Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 40 / Жавоб берамиз

Бекор туриб қолиш даврида асосий воситалар амортизацияси

 

Корхона ҚҚС ва фойда солиғини тўлайди. Асосий фаолиятдан ташқари мол-мулкини ижарага беради. АВ амортизацияси тўғри чизиқли усулда ҳисобланади. Ижара шартномалари бекор қилинган даврда амортизация ҳисоблаш давом эттирилади.

1. Мол-мулк муайян вақт оралиғида ижарага берилмаса ва ундан бошқа мақсадларда фойдаланилмаса, ушбу мол-мулк бўйича амортизация ажратмалари фойда солиғи базасини ҳисоблашда чегириладими?

2. Мазкур ҳолатда қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?

 

 

1 Фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар чегириб ташланади. Ҳар қандай чиқимлар, башарти улар ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келган тақдирда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар деб эътироф этилади (СК 305-м. 4-қ.):

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;

2) шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;

3) қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.

Асосий воситаларнинг фойдали хизмат муддати давомида амортизация ажратмаларини ҳисоблаш тўхтатилмайди. Уларни ҳисоблаш ҳисобот давридаги корхона фаолияти натижаларидан қатъи назар амалга оширилади ва у тегишли бўлган ҳисобот давридаги бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади (5-сон БҲМСнинг 32, 33-б., АВ рўйхат рақами 1299, 20.01.2004 й.). АВдан вақтинчалик фойдаланилмаган даврда амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мажбурияти қонун ҳужжатлари талабидан келиб чиқади. Демак, СКнинг ­306-моддасида белгиланган ­меъёрлар доирасидаги ушбу давр учун амортизация ажратмалари фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланади.

 

2 АВ объекти даромад келтирмаган даврда у билан боғлиқ бўлган айрим харажатлар фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайдиган харажатлар деб тан олиниши мумкин. Масалан, агар объект бино бўлса, у бўйича коммунал хизматлар, бинога хизмат кўрсатувчи ходимларнинг иш ҳақи, ижтимоий солиқ ва бошқа харажатлар. Ушбу харажатларни чегириб ташлаш учун уларнинг зарурийлигини (иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини) асослаб бериш лозим. Масалан, улар АВни даромад олиш учун ижарага бериш мақсадида уни фойдаланиш учун яроқли ҳолатда сақлаш учун керак бўлиши мумкин.

ҚҚС солинадиган айланмаларни амалга ошириш мақсадида фойдаланилмаган даврда бундай АВлар юзасидан амалга ошириладиган харажатлар бўйича кирувчи ҚҚС ҳисобга олинмайди (СК 267-м. 1-қ.).

АВ бино бўлган тақдирда, унга нисбатан ВМнинг «Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори нормаларини қўллаш мумкин бўлади (13.08.2019 йилдаги 666-сон).

Прочитано: 295 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика