2022 йил 1 январдан Жаҳон божхона ташкилотининг Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизими 7-нашри кучга киради, у ЎзР ТИФ ТНнинг халқаро асоси ҳисобланади.
Шу йилнинг 17 сентябрь куни Жаҳон божхона ташкилоти ўзининг сайтида (https://www.wcotradetools.org/index.php/en/harmonized-system/2022/en) Уйғунлаштирилган тизимнинг жорий тафтишини эълон қилди. Жаҳон божхона ташкилотининг маълумотларига кўра, тизимнинг янги версиясига жаҳон савдоси характери ва тузилмасидаги ўзгартиришлар, глобал тусдаги ижтимоий ва экологик масалалар билан боғлиқ 350 туркумдан ортиқ тузатишлар киритилган.
Бутун дунё бўйлаб қўлланиладиган восита
Европа иттифоқининг 17 та мамлакати томонидан 1983 йил 14 июнда Брюсселда имзоланган ҳамда уларнинг ҳудудларида 1988 йил 1 январдан амал қилишни бошлаган Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизими тўғрисидаги Халқаро конвенция Уйғунлаштирилган тизимнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Конвенциянинг мақсади божхона операцияларини соддалаштириш, товарлар бўйича маълумотларни тўплаш ва жаҳон иқтисодиётини ривожлантиришдан иборат. Ўша пайтларда ташқи савдо классификацияси тизимларида фойдаланиладиган СХСК (Стандарт халқаро савдо классификацияси), БҲКН (Божхона ҳамкорлиги кенгаши номенклатураси) ва бошқалар уйғунлаштирилган тизим учун асос бўлиб хизмат қилди. Шунингдек тизим янги нормалар билан тўлдирилди.
Маълумот учун. Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизими (Нarmonized commodity description and coding system) Жаҳон божхона ташкилоти бошчилигида ишлаб чиқилган ва 1988 йилдан буён амал қилади. Бу батафсиллаштирилган ва унификацияланган ташқи савдо классификатори бўлиб, йиғимни, халқаро савдо бўйича статистик маълумотларни солиштириш ва таҳлил қилинишини таъминлайди. Товарлар мўлжали бўйича (кийим-кечак, қурол-яроғ ва бошқалар) ҳамда иқтисодиёт тармоқлари бўйича (тўқимачилик маҳсулотлари, ҳайвонот маҳсулотлари ва ҳ.к.) таснифланади. Танланган тоифаларга 6 рақамдан иборат кодлар берилади, бунда айрим мамлакатлар номенклатурани 8 ёки 10 рақамдан иборат кодларгача батафсиллаштиради. 2017 йил 1 январдан бошлаб УТнинг 6-таҳрири амал қилади. ТИФ ТН – бу товарлар классификатори бўлиб, маҳсулотни бир хилда идентификациялаш, божхона божларини ундиришни таъминлаш ҳамда божхона декларацияларини автоматлаштирилган тарзда қайта ишлашни соддалаштириш мақсадида божхона ва бошқа давлат органлари, шунингдек ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан қўлланилиши учун яратилган.
УТнинг таснифлаш схемаси 3 шартга жавоб беради:
● товарлар гуруҳларга шундай бўлинадики, бунда ҳар бир гуруҳда уларни битта белги бирлаштиради. Таснифлашнинг барча бўғинлари мустақил ҳисобланади ва улар ўз ичида бўлиниши мумкин;
● товарлар бир вақтнинг ўзида фақат битта асосий белги бўйича таснифланади;
● товарларни таснифлаш биринчи навбатда умумий мезонлар бўйича, сўнгра – муайян (специфик) кўрсаткичлар бўйича амалга оширилади.
Конвенция қабул қилинганидан буён уни қўллаган давлатлар сони 157 тага етди. Конвенцияни ратификация қилмасдан амалда ишлатадиган давлатлар ҳамда иқтисодий ва божхона иттифоқларини ҳисобга олган ҳолда, УТ бутун дунё бўйлаб қўлланиладиган восита сифатида қаралиши мумкин. УТ 200 дан ортиқ иқтисодиётда қўлланилади. Ҳозирги пайтда УТнинг 2017 йилги версияси қўлланилади, унда 1 222 та тўрт хонали белгили позициялар мавжуд бўлиб, улар 5 387 та 6 рақамли субпозицияларга бўлинади, улар 21 бўлимни ташкил этувчи 97 гуруҳга бирлаштирилган.
2002 йилдан буён УТ ҳар 5 йилда бир марта қайта кўриб чиқилиб, илмий-техник тараққиёт ютуқлари ва халқаро савдодаги ўзгаришлар ҳисобга олинади. Шундай қилиб, УТ номенклатурасининг олдинги тузилмасида аниқлаб бўлмайдиган янги маҳсулотлар учун позициялар ва субпозициялар яратилган. УТ 6 марта ўзгартирилган. Шуни таъкидлаш жоизки, 7-нашрда нафақат номенклатуралар, балки таснифлашнинг ёрдамчи воситалари, хусусан, фойдаланувчиларга УТнинг расмий таърифини Жаҳон божхона ташкилоти томонидан берилган тушунтиришлар ҳам қайта кўриб чиқилган. Улар ҳамма мамлакатлар учун мажбурий эмас, лекин улар амалиётда УТни қўллаш қоидаларини ягона талқин қилиш ва бирлаштириш мақсадида дунё миқёсида қўлланилади.
Маълумот учун. Тушунтириш хатлари ҳали чоп этилмаган, улар 2021 йил охиригача ЖСТ сайтига жойлаштирилиши кутилмоқда.
ТИФ иштирокчиси эътиборига
Ўзбекистон Республикаси Конвенциянинг иштирокчиси ҳисобланади (ОМнинг 29.08.1998 йилдаги 687-I-сон қарори, ЎзР учун 1.01.2000 йилдан кучга кирган). Шу боисдан унинг барча меъёрлари ва иловалари мамлакатимиз учун мажбурийдир.
Ўзбекистон томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи иқтисодий фаолиятининг ягона товар номенклатураси тўғрисидаги шартнома ҳам (Москва, 3.11.1995 й., ЎзР учун 3.11.1995 йилдан кучга кирган) имзоланган. Шунинг учун ҳам Уйғунлашган тизимга асосланган МДҲ ТИФ ТН ЎзР учун мажбурийдир.
Шу тариқа, мамлакатимиз ТИФ ТНнинг асосини МДҲнинг уйғунлаштирилган тизими ва ягона ТИФ ТН ташкил этади. Бинобарин, кўрсатилган номенклатуралардан бирига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар мамлакатимизнинг ТИФ ТНга ўзгартириш ва қўшимчаларни келтириб чиқаради.
Жаҳон божхона ташкилоти томонидан УТнинг жорий 6-нашри қабул қилинганидан ва МДҲ Божхона хизматлари раҳбарлари Кенгаши томонидан МДҲ ТИФ ТНнинг амалдаги таҳрири тасдиқланганидан сўнг, 2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда ТИФ ТНнинг 2017 йил версияси (28.12.2017 йилдаги ПҚ-3448-сон) кучга кирди. ЎзР ТИФ ТНнинг янги таҳририни тайёрлаш ва қабул қилишнинг бундай механизми 2022 йилда ҳам кутилмоқда.
ТИФ ТН бўйича товар кодини аниқлаш жуда муҳим, сабаби божхона тартибга солиш чораларини тўғри қўллаш бунга боғлиқдир. Божхона йиғимларининг тўғри ҳисобланиши ва ундирилиши, имтиёзларнинг қўлланилиши, демак, товарларни етказиб бериш харажатлари товарларнинг қанчалик аниқ таснифланишига боғлиқ бўлади. Нотўғри таснифлаш қўшимча божхона тўловларини, шунингдек жарималарни, имтиёзлар ёки преференцияларни қўллашни рад этишни, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортишни келтириб чиқаради.
Кодлар алмаштирилиши ва ТИФ ТНдаги янгиликлар киритилиши муносабати билан божхона хизмати ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида низолар юзага келиши мумкин. Амалиётнинг кўрсатишича, Товар номенклатурасидаги янгиликларга мослашув даврида декларант ҳар доим ҳам товарнинг таснифланиши ва унинг позициясини божхона ходимлари маъқуллашига қатъий ишонч ҳосил қила олмайди. Бунинг сабаби бор. Зеро, БКнинг 369-моддасига мувофиқ божхона расмийлаштирувида товарлар нотўғри таснифланганлиги аниқланган тақдирда божхона органи товарларни таснифлашни мустақил амалга оширади ва уларнинг таснифи бўйича қарор қабул қилади. Бунинг устига божхона органларининг бундай қарорлари мажбурийдир. Бу ТИФ иштирокчиси учун қўшимча харажатлар ва вақт йўқотишларни келтириб чиқаради. Ушбу модданинг божхона органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиниши мумкинлиги ҳақидаги охирги қисми ҳар доим ҳам мураккаб вазиятдан чиқишнинг кучли воситаси бўла олмайди. Шу боисдан низоли ҳолатни бартараф этиш учун товар декларациялангунга қадар уни таснифлаш тўғрисидаги дастлабки қарорнинг олиниши энг мақбул восита ҳисобланади (БК 370-м.). Ушбу тартиб-таомил Президентнинг «Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонида (10.09.2021 йилдаги ПФ-6310-сон) бежиз келтирилмаган. Унинг 2-банди «в» кичик бандида белгиланишича, 2022 йил 1 январдан бошлаб божхона органлари товарлар бўйича тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари миқдорини аниқлаш учун ТИФ қатнашчисининг аризасига асосан дастлабки қарорни қабул қилади.
Уни олиш тартиби БКнинг 371-моддасида белгиланган. Дастлабки қарор қабул қилинган кундан бошлаб 1 ой муддат мобайнида амал қилади.
Маълумот учун. Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорлар очиқ ахборот бўлиб, барча юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг ёзма сўровларига кўра ҳеч бир чекловларсиз тақдим этилиши керак, бундан тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир бўлган ахборот мустасно.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.