Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 13 / Божхона

Божхона амалиётидаги янгилик

 

Февраль ойининг иккинчи ярмида Божхона брокерлари уюшмаси Божхона қўмитаси кўмагида жорий йилда биринчи марта «ТИФнинг муаммоли масалалари. Божхона қонунчилигидаги янгиликлар» давра суҳбати кўринишида йиғилиш ўтказди. Унда ТИФ субъектлари, божхона брокерлари, Божхона қўмитаси, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, «Ўзбекэкспертиза» АЖ, Солиқ маслаҳатчилари палатаси ва бошқа ҳамкор уюшмаларнинг вакиллари иштирок этдилар.  

 

Божхона қийматини аниқлашнинг айрим жиҳатлари

Божхона қўмитасининг Божхона тўловлари бошқармаси бош инспектори Жамшид Исомуродовнинг «Божхона қиймати: янги амалиёт ва муҳим хатоликлар. Баҳолашнинг захира усулини қўллаш учун маслаҳат бериш тартиб-таомиллари» мавзусидаги тақдимоти ҳар доимгидек батафсил бўлди.

Сўнгги йилларда асосий усулни қўллаш анча осон бўлиб қолди. Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (6.04.2022 йилдаги 160-сон ВМҚга илова) қабул қилиниши бундан далолат беради.

Божхоначи киритилган ўзгаришларни слайдда намойиш қилди. Дейлик, агар 2019 йилда 16%дан ортиқ товарлар 1-усулда расмийлаштирилган бўлса, 2023 йил якунлари бўйича 1-усулни қўллаш улуши деярли 70% бўлган, бунда 59%да захира усули (6-1-усул) қўлланган, 20%ни 3-усул ташкил қилган. Исомуродов бошқа усуллар деярли қўлланилмаганлигига эътиборни қаратди. Олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг асосий усули 1-усул ҳисобланади. Агар олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг 1-усулини қўллаш мумкин бўлмаса, кейинги усуллар кетма-кетликда қўлланилади. Бунда ҳар бир кейинги усулнинг қўлланилишига, агар божхона қийматини аниқлашда олдингисидан фойдаланиш мумкин бўлмаса, йўл қўйилади. 4 ва 5-усуллар тескари кетма-кетликда қўлланилиши мумкин.

Бунда 1-усул қийматли асосга эга бўлган ташқи савдо битимларига мувофиқ олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда қўлланилади.

2 ва 3-усуллар илгари 1-усул билан аниқланган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларга доир битим қийматидан божхона қийматини аниқлаш учун асос қилиб олинадиган база сифатида фойдаланишга асосланади. Бунда декларант ёки божхона брокери томонидан амалда мавжуд бўлган ташқи савдо битимлари нархи ва товарларнинг ЎзР чегараси орқали олиб ўтилиши тўғрисидаги ҳужжатлар асосида тасдиқланган маълумотлар қўлланилади.

4 ва 5-усуллар эса божхона қийматини ҳисоблаб чиқаришнинг қуйидаги асосларини назарда тутади:

● 4-усул товарларнинг дастлабки ҳолати ўзгармаган ҳолатда (ёки қайта ишланган ҳолатда, агар қайта ишланганлик ҳолати товарларнинг нархига таъсирини аниқлаш мумкин бўлса) сотиладиган нархга асосланади;

● 5-усул товар экспортчи мамлакатда ишлаб чиқариш ва олиб чиқиш учун кетган харажатлар тўғрисидаги ахборотларга асосланади.

Мазкур усулларнинг қўлланилиши учун зарур бўлган маълумотларни олиш муайян қийинчиликлар билан боғлиқ бўлганлиги сабабли уларни кўллаш кетма-кетлиги декларант ёки божхона брокери томонидан ўзгартирилиши мумкин.

6-усул ўзидан олдинги усуллардан ҳеч бирини қўллаш имконияти мавжуд бўлмаганда қўлланилади. ­6-усул бўйича божхона қиймати божхона органларида мавжуд бўлган нарх маълумотлари асосида аниқланади. Божхона органлари божхона қиймати декларациясида мавжуд бўлган ахборотларни йиғиш, умумлаштириш ва тизимлаштиришни таъминлайди.

 

Маълумот учун. Агар божхона органи товарнинг божхона қийматини мустақил равишда аниқлайдиган бўлса, у 1–5-усулларнинг шартларини қўллашда бир мунча қайишқоқликни назарда тутувчи 6-усулдан фойдаланади.

