Norma.uz
Газета СБХ / 2024 год / № 06 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув – текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида:

1. Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг:

сув хўжалиги ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига сув етказиб бериш хизматлари учун тўловларни бекор қилиш;

Сув хўжалиги вазирлигининг туман (Қувасой шаҳар) ирригация бўлимлари ҳамда махсус хизматлари негизида «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаларини (кейинги ўринларда – Сув етказиб бериш хизматлари) ташкил этиш;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан Давлат бюджетига тушган тушумнинг 40 фоизини Сув етказиб бериш хизматлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг балансидаги объектларни сақлаш ва техник ҳолатини яхшилаш харажатларига йўналтириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Сув хўжалиги вазирлиги туман (Қувасой шаҳар) ирригация бўлимларидаги мавжуд бошқарув ходимларининг штат бирликлари ҳисобидан Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратида Сув етказиб бериш хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасини ташкил этиш учун 7 та штат бирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларида Сув етказиб бериш хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимларини ташкил этиш учун 39 та штат бирлиги ажратилсин.

Бунда, Давлат бюджети параметрларида туман (Қувасой шаҳар) ирригация бўлимларини сақлаш учун кўзда тутилган маблағлар тегишли туманларда Сув етказиб бериш хизматлари фаолиятини молиялаштириш учун йўналтирилади ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мутаносиб равишда индексация қилиб борилади.

3. Қуйидагилар Сув етказиб бериш хизматларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;

ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;

суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;

сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;

истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;

сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш.

4. Сув етказиб бериш хизматлари раҳбарлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари бошлиқларининг тавсияларига асосан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири томонидан лавозимга тайинланиши ва лавозимдан озод этилиши ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан бир йилда икки марта халқ депутатлари туман Кенгашларига ҳисобот бериб бориши белгилансин.

5. Сув етказиб бериш хизматларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида:

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги – 2024–2025 йилларда босқичма-босқич зарур техника учун маблағлар ажратилишини;

Сув хўжалиги вазирлиги – туман (Қувасой шаҳар) ирригация бўлимлари балансидаги мавжуд бино ва асосий воситалар, шу жумладан техникалар Сув етказиб бериш хизматлари балансига ўтказиб берилишини;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари – маъмурий биноси мавжуд бўлмаган Сув етказиб бериш хизматлари учун зарур бино ёки жой ажратилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси 38-бандига асосан қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш (ўстириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажми, шу жумладан деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (кейинги ўринларда – сув солиғи) ставкаси 1 куб метр сув учун 100 сўм этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

а) 2024 йилдан бошлаб:

Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 25 мартга қадар вегетация даври учун ва 25 сентябрга қадар куз-қиш даври учун сув манбаларининг сувлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳудудлар кесимида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сув олиш лимитларини тасдиқлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1 октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман Кенгашларига киритади;

истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баробар оширилган ҳолда ҳисобланади;

б) 2025 йилдан бошлаб:

сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,5 камайтирувчи коэффициент қўлланилади;

сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинганда ёки суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициент қўлланилади;

балиқчилик учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланганда сув солиғи ставкасига 0,7 камайтирувчи коэффициент, қўлланилади;

сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинмаганда ҳамда суғориш учун олинган сув ҳажми сув ўлчаш ускуналари асосида аниқланмаганда сув солиғи ставкасига 1,5 оширувчи коэффициент қўлланилади.

8. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 декабрдаги «Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-205-сон Фармонида «Агробанк» АТБ устав капиталини ошириш учун 2,6 триллион сўм маблағ йўналтириш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредитлардан 2024 йилда қайтган маблағларни сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга йўналтириш белгиланганлиги;

«Агробанк» АТБ томонидан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича шаффоф онлайн кредит ажратиш имконини берувчи ­«suvkredit.uz» электрон тизими (кейинги ўринларда – «suvkredit.uz» тизими) ишлаб чиқилганлиги ҳамда 2024 йил 1 февралга қадар тўлиқ ишга туширилиши маълумот учун қабул қилинсин.

9. Сув хўжалиги вазирлиги (Р.Қаршиев) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А.Назаров), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (А.Бобоев), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (Ф.Суюнов) билан биргаликда «suvkredit.uz» тизимида қуйидаги функциялар инобатга олиниши бўйича «Агробанк» АТБга кўмаклашсин:

кредит расмийлаштириш жараёнининг шаффофлиги, яъни барча босқичларни онлайн кузатиб бориш имконияти яратилиши;

кредитлар асосида жорий қилинадиган сувни тежайдиган суғориш технологиялари фақат ишчи лойиҳалар асосида қурилиши;

пудрат ташкилотлар томонидан ҳар бир лойиҳа бўйича камида 2 йиллик кафолат муддати берилиши ҳамда 5 йил давомида сервис хизматлари кўрсатилиши;

кредит олувчилар томонидан пудрат ташкилотларнинг фаолиятини баҳолаб бориш ҳамда рейтинг тизими юритилиши;

кредит олувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини сувни тежайдиган суғориш технологияларидан самарали фойдаланишга ўқитиш орқали сервис ва консультатив хизматлар кўрсатилиши.

10. Белгилансинки, 2024 йилдан бошлаб:

сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига «suvkredit.uz» платформаси орқали 5 йил муддатга, шундан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада кредитлар ажратилади;

кредит таъминотининг 70 фоизи суғурта компанияларининг кредит қайтмаслик хатаридан суғурта полиси, 50 фоизи эса «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ кафиллиги асосида амалга оширилади;

сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ушбу технологиялар жорий қилинган йилнинг ўзида тўлиқ миқдорда ажратилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича лойиҳаларга тижорат банклари томонидан миллий валютада ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг 10 фоиздан ошадиган қисмини Давлат бюджетидан қоплаб берилишини таъминласин.

11. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг:

тижорат банкларининг кредит маблағлари ҳисобига жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш технологиялари бўйича ажратиладиган субсидияларни, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг тижорат банкларида очилган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ундирувга йўл қўйилмайдиган махсус мақсадли ҳисобварақлари (кейинги ўринларда – махсус мақсадли ҳисобварақлар) орқали кредитни сўндириш учун йўналтириш;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги ва тижорат банклари билан биргаликда махсус мақсадли ҳисобварақлар очиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг рўйхатини шакллантириши ҳамда Солиқ қўмитаси ва Марказий банк билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритиши;

махсус мақсадли ҳисобварақларни очиш Вазирлар Маҳкамасининг рухсати асосида амалга оширилиши тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

12. Белгилансинки, суғориладиган ерларда янги боғлар, узумзорлар ва бошқа кўп йиллик дарахтзорлар ҳамда енгил типдаги иссиқхоналарни ташкил этишда хулосалар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан фақат сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш шарти билан берилади.

Бош прокуратура (Ж.Хатамов), Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (А.Вахабов) мазкур бандда белгиланган талабнинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатсин.

13. Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси 2024 йил 1 февралга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаларининг фаолиятини ташкил қилиш тўғрисидаги низом лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

Сув етказиб бериш хизматларининг фаолияти тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан мувофиқлаштирилиши;

Сув етказиб бериш хизматлари фаолиятини ташкил этиш учун тегишли туман бюджетларидан маблағлар алоҳида шахсий ғазна ҳисобварақларига харажатлар таснифининг бир сатрида ажратилиши ва Сув етказиб бериш хизматининг бюджетдан ташқари маблағлари бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилиши;

Сув етказиб бериш хизматлари тузилмаси ва штат бирликлари сони, тизим учун белгиланган нормативлардан қатъи назар, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланиши;

Сув етказиб бериш хизматларига ажратилган маблағлардан фойдаланиш тартиби, шу жумладан, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори ва улар фаолиятининг самарадорлик мезонларига асосланган рағбатлантириш тартиби Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланиши;

туман (Қувасой шаҳар) учун олинган сув ҳажми ҳамда якуний истеъмолчиларга етказилган сув ҳажми орасидаги фарққа (сув йўқотишлари) қараб Сув етказиб бериш хизматлари ходимларини рағбатлантириш механизми.

14. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Хамраев), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А.Назаров), Кадастр агентлиги ­
(Ф.Пулатов), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси (Л.Умурзоқов), Адлия вазирлиги (Ш.Рабиев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари 2024 йил 1 июлга қадар барча суғориш тармоқларининг хатловдан ўтказилишини ташкил қилсин ҳамда уларнинг тегишлилиги бўйича балансга берилиши ва кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиши, шунингдек, рақамли технологиялар асосида ҳар бир суғориш тармоғини классификациялаш ва идентификациялаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин, бунда:

ҳар бир туман (Қувасой шаҳар) ҳокими ўз ҳудудидаги суғориш тармоқларини хатловдан ўтказишга масъул этиб белгилансин;

туман (Қувасой шаҳар) адлия бўлимлари суғориш тармоқларини тегишлилиги бўйича бириктириш жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан таъминласин.

15. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (А.Бобоев) Солиқ қўмитаси (Ш.Кудбиев), Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Хамраев) ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А.Назаров) билан биргаликда 2025 йил якунига қадар 2027–2029 йилларда лазерли текисланмаган суғориладиган майдонларга нисбатан ер ва сув солиғи ставкаларини босқичма-босқич бир ярим баробардан тўрт баробаргача ошириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин.

Бунда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ер текислагич агрегатларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизини қоплаб бериш механизми давом эттирилиши маълумот учун қабул қилинсин.

16. Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси» 1-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага** мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

18. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб сув хўжалиги вазири Ш.Р.Хамраев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А.Ходжаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2024 йил 5 январь

ПҚ-5-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 8.01.2024 йилдан кучга кирди.

**Ушбу қарорга 1–2-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 128 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика