Norma.uz
Газета СБХ / 2023 год / № 42 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини янада ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, шунингдек, жорий йилнинг 18 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ ҳудудларда хом ашёни тўлиқ йиғиб олиш ва қайта ишлашга йўналтириш мақсадида терини қайта ишловчи корхоналар билан:

чорвачилик кластерлари ва чорва молларини сўйиш кушхоналари;

аҳолидан терини йиғувчи тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахслар ўртасида кооперация тизими жорий қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда «Ўзчармсаноат» уюшмаси ушбу кооперация тизимининг биринчи навбатда 1-иловага** мувофиқ туманларда жорий қилинишини таъминласин.

«Ўзчармсаноат» уюшмаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда терини қайта ишловчи ва уни етказиб берувчи ташкилотлар ўртасида тузиладиган намунавий шартномани ишлаб чиқиб, ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштирсин.

2. Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (Ж.А.Ходжаев) бир ой муддатда «Ўзчармсаноат» уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг масъулларини бириктирган ҳолда, 2023–2025 йилларда тери хом ашёсини чуқур қайта ишлаш негизида экспортга йўналтирилган юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари дастурини тасдиқласин.

Белгилансинки, ушбу инвестиция лойиҳалари қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан Франция тараққиёт агентлиги иштирокидаги «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» ва Жаҳон банки иштирокидаги «Чорвачилик соҳасини ривожлантириш (2-босқич)» лойиҳалари доирасида халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари;

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари ҳамда хорижий банкларнинг узоқ муддатли имтиёзли кредит линияларининг тижорат банклари орқали жалб қилинадиган 200 миллион АҚШ доллари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 февралдаги «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-143-сон қарорининг тўртинчи банди билан тижорат банкларида очилган кредит линияларининг фойдаланилмаган қисмидан молиялаштириш тартиби ва шартларини сақлаб қолган ҳолда 40 миллион АҚШ доллари.

3. Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасида инвестиция лойиҳалари учун ер майдонларини ажратиш тизимини соддалаштириш ва кичик саноат зоналари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида:

а) чарм-пойабзал, мўйначилик ва ихтисослашган сўйиш корхоналари ташкил этиш учун ер майдонлари ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари, истисно тариқасида, корхоналар томонидан бир йил ичида ҳар ой тенг улушларда амалга оширилади;

б) ташкил этилган 16 та ихтисослашган чарм-пойабзал кичик саноат зоналарида жойлаштириладиган инвестиция лойиҳалари учун:

электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкаларининг бошланғич нархи 25 йил муддатдан келиб чиқиб, ҳисоб-китоб қилинади;

ер участкалари электрон онлайн аукцион савдоларига аниқланган бошланғич нархининг 10 фоизи миқдорида чиқарилади;

электрон онлайн аукцион савдолари ғолиблари томонидан ер участкалари учун маблағлар 3 йил давомида тенг улушларда тўлаб берилади;

в) Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ташкил этилган чарм-пойабзал кичик саноат зонасида марказлашган оқова сув тозалаш иншоотини қуриш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 4 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-292-сон қарорига асосан республика бюджетидан 10 йил муддатга 50 миллиард сўмгача ссуда ажратилади.

Бунда, терини қайта ишлаш корхоналари томонидан марказлашган оқова сув тозалаш иншоотини қуриш ва бошқариш учун тенг улушларда ягона корхона таъсис этилади ҳамда ушбу ссуда иккинчи йилдан бошлаб ягона корхона томонидан ҳар йили тенг улушларда республика бюджетига қайтариб берилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур мақсад учун зарур бўлган маблағларнинг ягона корхонага ажратилишини 2024 йил бюджет параметрларида кўзда тутсин.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ва «Ўзчармсаноат» уюшмаси 2024 йил якуни билан марказлашган оқова сув тозалаш иншоотининг фойдаланишга топширилишини таъминласин.

4. Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасида экспорт қилувчи корхоналарни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида:

а) Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали майда шохли молнинг ярим тайёр чармини (ТИФ ТН бўйича 4105, 4106 21 000 0 кодлари) олиб чиқишда 2025 йил 1 январга қадар йиғим ундирилмайди;

б) Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг мавжуд ресурслари доирасида:

экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун охирги 12 ой мобайнида улар томонидан амалга оширилган экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 2 йил муддатгача:

экспорт ҳажми 1 миллион АҚШ долларидан 2 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 1 миллион АҚШ долларигача;

экспорт ҳажми 2 миллион АҚШ долларидан 4 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 2 миллион АҚШ долларигача;

экспорт ҳажми 4 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда – 3 миллион АҚШ долларигача миқдорларда молиявий ресурслар ажратилади. Бунда, молиявий ресурслар йиллик 4 фоиз ставкадан (шундан 2 фоизи банк маржаси) ошмаган ҳолда тақдим этилади;

в) чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаси корхоналари томонидан хорижда савдо уйи ва дўконини ташкил этиш учун алоҳида қарорларсиз йилига 50 минг АҚШ долларигача маблағни чет элга ўтказишга рухсат берилади.

5. Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида кадрлар тайёрлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

юқори малакали тикувчи, бичувчи ва косибларни тай­ёрлашда «уста-шогирд» анъанаси асосида корхонанинг тажрибали ходимларига бириктирилган шогирдлар учун дастлабки уч ой мобайнида Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида субсидиялар ажратилади;

мазкур субсидиянинг 50 фоиз қисми устанинг иш ҳақига устама сифатида берилади ва қолган қисми зарур хом ашёлар сотиб олиш учун мақсадли сарфланади;

илмий-амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш учун олий таълим муассасалари «таълим-фан-ишлаб чиқариш» тамойили асосида ҳудудларга 2-иловага** мувофиқ бириктирилади;

мазкур олий таълим муассасалари томонидан бириктирилган ҳудудларда коллеж ва техникумларга соҳага кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув-методик ёрдам кўрсатилади;

«Ўзчармсаноат» уюшмаси бириктирилган ҳудудларда таълим муассасалари билан соҳа корхоналарининг ўзаро узвий ҳамкорлигини таъминлаш, шу жумладан талабаларга ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларини ўргатиш ҳамда юқори курс талабаларини иш ҳақи тўланадиган тизим орқали банд қилиш чоралари кўрилади.

6. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, «Ўзчармсаноат» уюшмаси ва ҳудудларга бириктирилган олий таълим муассасалари 2024/2025 ўқув йилидан Италия, Туркия, Германия ва бошқа давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасида талаб юқори бўлган мутахассисларни (муҳандис, технолог, дизайнер, маркетолог) тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурлари жорий этилишини таъминласин.

7. «Ўзчармсаноат» уюшмасининг Италиянинг пойабзал ва чарм ускуналари ишлаб чиқарувчи миллий уюшмасининг (ASSOMAC) грант маблағларини жалб қилган ҳолда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб халқаро тажриба асосида чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотларининг синов лабораторияларини ташкил этиш бўйича таклифи маъқуллансин.

8. 2024–2026 йилларда чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш ва хорижий брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиш дастури 3-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ қўшимчалар ва ўзгартириш киритилсин.

10. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилиш, қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А.Ходжаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2023 йил 11 октябрь

ПҚ-331-сон.

ЎзР Президентининг 2023 йил 11 октябрдаги ПҚ-331-сон қарорига
4-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА КИРИТИЛАЁТГАН ҚЎШИМЧАЛАР ВА ЎЗГАРТИРИШ

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4742-сон қарорига илова қуйидаги мазмундаги 81 ва 82-бандлар билан тўлдирилсин:

«81. Тери хом ашёсини йиғиш ва тайёрлаш.

82. Жунни йиғиш ва тайёрлаш».

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-55-сон қарори 1-бандининг «б» кичик банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«чарм-атторлик маҳсулотлари, чармдан тайёр кийимлар, оёқ кийимлари, спорт инвентарлари, шунингдек фурнитура, аксессуарлар ва мўйначилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хом ашё материалларини харид қилиш учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга ажратилади».

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 февралдаги «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-143-сон қарори 4-бандининг учинчи хатбошисидаги «2022 йил» сўзлари «2022–2025 йиллар» сўзлари билан алмаштирилсин.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 14.10.2023 йилдан кучга кирди.

**Ушбу қарорга 1–3-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 188 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика