МЧЖда 3 та муассис бор: улардан бири – юридик шахс – ЎзР резиденти, иккинчиси – жисмоний шахс – ЎзР резиденти, учинчиси – юридик шахс – ЎзР норезиденти. Учинчи муассис жамият иштирокчилари таркибидан чиқмоқчи бўляпти. У ўз улушини бошқа юридик шахс – ЎзР норезидентига сотмоқчи, ҳадя қилмоқчи ёки унинг фойдасига кечмоқчи бўляпти.
Норезидент муассис ўз улушини бошқа юридик шахс – ЎзР норезидентига қандай усулда берганида (сотганида, ҳадя қилганида, унинг фойдасига кечганида ва ҳ. к.) МЧЖда солиқ оқибатлари юзага келмайди?
– ЎзР резиденти ҳисобланмайдиган муассис – юридик шахс МЧЖдаги ўз улушини бошқа юридик шахс – норезидентга сотганида, ҳадя қилганида ёки унинг фойдасига кечганида, МЧЖ учун солиқ оқибатлари юзага келмайди. МЧЖ мазкур битимда иштирок этмайди, у ҳеч бир томонга даромад тўламайди, солиқ агенти ҳисобланмайди. МЧЖда фақат муассис алмашади.
МЧЖда бир юридик шахс-норезидент томонидан бошқа юридик шахс-норезидентга улуш реализация қилинганда норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқ бўйича солиқ оқибатлари СКнинг 356-моддаси билан тартибга солинади. Мазкур ҳолатда харидор солиқ агенти ҳисобланади.
МЧЖдаги улушни реализация қилиш ҚҚС солинадиган объект ҳисобланади. Бироқ мазкур айланма ҚҚСдан озод этилган (СК 238-м. 1-қ. 1-б., 244-м. 1-қ. 3-б.).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.