 

Жамшид Исомуродов олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашдаги муҳим хатоликларни тавсифлаб берар экан, импорт қилувчи томонидан айрим тўловларнинг яширилишига ва бундай ноҳалол импорт қилувчиларни аниқлаш усулларига эътиборни қаратди.

 

Божхоначининг тавсиялари

Шу муносабат билан у бундай вазиятнинг олдини олиш мақсадида декларантнинг ҳаракатлари тўғрисида батафсил гапириб берди. Қонунчиликка мувофиқ декларант божхона қийматини маълум қилишдан олдин уни яхшилаб ўрганиб чиқиши шарт. Шу муносабат билан божхоначи қуйидаги бир қатор тавсияларни айтиб ўтди:

● ҳужжатларни ўрганиб чиқиш ва тўлиқ ҳужжатлар пакетини йиғиш;

● товарнинг қийматини ҳужжатлар бўйича ўрганиб чиқиш;

● товарларга тааллуқли айрим тўловлар юзасидан импорт қилувчи билан музокаралар олиб бориш;

● етказиб бериш занжирини ўрганиб чиқиш;

● тўловни текшириб кўриш;

● товарларни текшириш;

● декларациянинг 31-устунини тўғри тўлдириш;

● 1-усул бўйича чекловларни тўғри аниқлаш;

● айрим тўловларни тўғри ҳисоб-китоб қилиш;

● усулни тўғри танлаш.

Шуни унутмаслик лозимки, божхона қийматини аниқлашнинг ­1-усули қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:

● сотиб олувчининг баҳоланаётган товардан фойдаланишга ёки уни тасарруф этишга бўлган ҳуқуқларига нисбатан чекловлар мавжуд бўлса, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар ёхуд товар қайта сотилиши мумкин бўлган географик минтақадаги чекловлар ёки товарнинг қийматига жиддий таъсир кўрсатмайдиган чекловлар мустасно;

● товар божхона ҳудудига қиймат асосига эга бўлмаган битим бўйича олиб кирилган бўлса;

● сотиш ёки битимнинг баҳоси таъсирини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган шартларга риоя этилишига боғлиқ бўлса (айирбошлаш, контрактация, қайта ишлаш шартномалари);

● товарни кейинчалик қайта сотиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этишдан тушган тушумнинг исталган қисми сотувчига бевосита ёки билвосита ўтса ва бунда товарнинг қийматига тегишли тузатишларни киритиш мумкин бўлмаса;

● товарнинг божхона қийматини аниқлашда декларант ёки божхона брокери томонидан фойдаланилган маълумотлар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлмаса;

● битимнинг тарафлари (сотиб олувчи ва сотувчи) бир-бирига ўзаро боғлиқ шахслар бўлса, бундан уларнинг ўзаро боғлиқлиги битимнинг баҳосига таъсир этмаган ҳоллар мустасно, бу эса декларант ёки божхона брокери томонидан исботланиши лозим.

 

Маълумот учун. Сотиб олувчининг олиб кириладиган товарларга доир ҳуқуқларига нисбатан муайян чекловлар мавжуд бўлганда 1-усул қўлланилмайди. Шу сабабли 1-усулнинг қўлланилишига имкон бермайдиган чекловларни ва ушбу усулнинг қўлланилишига рухсат бериладиган чекловларни аниқ фарқлай билиш зарур.

 

Қонун ҳужжатларида сотиб олувчининг баҳоланаётган товарга доир ҳуқуқларига нисбатан чекловлар мавжуд бўлганда ҳам 1-усулнинг қўлланилишига рухсат бериладиган чекловларнинг фақат учта тури белгиланган:

● Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган чекловлар. Мазкур ҳолатдаги чекловлар, масалан, муайян товарни импорт қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасига нисбатан чекловлар ва ҳоказоларни назарда тутади. Жумладан, ядровий, кимёвий, заҳарловчи моддалар, гиёҳвандлик моддалари импорти фақат қатъий чекланган доирадаги шахсларга рухсат этилади;

● товар қайта сотилиши мумкин бўлган географик минтақадаги чекловлар. Мазкур ҳолатда товарнинг қайта сотилиши бўйича алоҳида шахслар учун ҳудудий чекловлар назарда тутилади. Масалан, сотувчи товарни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзининг сотувчиларига сотади ва барча ҳудудни уларнинг ҳар бирида алоҳида сотувчиси бўлган 10 та қисмга бўлади. Бунда сотувчиларнинг ҳар бири товарни фақат муайян ҳудудда сотиши мумкинлиги тўғрисидаги шарт қўйилади;

● товарнинг қийматига жиддий таъсир кўрсатмайдиган чекловлар. Агар нархга жиддий таъсир кўрсатадиган шарт мавжудлиги ҳақида маълум қилинса, унда 1-усулнинг қўлланилиши фақат бундай шарт натижасида нархнинг миқдорий ўзгариши ҳужжатлар асосида белгиланган ҳолдагина мумкин бўлади. Агар нархга миқдорий таъсир қилишни белгилаш ва ҳужжатлар асосида тасдиқлаш мумкин бўлмаса, унда божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усулларига ўтиш керак бўлади. Масалан, сотувчи тиббий жиҳозни сотиб олувчига ундан Ўзбекистон Республикасида фақат хайрия мақсадларида фойдаланади деган шарт билан сотади. Бунда 1-усул қўлланилиши мумкин эмас, чунки сотиб олувчининг товардан фойдаланиш ҳуқуқига нисбатан чеклов мавжуд ва бу хилдаги шарт битим қийматига таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай ҳолда божхона қийматини аниқлашнинг бошқа усуллари қўлланилиши керак.

1-усул ҳужжатлар асосида тасдиқланмаса қўлланилиши мумкин эмас. Шу тариқа, товарнинг экспорт қилинадиган мамлакатдан божхона чегараси орқали Ўзбекистон Республикасига олиб ўтилиши ва сотиб олувчидан ушбу товар эвазига пуллик ҳисобларнинг (тўловларнинг) қабул қилинган шаклларига мувофиқ тенг миқдордаги пул суммасини ёки товарни олиш учун асос бўладиган қийматга доир баҳолаш ёки унинг ҳисоблаб чиқариш усулини ўз ичига олган ташқи савдо контрактининг (шартноманинг, келишувнинг) мавжудлиги 1-усулни қўллаш шарти бўлиб ҳисобланади.

Битим қиймати декларант ёки божхона брокери тақдим этган ҳужжатларга мувофиқ божхона органи томонидан тан олинганидан кейин божхона қийматини ҳисоблаш учун қўшимча ҳисобланмалар ёки ундан чегирмаларни аниқлаш зарур. Битим қиймати тузилмаси товар етказиб бериш шартларига боғлиқ бўлади.

Қийматга қўшимча ҳисобланмалар сифатида БКнинг 304-моддасида белгиланган қуйидаги харажатлар киритилади:

а) товарни божхона ҳудудига олиб кириладиган жойга етказиб берилгунга қадар қилинадиган харажатлар:

● ташиш қиймати. Ташиш қийматига, агар бу харажатлар етказиб бериш шартларига мувофиқ битимнинг нархига киритилмаган бўлса, товарларни ЎзР божхона ҳудудига олиб кириладиган жойгача ташиш харажатлари киритилади. Бунда, агар ташиш турли хил транспорт воситаларида амалга оширилса, харажатлар ҳар бир транспорт воситаси тури учун ҳисобга олинади.

Ташиш харажатларига шунингдек, фрахт учун қўшимча тўловлар, товарни олиб кирганлик учун тўлов (товар кузатув ҳужжатларини расмийлаштируви учун харажатлар), уларни ташиш вақтида товарларга ишлов бериш харажатлари (товарнинг сақланишини таъминланиши учун керакли ҳароратни, намликни ушлаб туриш, ҳаво айланиши, йўлда ҳайвонларнинг озуқа билан таъминлаш ва муолажа қилиш ва ҳ.к. учун қилинадиган харажатлар) киритилади.

EXW ва FAS етказиб бериш шартларида сотиб олувчининг экспорт мамлакатидан олиб чиқишда товарни божхона расмийлаштируви учун сарфлаган харажатлари инобатга олинади.

Агар етказиб бериш беғараз ёки сотиб олувчи ўзининг транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган бўлса, унда транспорт воситаларининг тегишли турлари учун амалда бўлган юкларни ташиш вақтидаги тарифлардан келиб чиқиб ҳисобланган ташиш харажатлари суммаси божхона қийматига қўшилади. Истисно тариқасида, автомобиль транспортида ташиш тарифлари тўғрисидаги маълумот бўлмаган тақдирда, ташиш қийматига оид ташкилот (жамият)нинг тегишли бухгалтерлик ҳисоблаб чиқариш ҳужжатларига асосан ташиш харажатларининг суммасини белгилашга рухсат этилади;

● товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш харажатлари. Ушбу харажатлар агар улар ЎзР божхона ҳудудига олиб кириладиган жойигача юзага келган бўлса, божхона қийматига киритилади.

Масалан, агар етказиб бериш шартларига биноан товарларни етказиб бериш сотувчининг мажбуриятига кирмаса ва шундан келиб чиқиб, тегишли харажатлар товар қийматига қўшилмаган бўлса, у ҳолда етказиб бериш сотиб олувчининг ҳисобидан амалга оширилади. Товарни йўлда бир транспорт воситасидан бошқа транспорт воситасига қайта юклаш (агарда етказиб бериш турли хил транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган бўлса), уларни йўлда бир жойга тушириш ва ҳ.к. каби барча харажатлар божхона қийматига қўшилиши керак;

● суғурта қиймати. Суғурта қийматига товарни етказиб бериш билан боғлиқ бўлган суғурталаш харажатлари киради, яъни товарларни юклаш, тушириш, қайта юклаш ва бошқа жойга тўкиш даврида суғурталаш;

б) сотиб олувчи томонидан қилинган харажатлар:

● воситачилик ва брокерлик ҳақлари, бундан товарни харид қилишдаги воситачилик харажатлари мустасно. Товарни харид қилишдаги воситачилик ҳақлари деганда, сотиб олувчи (комитент) комиссионерга ўзига керакли бўлган товарни топиб бериш ва баҳоланаётган (олиб кирилаётган) товарни сотиб олишда чет элда уни тақдим этиш бўйича тўлаб бериладиган ҳақлар тушунилади;

● контейнерлар ва (ёки) кўп марта ишлатиладиган бошқа идишларнинг қиймати, агар улар ТИФ ТНга мувофиқ баҳоланаётган товар билан бир бутун деб қаралса;

● ўров-жойлов қиймати, шу жумладан ўраш-жойлаш материалларининг ва ўраш-жойлаш ишларининг қиймати;

в) сотувчи сотиб олувчига бепул ёки арзонлаштирилган нархда бевосита ёхуд билвосита тақдим этадиган хизматларнинг ва бошқа товарларнинг қиймати;

г) интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун сотиб олувчи баҳоланаётган товарни сотиш шарти сифатида бевосита ёки билвосита тўлаши керак бўлган лицензия тўловлари ва бошқа тўловлар;

д) олиб кирилган товарни кейинчалик қайта сотиш, ўзгача тарзда тасарруф этиш ёки ундан бошқа тарзда фойдаланишдан тушган тушумнинг бевосита ёки билвосита сотувчига тегиши керак бўлган ҳар қандай қисмининг қиймати.

«а»–«д» кичик бандларида кўрсатилган, битимнинг нархига киритиладиган харажатлар тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш, брокерлик хизмати) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.

 

Маълумот учун. Кўрсатилмаган харажатларни битим нархига қўшишга йўл қўйилмайди.

Турли номдаги товарлардан ташкил топган товарларнинг битта туркуми етказиб берилганда, божхона ҳудудига олиб кирилган товарлардан ҳар бирининг божхона қийматига қўшилиши лозим бўлган ҳамда товарларнинг бутун туркуми учун белгиланган харажатларни аниқлаш ҳар бир товар қийматининг товарлар туркумининг қийматига нисбати билан аниқланадиган катталикка мутаносиб равишда, транспорт харажатларини ҳисобга олишда эса, товарларнинг оғирлигига ёхуд ҳажмига мутаносиб равишда амалга оширилади.

 

Олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда битим нархидан қуйидаги тўловлар ва харажатлар, башарти улар божхона ҳудудига олиб кириладиган товар учун ҳақиқатда тўланган ёки тўланиши лозим бўлган нархдан ажратиб олинган бўлса, чиқариб ташланади:

● саноат қурилмалари, машиналар ёки ускуналар каби товарлар божхона ҳудудига олиб кирилганидан кейин амалга оширилган ускуналарни қуриш, ўрнатиш, йиғиш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ёки техник кўмаклашиш харажатлари;

● товар божхона ҳудудига олиб кирилганидан кейин қилинадиган транспорт харажатлари;

● товарни олиб кириш ёки сотиш билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистон Республикасида тўланадиган божхона тўловлари ва бошқа тўловлар, агар контракт (шартнома, келишув) шартларига кўра бу тўловлар сотувчи томонидан тўланади.

 

Маълумот учун. Битимнинг нархидан чиқариб ташланадиган тўловлар ва харажатлар, бундан Ўзбекистон Республикасида тўланадиган божхона тўловлари мустасно, тегишли товарлар, ишлар ва хизматлар (ташиш, суғурта қилиш) учун ҳақ тўланганлиги тўғрисида ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ҳисобварақ-фактуралар, тўлов топшириқномалари, чеклар) асосида аниқланади.

 

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 71 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика