни амалга ошириш мақсадида истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини (бундан табиий ва кўпикланадиган винолар, пиво ва пиво ичимликлари мустасно) ишлаб чиқарувчи ҳар бир корхонага Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари бириктирилади;

ишлаб чиқарувчи «Лицензия» ахборот тизими орқали лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш ҳақида хабардор қилинган кундан бошлаб ўн иш куни ичида Инспекция томонидан Солиқ қўмитаси билан биргаликда солиқлар ва йиғимларнинг тўлиқ тўланганлиги ҳамда истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларининг қолдиқлари хатловдан ўтказилади.

Бунда хатлов натижаси бўйича қолдиқда бўлган маҳсулотларнинг белгиланган тартибда сотилишига рухсат этилади ҳамда ишлаб чиқариш жиҳозлари муҳрланади.

6. Белгилансинки:

а) қуйидаги назорат тадбирларига нисбатан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишга оид тартиб-таомиллар татбиқ этилмайди:

истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг реализацияси билан шуғулланувчи субъектлар томонидан лицензия (хабардор қилиш) талабларига риоя этилишини ўрганиш;

ойига минг далдан кўп истеъмол этил спиртини харид қилган антисептик воситалари ва парфюмерия-косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи субъектларда истеъмол этил спиртидан мақсадли фойдаланилишини ўрганиш.

Бунда мазкур текширувларга масъул ходимлар тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган Текширувларни рўйхатга олиш китобини қонунчиликда белгиланган тартибда тўлдириши шарт;

б) 2024 йил 1 июлдан бошлаб, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида истеъмол этил спирти алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун катта лотлар, бошқа ишлаб чиқарувчилар (хизмат кўрсатувчилар) учун эса – кичик лотлар орқали сотилади. Бунда:

истеъмол этил спиртини лотлар бўйича савдога қўйиш ҳажмини белгилаш, уларга ўзгартиришлар киритиш ҳамда бир савдо кунида битта харидор томонидан харид қилиш ҳажмига чекловларни белгилаш Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (кейинги ўринларда – Рақобат қўмитаси) томонидан амалга оширилади;

истеъмол ва техник этил спирти харид қилишга талабгор ишлаб чиқарувчилар, давлат органлари ва ташкилотлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг ахборот тизимига харид қилиш жараёнларида истеъмол ва техник этил спиртидан фойдаланиш ҳажми ва мақсадлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради;

Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси томонидан этил спирти харидлари тўғрисидаги маълумотлар маҳсулот миқдори ва харид мақсади кесимида ахборот тизими орқали онлайн режимда Инспекция ва Солиқ қўмитасига тақдим этиб борилади;

в) 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб истеъмол ва техник этил спирти харид қилган ишлаб чиқарувчилар томонидан Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг ахборот тизимига харид қилиш жараёнида жойлаштирилган истеъмол ва техник этил спиртидан фойдаланиш мақсадларидан бошқа мақсадда фойдаланилганлиги аниқланганда, охирги 12 ойда биржа савдоларида харид қилинган истеъмол ва техник этил спирти ҳажмига ҳисобланадиган акциз солиғи суммасининг 2,5 баравари миқдорида солиқ органлари томонидан молиявий жарима қўлланилади.

7. Инспекцияга истеъмол ва техник этил спиртини масофавий онлайн кузатиш (GPS) тизими ўрнатилмаган, электрон ҳисобварақ-фактурасиз, товар-транспорт юк хатисиз ҳамда белгиланган талабларга жавоб бермайдиган транспорт воситаларига юклаш ва ташиш ҳолатлари лицензия талабларини бузиш деб баҳоланиб, лицензиянинг амал қилишини 10 кун муддатга тўхтатиб туриш ваколати берилсин.

Бунда ушбу бандда назарда тутилган лицензия талаблари бир йил ичида такроран бузилган тақдирда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдорида молиявий жарима қўлланилади.

8. Рақобат қўмитаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда биржа савдоларида истеъмол этил спирти харид қилувчиларни тўлиқ хатловдан ўтказсин ҳамда фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги «Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5031-сон қарори талабларига зид бўлган субъектларнинг биржа савдоларида иштирок этиши тақиқлансин.

9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали тамаки маҳсулотларининг транзити учун қуйидаги талаблар жорий этилади:

товар ишлаб чиқарилган мамлакат сертификати, уни етказиб бериш шартномаси (битими), товарлар бир нечта қисмга ажратилиб, транзит йўли билан ташилган тақдирда, уни олиб ўтиш жадвалининг мавжудлиги;

юк олиб ўтувчи томонидан тегишли божхона тўловларининг суммаси Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг депозит ҳисобварағига ўтказилганлиги. Бунда кейинчалик товарлар республика ташқарисига олиб чиқилганлиги тасдиқлангандан сўнг тўланган суммалар қайтарилади;

тамаки ташувчи транспорт воситаларининг фақат инспекцион кўрик мажмуалари билан жиҳозланган чегара божхона постлари орқали ўтказилиши;

қабул қилувчи давлатнинг акциз маркаси бўлган тамаки маҳсулотларини республика ҳудудидан транзит олиб ўтишга рухсат этилиши, бундан акциз маркаси қўлланилмайдиган давлатлардан импорт қилиш ёки уларга экспорт қилиш ҳамда қонунчиликка мувофиқ акциз маркаси талаб этилмайдиган ҳолатлар мустасно.

Божхона қўмитаси икки ой муддатда тамаки маҳсулотларининг транзити бўйича божхона тўловлари суммасини божхона органларининг депозит ҳисобварағига ўтказиш ва уни қайтариш тартибини назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Инспекция 2024 йил 1 сентябрга қадар янги лицензия талаблари асосида алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун илгари берилган лицензия бўйича лицензия шартномаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.

11. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:

2024 йил 1 июлга қадар алкоголь маҳсулотлари учун энг кам сотиш нархларини қайта кўриб чиқсин;

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси учун энг кам сотиш нархларини жорий қилсин.

12. Солиқ қўмитаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва «Давлат белгиси» ДУК билан биргаликда 2024 йил 1 августга қадар маркировка тизимини акциз маркалари тизими билан бирлаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифларни киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

14. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Бош прокурор Н.Т.Йўлдошев белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2024 йил 3 июнь

ПФ-84-сон.

ЎзР Президентининг 2024 йил 3 июндаги ПФ-84-сон Фармонига

ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ АЙРИМ ҲУЖЖАТЛАРИГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИРИШЛАР ВА ҚЎШИМЧА

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон Фармони билан тасдиқланган Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатининг 1 ва 26-позициялари чиқариб ташлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5656-сон Фармонининг 3-бандида:

олтинчи хатбошидаги «Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси» сўзлари билан алмаштирилсин;

саккизинчи хатбоши чиқариб ташлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 23 июлдаги «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини тартибга солиш соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги ­ПФ-6033-сон Фармонида:

а) 1-бандда:

иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

учинчи хатбоши иккинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

б) 2, 3 ва 9-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 июндаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-90-сон Фармони 5-банди «б» кичик бандида:

иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

учинчи ва тўртинчи хатбошилар тегишинча иккинчи ва учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 ноябрдаги «Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3377-сон қарорининг 2-банди учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«божхона ҳақидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги белгилари аниқланган тақдирда, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига юк-божхона декларацияси кўрик ҳужжати тузилганидан кейин ҳамда узум, вино ва коньяк маҳсулотлари экспортига юк-божхона декларацияси товарларни экспортга расмийлаштириш рухсат этилганидан сўнг 3 соатдан кўп бўлмаган муддатда расмийлаштирилади».

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 23 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-4787-сон қарорида:

а) 1, 2 ва 4-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

б) 5-бандда:

иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«техник навли узумзорлар ва виночилик соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлашга қаратилган комплекс мақсадли дастурларни амалга ошириш, шу жумладан узум кўчатларини харид қилиш, узумнинг селекция навларини яратиш ва уларни экишни ташкиллаштириш билан боғлиқ вазифаларнинг самарали бажарилиши»;

ўнинчи хатбошидан «Агентлик ва» сўзлари чиқариб ташлансин;

ўн бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

в) 7 ва 13-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

г) 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги «Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5200-сон қарорида:

а) 5-бандда:

учинчи хатбошидан «Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик),» сўзлари чиқариб ташлансин;

тўртинчи хатбошидан «, Агентлик ҳар бир лойиҳа офисига Агентликнинг» сўзлари чиқариб ташлансин;

б) 8-банднинг иккинчи хатбошисидан «Агентлик,» сўзи чиқариб ташлансин;

в) 21-банднинг биринчи хатбошисидаги «Давлат солиқ қўмитаси» сўзлари «Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси» сўзлари билан алмаштирилсин;

г) 22-банд чиқариб ташлансин;

д) 5-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва уларнинг айланмасига қарши курашиш

КЕНГАШИ ТАРКИБИ

1.

 

Лавозими бўйича

 

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари – Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи, Кенгаш раиси

 

2.

 

Ш.Д.Кудбиев

 

 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси раиси

 

3.

 

Ш.Н.Раҳмонов

 

 

ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари

 

4.

 

А.Я.Хайдаров

 

 

иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари

 

5.

 

А.Р.Жуманазаров

 

 

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори

 

6.

 

И.М.Мухторов

 

 

Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

 

7.

 

Лавозими бўйича

 

 

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси

 

8.

 

Лавозими бўйича

 

 

Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси бошлиғи, Кенгаш котиби

 

 

 

Изоҳ. Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига мазкур лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юклатилган шахслар киритилади». 

 

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 4 апрелдаги «Аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-110-сон қарори 6-бандининг биринчи хатбошисидаги «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» сўзлари «Солиқ қўмитаси» сўзлари билан алмаштирилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 августдаги «2023–2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-260-сон қарорида:

а) 6-бандда:

«б» кичик банднинг иккинчи хатбошисидан «ҳамда Виночиликни ривожлантириш жамғармасига келиб тушган» сўзлари чиқариб ташлансин;

«в» кичик банддан «ҳамда узум, мевалар ва резаворлардан алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш» сўзлари чиқариб ташлансин;

б) 12, 13 ва 15-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

в) 16-бандда:

биринчи хатбоши чиқариб ташлансин;

иккинчи–бешинчи хатбошилар тегишинча биринчи–тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

г) 18-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

д) 6-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-422-сон қарорининг 5-банди қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Белгилаб қўйилсинки, кўчмас мулк қийматини баҳоловчи ташкилотни жалб қилган ҳолда мустақил баҳолашни ўтказган ва баҳолаш ҳисоботини солиқ органларига тақдим этган солиқ тўловчиларнинг тадбиркорлик фаолияти ва (ёки) даромад олиш учун мўлжалланган яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари 2024 йил учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ базаси сифатида эътироф этилади».

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 5.06.2024 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 73 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика