Norma.uz
Газета СБХ / 2023 год / № 51-52 / Бухгалтерга тавсиялар

Атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндилар жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари қандай тўланади

 

Компенсация тўловларини ким тўлайди

Ўзбекистон ҳудудида атроф-муҳитни ифлослантирганлиги ва чиқиндиларни жойлаштирганлиги учун компенсация тўловларини қуйидагилар тўлайди (Низом, 12.04.2021 йилдаги 202-сон ВМҚга 1-илова):

● Ўзбекистон ҳудудида ифлослантирувчи моддалар ташламаларини атроф табиий муҳитга чиқариб ташловчи, оқава сувларни оқизувчи ва чиқиндиларни жойлаштирувчи юридик шахслар;

● юридик шахслар, шунингдек юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи ҳамда шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари коммунал канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларни нормативдан ортиқча оқизувчилар.

Канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларни ортиқча оқизиш учун компенсация тўловларини ҳисоблаш тартиби Қоидалар (3.02.2010 йилдаги 11-сон ВМҚга 1-илова) билан тартибга солинади.

Компенсация тўловлари субъектлари атроф-муҳитга таъсир қилиш даражаси (I–IV) бўйича 4 тоифага бўлинади. I–IV таъсир қилиш даражаси тоифалари билан боғлиқ фаолият турлари Рўйхатда белгиланган.

 

Бюджет ташкилотлари фақат қуйидаги компенсация тўловларини тўлайди:

● асосий фаолиятдан ташқари олинган даромад манбалари бўйича;

● атроф табиий муҳитга салбий таъсир кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият билан шуғулланганда.

 

Компенсация тўловлари нима учун тўланади

Компенсация тўловларининг объекти – бу массадир:

● ифлослантирувчи моддаларни атмосфера ҳавосига чиқариб ташлаш (ташламалар), оқава сувларни оқизиш (оқавалар)нинг норматив ва нормативдан ортиқча ташламалар;

● авария ҳолатидаги ташламалар ва оқавалар ҳамда бирваракайига ташламалар;

● лимит бўйича ва лимитдан ташқари жойлаштирилган чиқиндилар.

Компенсация тўловлари объекти қуйидагиларни ўз ичига олади:

● турғун ва кўчма манбалардан ифлослантирувчи моддаларни атмосфера ҳавосига чиқариб ташлаш массасини;

● ифлослантирувчи моддаларни сув объектларига ва жойларнинг рельефига оқизиш массасини;

● Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириладиган хавфли ва хавфсиз чиқиндилар массасини;

● коммунал канализация тармоқларига ифлослантирувчи моддаларнинг нормативдан ортиқча оқизилган массасини.

 

Қуйидагилар компенсация тўловлари объекти ҳисобланмайди:

● махсус сақланаётган ва ҳар хил турдаги махсус жиҳозланган тўплаш жойларида жойлаштириладиган хом ашё ресурслари разрядига тегишли бўлган балансдан ташқари;

● махсус ажратилган майдонларда вақтинча (олти ойгача) жойлаштирилганлиги тўғрисидаги ҳисоб-китоблар асосида ҳужжатлаштирилган ва сўнгра иккиламчи хом ашё сифатида фойдаланиладиган ишлаб чиқариш чиқиндилари;

● техника экинлари ва ўсимликларини суғориш учун белгиланган тартибда фойдаланиладиган тозаланган оқава сувлар;

● ажратилган ерда жойлаштириладиган, кон саноатининг кон юзини очишдаги ва қоришма жинслар;

● конларнинг ишлатилган қатламларига қайтариладиган, шунингдек қатламдаги босимни ушлаб туриш учун ҳайдаладиган ер ости йўлдош қатлам сувлари;

● фойдали қазилмалар хом ашё ресурслари сифатида махсус жиҳозланган чиқинди сақлаш шохобчаларида жойлаштирилганлиги тўғрисидаги ҳисоб-китоблар асосида ҳужжатлаштирилган ва кейинчалик (узоғи билан икки йил давомида) қайта ишланадиган кон қазиш саноати чиқиндилари;

● минерал ўғитлар ва иқтисодиёт тармоқлари учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хом ашё ресурслари сифатида жойлаштирилганлиги тўғрисидаги ҳисоб-китоблар асосида ҳужжатлаштирилган, кейинчалик (узоғи билан беш йил давомида) қайта ишланадиган ҳамда махсус жиҳозланган сақлаш жойлари (уюмлар)да жойлаштириладиган фосфорли ўғитлар (фосфогипс) ишлаб чиқариш чиқиндилари.

 

Компенсация тўловларини қандай ҳисоблаш керак

Компенсация тўловларини мустақил равишда ҳисоб-китоб қилинг:

● Низомга (12.04.2021 йилдаги 202-сон ВМҚга 1-илова) 1, 2, 3, 4 ва 5-иловаларга асосан белгиланган базавий ставкаларга мувофиқ;

● атроф табиий муҳитни ифлослантирувчи моддалар ташланмалари, оқавалари массаси чиқиндиларни жойлаштириш билан боғлиқ аниқ маълумотлар ҳамда тасдиқланган экологик нормативларга асосланган ҳолда.

Атроф-муҳитга таъсир қилиш бўйича экологик нормативлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишиш тартиби Низомда (21.01.2014 йилдаги 14-сон ВМҚга илова) белгиланади.

Агар сизнинг корхонангиз I, II ёки III тоифага кирса, сиз қуйидагиларга асосан компенсацияни ҳисоблашингиз мумкин:

● лаборатория таҳлилларига асосан;

● ифлосланиш манбаларида автоматик назорат тизимлари жорий этилган ҳолатларда – ушбу тизим маълумотлари асосида.

Атроф табиий муҳитни белгиланган меъёр даражасида ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун I–IV тоифаларга мансуб компенсация тўловчи субъектлар томонидан тўланадиган компенсация тўловининг миқдори қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

П = (Мн х R х БҲМ) / Бк,

бунда:

П – атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўлови суммаси, сўмда;

Мн – атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни тасдиқланган экологик нормативлар доирасида жойлаштириш массаси, тонна ва килограммларда;

R – атроф табиий муҳитга чиқарилган, оқизилган ифлослантирувчи моддалар ва жойлаштирилган чиқиндиларнинг бир тоннаси учун белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан коэффициентлардаги базавий ставка;

БҲМ – базавий ҳисоблаш миқдори, сўмда;

Бк – ифлослантирувчи моддалар атроф табиий муҳитга чиқариб ташланишига, оқизилишига ва чиқиндилар жойлаштирилишига тасдиқланган нормативлар (лимитлар) кўпайтирилганлиги (камайтирилганлиги) учун бараварлик коэффициенти. Норматив ва амалдаги масса ўртасида бараварлик ҳолати каттаси кичигига бўлинган ҳолда бараварлик коэффициенти аниқланади:

 

Т/р


Ифлослантирувчи моддаларни атроф-муҳитга чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни жойлаштириш массаси тасдиқланган экологик нормативлардан ортиқ (кам) бўлган


Ифлослантирувчи моддаларни атроф табиий муҳитга чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни жойлаштиришда тасдиқланган экологик нормативлар (лимитлар)дан ошириб юборилганлиги (камайтирилганлиги) учун бараварлик коэффициенти кўрсаткичлари (Бк)


1


1,0 дан 1,0009 гача


1,0


2


1,001 дан 1,049 гача


1,2


3


1,05 дан 1,059 гача


2,2


4


1,06 дан 1,1 гача


2,5


5


1,11 дан 1,2 гача


3,4


6


1,21 дан 1,3 гача


4,4


7


1,31 дан 1,5 гача


6,0


8


1,51 дан 1,8 гача


8,0


9


1,81 дан 2,0 гача


10,0


10


2,1 дан 2,2 гача


11,5


11


2,21 дан 2,4 гача


13,0


12


2,41 дан 2,6 гача


14,0


13


2,61 дан 2,8 гача


15,0


14


2,81 дан 3,1 гача


16,5


15


3,11 дан 4,5 гача


17,5


16


4,51 дан 5,0 гача


18,5


17


5,0 дан ортиқ


20,0


 

Атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги, чиқиндилар жойлаштирилганлиги бўйича белгиланган меъёрлардан ортиқ ҳолатлар аниқланганда, тўланадиган компенсация тўловининг миқдори қуйидаги формула билан ҳисобланади:

П = (Mн х R х БҲМ) + (Mно х R х БҲМ х Бк),

бунда:

П – атроф-муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўлови суммаси, сўмда;

– атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни тасдиқланган экологик нормативлар доирасида жойлаштириш массаси, тонна ва килограммларда;

Мно – ифлослантирувчи моддаларни тасдиқланган экологик нормативдан ортиқча ҳажмда атроф табиий муҳитга чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни жойлаштириш, тонна ёки килограммларда;

R – базавий ставка;

БҲМ – базавий ҳисоблаш миқдори, сўмда;

Бк – бараварлик коэффициенти.

Агар экологик нормативлар мавжуд бўлмаса, ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, чиқиндиларни жойлаштиришнинг ҳақиқий массаси учун компенсация тўлови суммаси қуйидаги формула бўйича аниқланади:

П = (Mф х R х БҲМ) х Шк,

бунда:

Мф – атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни жойлаштиришнинг ҳақиқий массаси;

R – базавий ставка;

БҲМ – базавий ҳисоблаш миқдори, сўмда;

Шк – шартли коэффициент.

 

Компенсация тўлови суммасини ҳисоблаш учун қуйидагилар қўлланилади:

● ифлослантирувчи моддалар ташланмалари массасига доир аниқ маълумотлар;

● ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни турларига кўра жойлаштиришнинг ҳисобини юритиш бўйича дастлабки маълумотлар;

● табиатни муҳофаза қилиш соҳасида белгиланган шаклларга мувофиқ ҳар йили тақдим этиладиган давлат статистик ҳисоботлари асосидаги аниқ маълумотлар;

● ифлослантирувчи манбаларда ускуна-жиҳозлар воситасида бажарилган экологик назорат, атроф-муҳит мониторинги натижалари маълумотлари.

Ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни жойлаштиришнинг ҳақиқий массасини ишлаб чиқаришнинг технологик регламенти бўйича кутилаётган йиллик массадан келиб чиқиб ҳисобланг, агар:

● ҳисобот даври учун ҳақиқий массасини аниқлаш мумкин бўлмаса;

● тасдиқланган экологик нормативлар мавжуд бўлмаса.

Агар сизда тасдиқланган экологик нормативлар бўлмаса ёки уларнинг амал қилиш муддати тугаган бўлса, қуйидаги формула бўйича компенсацияни ҳисобланг: П = Yҳ х Мим х R х БҲМ. Бунда субъектларга шартли коэффициент қўлланилади:

● I ва II тоифаларга – 20;

● III ва IV тоифаларга – 10.

 

Алоҳида ҳоллар

Мотор ёнилғиси ёқилганда ифлослантирувчи моддалар атмосфера ҳавосига нормативда чиқарилганлиги учун компенсация тўловини ҳисоб-китоб қилишда:

● 2-иловага асосан, базавий ставкаларни турларга ажратмасдан ифлослантирувчи моддаларнинг тўлиқ массаси учун қўлланг;

● ифлослантирувчи моддаларнинг амалдаги массасини 3-иловага мувофиқ аниқланг.

Мисол. Мотор ёнилғиси ёқилганда компенсация тўловининг ҳисоб-китоби

IV тоифадаги корхона балансида фойдаланилганда йилига 2 тонна миқдорида этилланмаган автобензин ёқиладиган автотранспорт воситалари мавжуд. Чиқариб ташлашнинг тасдиқланган экологик нормативи мавжуд эмас.

Ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш массасини аниқлаймиз (Мф):

2 х 788,3 = 1 576,6 кг = 1,5766 тонна (3-илова).

1 тонна ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш учун белгиланган компенсация базавий ставкаси (R) 0,09 га тенг (2-илова).

БҲМ – 330 000 сўм.

IV тоифадаги (Шк) субъекти учун экологик нормативлар мавжуд бўлмаганда шартли коэффициент 10 га тенг.

П = (Mф х R х БҲМ) х Шк формуласидан фойдаланамиз:

(1,5766 х 0,09 х 330 000) х 10 = 468 250,2 сўм.

Агар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат назоратини ўтказиш жараёнида транспорт воситаларининг ифлослантирувчи моддаларини инструментал усулда ўлчаш натижасида нормативлардан ошиб кетганини аниқлаган бўлса, у ҳолда нормативдан неча баравар ортиқча чиқарилганлик кўрсаткичи аниқланади. Бунда компенсация ушбу формула бўйича ҳисобланади:

П = Yҳ х Мим х R х БҲМ,

бунда:

корхона томонидан автотранспорт воситаси учун сарфланган ёқилғи ҳажми миқдори, тонна ёки килограммларда;

Мим – ифлослантирувчи модда массаси, Низомга 3-илова билан тасдиқланган бир тонна мотор ёқилғисини ёқишда чиқариб ташланадиган ифлослантирувчи моддалар миқдори турига қараб олинади;

R – базавий ставка;

БҲМ – базавий ҳисоблаш миқдори, сўмда.

Атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар авария ҳолатида ва бирваракайига чиқариб ташланган, оқизилган ва чиқиндилар жойлаштирилган ҳолатларда уларнинг миқдорини инструментал усулда аниқланг. Агар буни инструментал усулда аниқлаш мумкин бўлмаса, уларнинг миқдорини ишлаб чиқаришнинг технологик тартиб-қоидасидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилиш усули билан аниқланг.

Авария ҳолатида чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни жойлаштиришда компенсация тўловлари ифлослантирувчи моддаларни авария ҳолатида чиқариб ташлаш, оқизиш ва ноқонуний равишда чиқиндиларни жойлаштириш жараёни юзага келган пайтдан бошлаб, у бартараф этилгунга қадар ўтган давр учун заҳарли моддаларнинг ҳамда чиқиндиларнинг ҳар бир тури учун белгиланган компенсация тўловларининг ўн баравари миқдорида тўланади.

Бунда ҳисоб-китобдан аварияни бартараф этиш ва унинг оқибатлари даврида зарарсизлантириш ёки кейинчалик ишлаб чиқаришга жалб этиш учун корхонага қайтариладиган ифлослантирувчи моддалар массаси чиқариб ташланмайди.

 

Авария ҳолатларида, бирваракайига чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни ноқонуний равишда жойлаштирганлик учун ҳисобланган суммани, авария, бирваракайига чиқариш ҳолатлари содир этилганда айбдор бўлган шахслардан қатъи назар, ифлослантирувчи моддаларни ташлаш, оқизиш ва жойлаштириш объектларига эга бўлган субъектлар тўлайдилар. 

 

Компенсация тўловлари бўйича ҳисобот қачон ва қандай тақдим этилади

Компенсация тўловининг ҳисоб-китобини электрон ёки қоғоз шаклида тақдим этинг (6-илова).

Ҳисоб-китобни қоғозда шаклида икки нусхада тузинг ва қуйидаги муддатларда ўзингиз турган жойдаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича шаҳар (туман) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимига солиштириш ва келишиш учун топширинг:

● I ва II тоифадаги субъектлар – ҳар чоракда бир марта, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-кунигача;

● III ва IV тоифадаги субъектлар – ҳар йилда бир марта, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 январигача.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий органи ҳисоб-китобни икки иш куни давомида тўғрилигини текширади:

● электрон ҳисоб-китобни ЭРИ билан тасдиқлайди ёки масъул шахс имзоси билан қоғоздаги ҳисоб-китобнинг бир нусхасини қайтаради (агар ҳисоб-китоб тўғри бўлса)

ёки

● камчиликларни кўрсатган ҳолда ҳисоб-китобни қайта кўриб чиқиш учун қайтаради.

Агар камчиликлар аниқланса, улар 2 иш куни ичида бартараф этилиши ва ҳисоб-китобни қайта кўриб чиқиш ва келишиш учун тақдим этиш керак.

Ҳақиқий ҳисобланган суммалар ҳисоб-китоб бўйича тўланган аванс тўловлари билан таққосланади.

Ортиқча тўланган суммалар компенсация тўлови бўйича қарздорликни (пеня ва ҳоказо) қоплаш ёки келгусида тўланадиган тўловлар учун ҳисобланади.

 

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари билан ҳисоб-китобларни келишиш сизни тақдим этилган маълумотларнинг нотўғрилиги учун жавобгарликдан озод қилмайдилар.

Давлат экологик назоратини ўтказишда ва келишилган ҳисоб-китобларда компенсация тўлови нотўғри ҳисобланганлиги ҳолати аниқланганда қуйидагилар амалга оширилади:

● охирги текширув санасидан (уч календарь йилдан ортиқ бўлмаган муддат) қайта ҳисоб-китоб қилинади;

● компенсация ва пеня тўланади.

 

Компенсация тўлови қачон ва қандай тўланади

I ва II тоифадаги субъектлар ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунигача бўнак тўловини амалга оширадилар.

Бўнак компенсация тўловлари олдинги чорак маълумотлари бўйича ифлослантирувчи моддалар атроф табиий муҳитга чиқариб ташланиши, оқизилиши ва чиқиндилар жойлаштирилишининг норматив ва нормативдан ортиқча амалдаги ўртача ойлик массасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Агар жорий чорак учун компенсация миқдори 10 БҲМдан кам бўлса, унда:

● тўлов ҳар чоракда бир марта, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-кунигача амалга оширилади;

● чиқариб ташлаш, оқизиш массасини ҳисоб-китобини молиявий ҳисоботларни тақдим этиш вақтида йилига бир марта тақдим этинг.

Ҳисобот йили тугаганида бўнак тўловларини ҳақиқий йиллик компенсация суммаси билан солиштиринг.

III ва IV тоифаларга мансуб субъектлар компенсация тўловларини йилига бир марта, ҳисобот давридан кейинги йилнинг 5 февралигача тўлайдилар.

 

Компенсация тўловларини атроф табиий муҳитни ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш, оқизиш ва чиқиндиларни жойлаштириш жойи (ҳудуди) бўйича тўланг.

 

Маблағлар ўз вақтида ўтказилмаган тақдирда, 0,1 фоизи миқдорида, бироқ қарздорлик умумий суммасининг 50 (эллик) фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня ундирилади.

Сиз қуйидаги ҳуқуқларга эгасиз:

● экологиянинг ҳудудий органларидан компенсация тўловларини ҳисоблаш ва тўлаш масалалари бўйича бепул зарур маслаҳат ва методик ёрдам олиш;

● экология органлари қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш.

Компенсация тўловларини тўлаш тўловчиларни ушбу чиқиндиларни ташлаганлик, оқаваларни оқизганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик туфайли етказилган зарарни тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди.

 

Солиқ ва бухгалтерия ҳисоби

Ҳисобланган компенсация суммаларини қуйидагиларга киритинг:

● ишлаб чиқариш тусидаги бошқа харажатлар (маҳсулотлар, ишлар ёки хизматларнинг таннархи), агар уларни тўлаш ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлса (Низом 1.5.1.5-б., 5.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова);

● маъмурий харажатлар (9420-счёт), агар тўловлар ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита боғлиқ бўлмаса (Низом 2.2.15-б., 5.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова).

Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни


Счётлар корреспонденцияси


дебет


кредит


Компенсация тўловлари ҳисобланди


Харажат счёти ҳисоби


6990


Компенсация тўловлари тўланди


6990


5110


 

Белгиланган нормалар доирасидаги компенсация тўловлари қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиққан ҳолда фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланадиган харажатлардир (СК 305-м.).

Нормалардан ортиқча компенсация тўловлари чегирилмайдиган харажатларга киритилади (СК 317-м. 8-б.).

 

Агар сизда тасдиқланган экологик нормативлар мавжуд бўлмаса ёки уларнинг муддати ўтган бўлса, компенсация тўловларининг барча суммасини чегириб ташланмайдиган харажатлар таркибига киритинг.

 

УТИЛИЗАЦИЯ ЙИҒИМИ ҚАНДАЙ ТЎЛАНАДИ

Утилизация йиғими экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғи ва атроф-муҳитни ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида ундирилади (9.12.1992 йилдаги 754-XII-сон ЎРҚ 33-м.).

2020 йил 1 августдан бошлаб ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларига нисбатан Рўйхат (2.06.2020 йилдаги 347-сон ВМҚга илова)бўйича утилизация йиғимлари жорий қилинган (2.06.2020 йилдаги 347-сон ВМҚ 1-б.).

 

Йиғимни ким тўлайди

Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари бўйича утилизация йиғимини тўловчилар жисмоний ва юридик шахслар ҳисобланади (2.06.2020 йилдаги 347-сон ВМҚ 2-б.):

● транспорт воситаларини «эркин муомалага чиқариш» (импорт) божхона режимида расмийлаштирадиган;

● Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларини ишлаб чиқарадиган (йиғадиган, тайёрлайдиган).

Қуйидаги транспорт воситалари учун утилизация йиғими ундирилмайди:

● дипломатик ваколатхоналар ёки консуллик муассасаларига, халқаро ташкилотларга, шунингдек уларнинг Ўзбекистон фуқароси бўлмаган дипломатик мақомга эга бўлган ходимларига ва уларнинг оила аъзоларига тегишли бўлган;

● ишлаб чиқарилган кундан бошлаб ўттиз йил ва ундан кўпроқ вақт ўтган L ва М1 тоифалари, шунингдек ишлаб чиқарилган кундан бошлаб эллик йил ва ундан кўпроқ вақт ўтган М2, М3 ва N тоифалари, йўловчилар ва юкларни тижорат мақсадларида ташиш учун мўлжалланмаган, асл двигатели ва кузовига эга бўлган, сақланиб қолган ёки асл ҳолатигача реставрация қилинган;

● давлатлараро, ҳукуматлараро, халқаро ташкилотлар йўналишида хайрия ёрдами кўрсатиш мақсадида олиб кириладиган (шу жумладан, техник ёрдам ёки грант маблағлари ҳисобидан);

● Ўзбекистонга олиб кирилиб, вақтинча олиб кириш бўйича божхона режимида расмийлаштирилган.

 

Қандай қилиб ҳисобот бериш ва йиғимни тўлаш керак

Транспорт воситаларини Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда утилизация йиғимини ҳисоб-китоб қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади (Низом, 9.06.2021 йилдаги 358-сон ВМҚга илова):

● импортни рўйхатдан ўтказишда божхона органига утилизация йиғими бўйича ҳисоб-китобни тақдим этасиз;

● йиғимни транспорт воситалари учун божхона декларациясини (БЮД) тақдим этишдан олдин ёки бир вақтда тўлайсиз;

● йиғимнинг ҳисоб-китобида тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланса, божхона органи сизга қайта ҳисоб-китоб тўғрисида ва (ёки) ҳисоб-китобларга тузатишлар киритиш тўғрисида талабнома жўнатади;

● фарқни тўлайсиз ёки сизга ортиқча тўланган сумма қайтарилади.

Транспорт воситаларни ишлаб чиқаришда сиз:

● фақат Ўзбекистон ҳудудида сотиш учун ишлаб чиқарилган транспорт воситалари учун йиғим ҳисоб-китобини ўзингиз жойлашган жойингиздаги солиқ органига ҳисобот ойидан кейинги ойнинг йигирманчи кунидан кечиктирмай электрон шаклда тақдим этасиз;

● Ўзбекистон ҳудудида сотилган транспорт воситалари учун йиғимни ҳисобот ойидан кейинги ойнинг йигирманчи кунига қадар тўлайсиз. Агар экспорт бозорларида сотиш учун ишлаб чиқарилган автомобиллар ички бозорда сотилса, йиғим ҳисобот ойидан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмай тўланади.

 

Агар сотилган машина харидор томонидан қайтарилса, ҳисоб-китобга тузатиш киритинг.

 

Агар транспорт воситаларини ишлаб чиқариш жараёнида тўловни ўз вақтида ёки тўлиқ тўламаган бўлсангиз, у солиқ органлари томонидан ундирилади.

Йиғимнинг тўланган ва қайта ҳисобланган суммалари ўртасида фарқ аниқланганда:

● кам тўланган суммани такрорий (тузатилган) ҳисоб-китоб тақдим этилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида тўланг;

● ортиқча тўланган (ундирилган) сумма солиқ бўйича мавжуд қарзни қоплаш учун ҳисобга олинади ёки ҳисобварағингизга қайтарилади.

Ортиқча тўланган сумма ёзма аризангиз ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилган аризангиз асосида тегишли божхона ёки солиқ органларига тақдим этилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида қайтарилади.

Божхона ёки солиқ органи томонидан тақдим этилган ҳисоб-китобларда фарқлар ва (ёки) хатолар аниқланган ҳолатларда ҳаракат тартиби:

● у сизга қайта ҳисоб-китоб топшириш ва (ёки) ҳисоб-китобларга тузатишлар киритиш учун талабнома юборади;

● талабнома олинган кундан бошлаб ўн беш кун ичида янгиланган ҳисоб-китобни ёки тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда аниқланган фарқларнинг асосларини тақдим этишингиз керак;

● асослар божхона ёки солиқ органи раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан у олинган кундан бошлаб ўн беш кун ичида кўриб чиқилади;

● аниқланган тафовутлар бўйича тақдим этилган асослар билан тўлиқ ёки қисман келишилганда, орган сизга аввал юборилган талабномани бекор қилиш тўғрисида билдиришнома хати ёки ҳисоб-китобларга тузатишлар киритиш учун янгиланган талабнома юборади.

 

Давлат органлари йиғимларни қандай ундиради

Йиғим божхона ёки солиқ органлари томонидан қуйидаги ҳолларда ундирилади:

● тақдим этилган ҳисоб-китобдаги тафовутлар ва (ёки) хатолар йиғимнинг тўланмаслиги ёки қисман тўланишига олиб келган бўлса;

● қайта ҳисоб-китоб қилиш ва (ёки) ҳисоб-китобларга тузатишлар киритиш тўғрисидаги талабномани олганингиздан сўнг янгиланган ҳисоб-китобни, аниқланган тафовутлар учун асосларни тақдим этмаганингизда ёки тақдим этилган асослар етарли эмас деб топилса.

 

Янгиланган ҳисоб-китобни тақдим этмаслик ёки белгиланган муддат ичида аниқланган фарқлар учун асосларни тақдим этмаслик тўловнинг ўтказилмаган қисмини тўлашга розилигингизни англатади.

 

Йиғим тўланмаган (ёки қисман тўланмаган) тақдирда, божхона ёки солиқ органи сизга қарзни тўлаш тўғрисида талабнома юборади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

● талабномани бериш учун асослар;

● талабнома тақдим этилган пайтга қарздорлик суммаси;

● талабни бажариш учун муддат;

● талаб бажарилмаган тақдирда қарздорлик суд орқали ундирилиши тўғрисида огоҳлантириш.

Талабнома қарзнинг пайдо бўлиш факти аниқланган кундан бошлаб ўн иш кунидан кечиктирмай, талабноманинг олинган факти ва санасини тасдиқлаш имконини берадиган ҳар қандай усулда юборилади.

Талабнома олинган кундан кейинги кундан бошлаб ўн иш куни ичида бажарилади.

 

Янгиланган ҳисоб-китобни тақдим этмаслик ёки белгиланган муддат ичида аниқланган фарқлар учун асосларни тақдим этмаслик тўловнинг ўтказилмаган қисмини тўлашга розилигингизни англатади.

 

Қарз банк ҳисобварақларингизда мавжуд бўлган маблағлар ҳисобидан банкка пул маблағларини баҳссиз тартибда ҳисобдан чиқариш учун инкассо топшириқномаларини юбориш орқали ундирилади.

Агар инкассо топшириқномаси берилган кундан бошлаб олти ойдан ортиқ вақт мобайнида асосий ҳисоб-китоб ҳисобварақларингизда маблағ бўлмаса, қарздорлик мол-мулкингизни сотишдан олинган маблағлар ҳисобидан ундирилади.

Ундирувни мол-мулкка қаратиш божхона ёки солиқ органининг даъво аризаси асосида суд тартибида амалга оширилади.

 

Йиғимни тўлаш бўйича имтиёзлар

Қонун ҳужжатларида йиғим тўлашдан озод қилиш ёки унинг ноль даражали ставкаси назарда тутилиши мумкин.

Жумладан, қуйидагилар йиғимни тўлашдан озод қилинади:

● республика аэропортларини давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция, модернизация, эксплуатация қилиш ва бошқариш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланган кундан бошлаб 3 йил муддатга – хусусий шериклар, улар томонидан жалб қилинадиган лойиҳа ташкилотлари, операторлар, маслаҳатчилар, пудратчилар ва субпудратчилар олиб кириладиган транспорт воситалари (енгил автомобиллардан ташқари) ва махсус техникалар учун (29.03.2021 йилдаги ПҚ-5042-сон, 1-б.);

● 2025 йил 1 мартгача – тадбиркорлик субъектларига рўйхат бўйича олиб кириладиган, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган озуқа экинларини экиш, йиғиш ва озуқа тайёрлаш қишлоқ хўжалиги техникалари учун (8.02.2022 йилдаги ­ПҚ-121-сон, 6-б.).

Утилизация йиғимининг ноль даражали ставкасининг қўлланишига мисоллар (импорт қилишда):

Ноль даражали ставканинг амал қилиш муддати


Транспорт воситаларининг турлари


Асослар


2025 йил 1 январгача


Юк ташиш учун мўлжалланган, ишлаб чиқарилганига етти йилдан ошмаган транспорт воситалари:

● «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган автотранспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8701 20, 8704 23 (самосваллардан ташқари);

● тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39)

19.08.2021 й. ПҚ-5225-сон, 1-банд


2024 йил 1 январгача


Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари рўйхат бўйича, агар улар ишлаб чиқарилган санадан бошлаб тўрт йилдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, «Евро-5» ва ундан юқори экологик синф талабларига мувофиқ келган тақдирда (30.09.2021 й. ПФ-6318-сон 1-б.)


30.09.2021 й. ПФ-6318-сон, 2-банд


2024 йил 1 январгача


4-иловага мувофиқ янги қурилиш ва махсус техника, шунингдек юк ташиш учун транспорт воситалари


9.12.2021 й. ПФ-33-сон, 3-банд


2026 йил 1 январгача


Йўловчилар ташиш учун мўлжалланган, ҳайдовчи билан биргаликда саккиз ва саккизтадан ортиқ ўриндиқларга эга бўлган, фақат электр двигатель орқали ҳаракатга келтириладиган автотранспорт воситалари


2.02.2022 й. ПҚ-111-сон, 14-банд


2024 йил 1 январгача


Янги юк ташувчи транспорт воситалари (чиқинди ташиш машиналари ва самосваллар) (ТИФ ТН коди 8704 32 9209)


26.09.2023 й. ПФ-161-сон, 1-банд


 

Бухгалтерия ва солиқ ҳисоби

Транспорт воситаларини импорт қилишда утилизация йиғими суммаси қуйидагиларга киритилади:

● асосий воситаларнинг бошланғич қийматига (агар транспорт ўз эҳтиёжлари учун сотиб олинса) (5-сон БҲМС 11-б.);

● товарларнинг таннархига (агар транспорт қайта сотиш учун сотиб олинса) (4-сон БҲМС 15-б.).

 

МИСОЛ. Утилизация йиғимини ҳисобга олиш бўйича бухгалтерия ўтказмалари

1. Корхона ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилган санасидан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтмаган енгил автомобилни импорт қилди. Автомобиль АВни тан олиш мезонларига жавоб беради. Утилизация йиғими – тўлов кунида БҲМнинг 180 бараварини ташкил этади:

330 000 х 180 = 59,4 млн сўм. Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма,

млн сўм

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Йиғим ҳисобланди

 

59,4

 

0820

 

6990

 

Йиғим тўланди

 

59,4

 

6990

 

5110

 

 

 

2. Корхона қайта сотиш учун ишлаб чиқарилган санасидан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтган енгил автомобилни импорт қилди. Утилизация йиғими – тўлов кунида БҲМнинг 390 бараварини ташкил этади:

330 000 х 390 = 128,7 млн сўм. Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни


Сумма,

млн сўм

Счётлар корреспонденцияси


дебет


кредит


Йиғим ҳисобланди


128,7


2910


6990


Йиғим тўланди


128,7


6990


5110


 

 

Агар сиз транспорт воситаларини ишлаб чиқарсангиз, йиғим суммасини бошқа операцион харажатларга киритинг (Низом 2.3.14-б., 5.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова).

Утилизация йиғими фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириб ташланадиган харажат ҳисобланади, сабаби уни тўлаш қонунчиликнинг қоидаларидан келиб чиқади (СК 305-м.).

 

МИСОЛ. Утилизация йиғимини ҳисобга олиш бўйича бухгалтерия ўтказмалари

Корхона двигателининг иш ҳажми 1 000 дан 2 000 куб см.гача бўлган енгил автомобилларни ишлаб чиқаради. Битта автомобиль учун утилизация йиғими – тўлов кунида БҲМнинг 120 бараварини ташкил этади:

330 000 х 120 = 39,6 млн сўм. Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни


Сумма,

млн сўм

Счётлар корреспонденцияси


дебет


кредит


Йиғим ҳисобланди


39,6


9430


6990


Йиғим тўланди


39,6


6990


5110


 

Умид ҲАМРОЕВ, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Солиқ ва божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи,

Олег ЦОЙ, «Норма» эксперти.  

Прочитано: 99 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика