Бугунги кунда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ҚҚС тўловчилар сони 2016 йилга нисбатан 20 бараварга ўсиб, 138 мингтани ташкил этмоқда. Қолаверса, фойда солиғи тўловчилари сони эса 18 бараварга ўсди. Энг муҳими – ўзини ўзи банд қилган шахслар сони 1 млн нафардан ошди.
Давлат солиқ қўмитасидан маълум қилишларича, Ўзбекистон солиқ сиёсатида ижобий ўзгаришларга эришаётган давлатлар рўйхатидан Топ-20 таликка кирган. Аммо солиқ маъмуриятчилиги бўйича мукаммал тизим яратилмас экан, хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш масаласи долзарблигича қолади.
Бунинг энг тўғри ва ягона ечими солиқ маъмуриятчилигининг барча йўналишларига автоматлаштирилган ахборот тизимлари жорий этишдир. Давлат солиқ қўмитаси томонидан мазкур мавзуда матбуот анжумани ташкил этилди.
– Давлат солиқ хизмати органлари тизимида бу борада салмоқли қадамлар ташланмоқда, – деди Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев. – Давлат солиқ қўмитаси маълумотларни қайта ишлаш марказининг қуввати ўтган йилга нисбатан 8, ахборотни қайта ишлаш тезлиги эса 29 бараварга оширилди. Ҳозирда солиқ тўловчиларнинг 95 фоизи солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ихтиёрий бажармоқда. Бу рақамлаштириш йўналишида амалга оширилган ислоҳотларнинг дастлабки натижасидир. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрдаги тегишли қарори солиқ маъмуриятчилигининг янги босқичини бошлаб берадиган концептуал ҳужжат бўлди. Унда учта асосий янгилик мавжуд бўлиб, улар қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказишни солиқ хавфини баҳолаш асосида амалга ошириш.
Янги тартибга кўра, жорий йилнинг 22 декабридан бошлаб қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказишда солиқ тўловчиларнинг солиқ хавфи даражаси ўрганилади. Махсус рўйхатдан ўтказиш бўйича аризалар 7 кун ичида кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқишнинг биринчи босқичида солиқ тўловчиларнинг солиқ хавфи автоматлаштирилган тизим орқали ўрганилади ва натижаларга кўра улар солиқ хавфининг юқори, ўрта ёки паст даражалари бўйича тоифаларга ажратилади.
Тадбиркорларнинг активларини ҳисобга олишнинг янги механизми – «E-aktiv» автоматлаштирилган ахборот тизими солиқ органларига асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурслар ҳисобини юритиш, таҳлил қилиш, уларнинг ҳаракатини масофадан ҳисобга олиш, ҳар бир омбор кесимида кирим-чиқим қилинган ёки қолдиқ товарлар рўйхатини шакллантириш имконини беради.
ҚҚС тўловчилар ва устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган юридик шахслар 2022 йил 1 январдан «E-aktiv» ахборот тизимидан фойдаланиши мажбурий ҳисобланади.
Шунингдек, бугунги кунда солиқ тизимида ижара муносабатларининг янги тизими – «E-ijara» юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш учун Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш – «Е-ijara» электрон хизмати яратилиб, «ijara.soliq.uz» интернет манзилида синовдан ўтказилмоқда.
Кўчмас мулк ижара шартномаларини мажбурий равишда солиқ органларида электрон шаклда ҳисобга қўйиш амалиёти 2022 йил 1 январдан жорий этилади.
Бундан ташқари, матбуот анжумани давомида Электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) ҳамда Маҳсулот ва хизматларнинг идентификация коди (МХИК) тизимида амалга оширилаётган янгиликлар, хусусан, тизимдан фойдаланиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида киритилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, жорий этилиши режалаштирилаётган «E-imtiyoz», «Автотаққослаш», Занжир тўлиқлигини мониторинг қилиш бўйича қўшилган қиймат солиғини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими дастурий маҳсулотлари тақдимоти ўтказилди.
ЎзА асосида.