Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 40 / Мутахассис тушунтиради

ЭҲФ расмийлаштиришни «музлатиш»

 

ЭҲФни қўллаш қоидаларини белгиловчи низомлар янги нормалар билан тўлдирилди (22.09.2021 йилдаги 595-сон ВМҚ). Энди сиз учун солиқ текшируви жараёнида ЭҲФни қабул қилиб олиш ва жўнатиш вақтинчалик тўхтатиб қўйилиши мумкин. Амалда содир этилмаган хўжалик операциялари бўйича ҳисобварақ-фактуралар эса товарлар юклаб жўнатилганлиги ёки хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар деб тан олинмайди. Янгиликлар моҳиятини солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтириб берди:

 

– «Бу иккала норма 595-сон ВМҚга 3-иловага мувофиқ киритилмоқда ва 2021 йил 23 декабрдан, яъни 3 ой ўтгандан кейин кучга киради (595-сон ВМҚ 10-б.).

Мазкур янгиликлар солиқчиларга қонун ҳужжатлари бузилган ҳолатлар яширилишини олдини олиш, солиқ назорати самарадорлигини таъминлаш имкониятини яратиб беради.

Асосан, юридик шахслар ҳуқуқни белгиловчи, товар юклаб жўнатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар – ЭҲФни ўз вақтида расмийлаштиришга жиддий ёндашадилар. Ушбу ҳужжатлар расмийлаштирилиши кечиктирилган турли хил ҳолатлар эса ҳуқуқбузарлик белгиси бўлиб чиқади.

 

ЭҲФ расмийлаштирилишини тўхтатиб туриш

Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (25.06.2019 йилдаги 522-сон ВМҚга 1-илова) 15-банди янги норма билан тўлдирилди, унга мувофиқ солиқ текшируви жараёнида зарурат туғилганда ЭҲФни қабул қилиб олиш ёки юбориш маълум муддатга музлатиб қўйилиши мумкин.

Ушбу норма 3 ой ўтгач кучга киритилишига қарамай, солиқчилар ундан фойдаланишни ҳозирданоқ бошлаб юборишган. Бундай амалиёт солиқ текширувларига мораторий тугаганидан кейин дарҳол йўлга қўйилган.

Текширув ҳақида эшитгач камомадларни яширишга уриниб муассисларга ҳамда жисмоний шахсларга ЭҲФ расмийлаштирмоқчи бўлган солиқ тўловчиларнинг ўзлари солиқчиларни шундай қилишга мажбур этишмоқда. Бунда товарни юклаб жўнатиш амалга оширилмайди.

Энди солиқчиларда солиқ тўловчининг ҳалол ишлаши юзасидан шубҳа уйғонган ҳолатларда ЭҲФни расмийлаштиришни тўхтатиб туриш имконияти пайдо бўлди. Ва албатта, ушбу норма киритилиши билан бошқа қонун ҳужжатларига ҳам ўзгартиришлар киритилиши тайин, сабаби ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилиши тўхтатиб қўйилиши кўпчилик корхоналар учун бутун корхонанинг фаолияти тўхтатиб турилишини англатади.

Ҳақиқатан ҳам, 10 кунга қадар давом этадиган сайёр текширув ўтказилаётган бўлса ва солиқчилар томонидан ЭҲФни жўнатишга тақиқ қўйилган тақдирда, ушбу давр мобайнида корхона ишлаб чиқариш учун ТМҚларни сотиб ололмайди ва ўз товарини сота олмайди. Бироқ 14.06.2005 йилдаги ПФ-3619-сон Фармонга мувофиқ фақат суд қарорига биноан фаолиятни тўхтатиб қўйишга рухсат берилади, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолини ҳаёти ва соғлиғига бошқа ҳақиқий хавф-хатар юзага келишининг олдини олиш муносабати билан фаолиятни кўпи билан 10 иш кунигача тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно.

Шу муносабат билан:

● солиққа оид қонун ҳужжатларида ҳисобварақ-фактурларни расмийлаштиришни ёки жўнатишни қанча муддат давомида тўхтатиб қўйиш мумкинлиги аниқ-равшан кўрсатиб ўтилиши лозим;

● солиқ тўловчи учун ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришни тўхтатиб туришдан йўқотишларни олдини олиш механизми назарда тутилиши лозим.

 

Асосийси – юклаб жўнатиш далили

Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 63-бандига қуйидаги мазмундаги хатбоши киритилди: «Бунда ҳақиқатда амалга оширилмаган хўжалик операциялари бўйича расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар товарлар жўнатилганлигини ёки хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида тан олинмайди».

Ҳисобварақ-фактуралар тўғрисидаги низомга мазкур норманинг киритилиши огоҳлантирувчи тусга эга деб ҳисоблайман. Солиқчилар томонидан СКнинг 14-моддаси 1-қисмида назарда тутилган норма яна бир марта эслатиб ўтиляпти, унда солиқ солиш нуқтаи назаридан расмийлаштирилган ҳужжат эмас, балки юклаб жўнатиш далили биринчи ўринда туриши белгиланган.

Товарлар юклаб жўнатилмаган ҳолатларни ЭҲФ билан яширишга уринманг. Буларнинг барчасини ҳар қандай ҳолатда ҳам сайёр текширувлар жараёнида инвентаризация ўтказиш ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини олиш орқали аниқлаб олиш мумкин.

Масалан, ҳисобварақ-фактуралардан кўриниб турибдики, 7 т цемент сотиб олинган, бироқ инвентаризация жараёнида цемент ҳам, ундан тайёрланган маҳсулотлар ҳам аниқланмаган. Гувоҳлар (қоровул, омборчи, фаолияти цемент билан боғлиқ бўлган исталган ходим) кўрсатмалари инвентаризация якунларини тасдиқлади.

Эслатиб ўтаман, СКнинг 14-моддаси 3-қисмига мувофиқ қалбаки (кўзбўямачилик учун тузилган) битимлар солиқ солиш мақсадида ҳисобга олинмайди. Агар бундай битимлар бошқа битимларни ниқобласа, солиқларни ҳисоблаш учун ҳақиқий битимларнинг иқтисодий мазмуни ва натижалари ҳисобга олинади (СК 14-м. 3-қ.).

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

Прочитано: 285 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика