Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 47 / Божхона

Бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини қандай олиш мумкин

 

Божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини қандай олиш мумкин? Божхона органига хат қандай расмийлаштирилади – ёзма шаклдами ёки электрон тарздами?

 

– Божхона тўловларини тўлаш муддатини қўшимча даврга узайтириб, тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасини шу давр ичида қисмларга бўлиб тўлаш божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлашдир.

Божхона органининг қарорига асосан тўловчига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин. Бунда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан 60 календарь кундан ошмаслиги лозим (БК 329-м.).

 

Маълумот учун. Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти божхона тўловларининг битта ёки бир нечта турига, шунингдек тўланиши лозим бўлган бутун суммага ёки унинг бир қисмига нисбатан берилиши мумкин.

 

Божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор БКнинг ­330-моддасида назарда тутилган зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан 5 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда божхона органи томонидан қабул қилинади.

Божхона органининг қарорида божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган муддат, бундай имконият бериш рад этилган тақдирда эса рад этиш сабаблари кўрсатилади.

 

Маълумот учун. Божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти БКнинг 47-бобида назарда тутилган тартибда божхона тўловлари тўланишини таъминлаш шарти билан берилади.

 

Бунда тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи товарларни импорт қилиш билан 3 йилдан ортиқ шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларни тўғри (ёки ўз вақтида) бажарадиган, бироқ молиявий ҳолати туфайли божхона тўловларини белгиланган муддатларда тўлашга имкони бўлмаган ТИФ иштирокчиларига берилади. Бунинг устига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти 6 ой учун божхона тўловлари сўнгги 3 йилда тўланган тўловлар суммасининг 50%идан ошмайдиган миқдорда таъминланиши шарти қўлланилмаган ҳолда тақдим этилади.

 

Маълумот учун. Божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти Президентнинг ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан узоқроқ муддатларга ва божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда берилиши мумкин.

 

Божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини олиш учун тўловчи божхона органига:

● божхона тўловлари суммаларини тўлаш бўйича ёзма мажбуриятни ўз ичига олган аризани;

● божхона тўловлари тўланиши таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади (БК 330-м.).

 

Маълумот учун. Божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

● БКнинг 330-моддаси талабларига риоя этилмаганлиги;

божхона тўловларини илгари берилган бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти бўйича тўлаш муддатлари бузилганлиги фактларининг мавжудлиги (БК 331-м.).

 

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тўловчининг танловига кўра қуйидаги исталган усуллар орқали амалга оширилади:

● пул маблағларини божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига киритиш;

● товарларни гаровга қўйиш;

● банк кафолатини тақдим этиш;

● божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш;

● кафиллик (БК 339-м.).

Божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун тўланиши лозим бўлган суммадан Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасининг 50%и миқдорида, 1 кун учун қайта ҳисоб-китоб қилинган ҳисоблаб чиқариладиган фоизлар ундирилади.

Фоизлар бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган божхона тўловларининг суммаси тўлангунига қадар ёки тўлаш билан бир вақтда, лекин кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугайдиган кундан кейинги кундан кечиктирмай тўланади.

БКнинг 329-моддаси 5 ва 10-қисмларида назарда тутилган ҳолларда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган тақдирда, фоизлар ҳисобланмайди ва тўланмайди (БК 332-м.).

 

Маълумот учун. Божхона тўловлари бўйича бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганлиги учун фоизларни тўлаш, ундириш ва қайтариш БКнинг 45, 48 ва 49-бобларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

 

Божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганда уларнинг суммаларини тўлаш божхона органи томонидан тўловчи билан биргаликда тасдиқланган жадвал бўйича бўлиб-бўлиб тўланадиган суммаларни киритишнинг келишиб олинган кунларидан кечиктирмай амалга оширилади.

Бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган божхона тўловларининг суммалари тўловчи томонидан ўз вақтида тўланмаган тақдирда, божхона органлари божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликнинг бутун суммасини БКнинг 47 ва 48-бобларида назарда тутилган тартибда депозит, товарлар гарови, банк кафолати, суғурта полиси ёки кафиллик билан таъминланган пул маблағлари ҳисобидан ундириб олиш чораларини кўради (БК 333-м.).

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 467 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика