Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 12 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Давлат уй-жой фондидан фойдаланишнинг янги тартиби

 

Вазирлар Маҳкамасининг 11.03.2024 йилдаги «Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 124-сон қарори қабул қилинди. 

 

Низом 2024 йил 1 июлдан кучга киради. Давлат уй-жой фондидан фойдаланишга аризалар фақатгина давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали қабул қилинади.

Қуйидагилар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар ҳисобланади:

● турар жой майдонига эга бўлмаган ёки яшаш учун яроқсиз уй-жойлар (бараклар, вақтинчалик уйлар, авария ҳолатидаги уйлар, ертўлалар)да яшовчи фуқаролар;

● ҳар бир оила аъзоси 16 квадрат метрдан, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун 23 квадрат метрдан кам бўлган турар жой билан таъминланганлар;

● ётоқхоналарда, ишлаб чиқариш ва хизмат хоналарида яшовчилар, бундан мавсумий ва вақтинчалик ходимлар, шунингдек, ўқишлари сабабли ётоқхоналарга кўчиб ўтган фуқаролар мустасно;

● қариндошлик алоқалари бўлмаган икки ва ундан кўп оила бўлиб бир квартирада яшовчилар;

● айрим сурункали касалликларнинг оғир турлари билан касалланган фуқаролар;

● уй-жой ажратилаётган аҳоли пунктида камида 3 йил яшаётган ва рўйхатда турган фуқаролар.

Қуйидагилар аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жой бериладиган фуқаролар ҳисобланади:

● 1941–1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва байналмилал жангчилар;

● шартнома бўйича ҳарбий хизматдан захирага бўшатилган ёки истеъфога чиққан ҳарбий хизматчилар;

● айрим сурункали касалликларнинг оғир турлари билан касалланган фуқаролар;

● кўп болали оилалар;

● чин етим болаларни васийликка олган оилалар;

● уч нафар ва ундан зиёд меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари бўлган, боқувчисини йўқотган оилалар;

● ишламайдиган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

● кексайиб қолган ёлғиз пенсионерлар – ёлғиз яшайдиган кексалар, вояга етмаган болалар ёхуд қамоқда ва жазони ижро этиш муассасаларида, узоқ муддат даволанишда бўлган шахслар билан бирга яшайдиган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган пенсия ёшидаги шахслар (60 ёшга етган эркаклар, 55 ёшга етган аёллар);

● болаликдан ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланган 18 ёшгача ёки болалиқдан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари бор оилалар.

Мурожаат махсус комиссия томонидан 10 кун ичида кўриб чиқилиб, натижаси бўйича шахсни уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг рўйхатига киритиш ҳақида қарор қабул қилинади. Мурожаатни кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.

Уй-жой фуқароларга ушбу аҳоли пунктида фойдаланишга топширилаётган ва бўшаётган уй-жойларнинг майдонидан келиб чиққан ҳолда, рўйхатда белгилаган навбат асосида тақдим этилади.

Уй-жой ажратиш тўғрисидаги қарорга асосан туман (шаҳар) хокимияти томонидан ордер шакллантирилиб мурожаатчига давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали юборилади.

Фуқаро ордерни олгандан сўнг 10 кун ичида уй-жойни балансда сақловчи ташкилот билан ижара шартномаси тузади. Фуқаро ва унинг оила аъзолари ордер берилган кундан бошлаб 30 кун ичида турар жойга кўчиб кириши лозим.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари ­маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.03.2024 йилдан кучга кирди.

 

Собир НУРБЕРДИЕВ.

Прочитано: 192 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика