Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 34 / Бухгалтерга ёрдам

ТМЗ қандай қайта баҳоланади

 

Реализация қилишнинг соф қиймати

ТМЗ балансда қуйидаги икки қийматнинг кичиги бўйича акс эттирилиши лозим: таннарх ёки реализация қилишнинг соф қиймати (4-сон БҲМС 49-б., АВ рўйхат рақами 3259, 30.06.2020 й.).

Реализация қилишнинг соф қиймати – бу мақсадига кўра ишлатиладиган ҳолатга келтириш ва реализация қилиш бўйича баҳоланган харажатлар чегирилган ҳолда жорий қиймати.

ТМЗларнинг жорий қиймати – бу:

● маълум бир санада амалда бўлган бозор нархлари; ёки

● бир-биридан мустақил, хабардор ва бундай битимни амалга оширишни хоҳловчи тарафлар ўртасида битимни амалга оширишда активни сотиб олиш ёки мажбуриятни бажариш учун етарли бўлган сумма.

 

Агар ТМЗни реализация қилишнинг соф қиймати таннархидан паст бўлса, унда захираларни реализация қилишнинг соф қийматига қадар арзонлаштириш лозим. Реализация қилишнинг соф қиймати ТМЗларнинг ҳар бирлиги (тури) бўйича аниқланади ­(4-сон БҲМС 51-б.).

 

Мисол. Захираларни реализация қилишнинг соф қийматига қадар арзонлаштириш

Ташкилот балансида таннархи 80 млн сўм бўлган фойдаланилмайдиган хом ашё мавжуд.

Баланс тузиш санасига ўхшаш хом ашё жорий қиймати бозор нархида – 70 млн сўм.

Ишлатиладиган ҳолатга келтириш бўйича баҳоланган харажатлар – 5 млн сўм.

Реализация қилишнинг соф қиймати – 65 млн сўм (70 – 5).

ТМЗларнинг реализация қилишнинг соф қиймати таннархидан паст бўлганлиги учун хом ашёни реализация қилишнинг соф қийматига қадар арзонлаштирмиз.

Бухгалтерия ўтказмалари:

Дт 9430-«Бошқа операцион харажатлар» – Кт 1010-«Хом ашё ва материаллар» 15 млн сўмга (80 – 65).

 

Мол-мулк нархининг пасайиш суммалари фойда солиғи ҳисоб-китобида чегирилмайдиган харажатларга киритилади (СК 317-м. 31-б.).

 

ТМЗни қайта баҳолаш

Реализация қилишнинг соф қийматини аниқлаш мақсадида даврий равишда товар-моддий захиралари қайта баҳоланади. Бу уларнинг қийматини жорий қийматга мувофиқлаштириш учун зарур (4-сон БҲМС 50-б.).

Қайта баҳолаш даврийлигини ҳисоб сиёсатингизда белгилаб қўйинг. Бу ой, чорак ёки йил бўлиши мумкин. Бироқ, баланс тузиш санасига ТМЗлар иккита қийматнинг энг кичиги бўйича акс эттирилиши лозим.

ТМЗ уларнинг алоҳида бирликлари таннархини қайта баҳолашни ўтказиш санасида шаклланган ўхшаш баҳоланадиган захираларнинг ҳужжат билан тасдиқланган жорий қийматлари бўйича қайта ҳисоблаш йўли билан қайта баҳоланади.

Қайта баҳолаш ташкилот томонидан мустақил равишда ёки баҳоловчи ташкилотни жалб этиш орқали амалга оширилади (4-сон БҲМС 51-б.). 

 

ТМЗ жорий қийматининг ҳужжатли тасдиғи бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг расмий дилерларидан, товар-хом ашё биржаларидан ёзма шаклда олинган захиралар ўхшаш бирлигининг жорий қиймати (нархи) тўғрисидаги маълумотлар;

харид қилиш санасида (тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганида) чет эл валютасида ТМЗ бирлигининг таннархи тўғрисида маълумотлар, бунда чет эл валюталари курсларининг МБ томонидан қайта баҳолашни ўтказиш санаси ва захираларнинг тегишли бирлигини харид қилиш санасидаги курслар нисбати сифатида аниқланадиган ҳисоб-китоб қўлланилади;

тегишли давлат органларидаги мавжуд бўлган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;

қайта баҳолашни ўтказиш даврида оммавий ахборот воситалари ва махсус адабиётларда чоп этилган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар;

баҳоловчининг товар-моддий захиралар тегишли бирлигининг жорий қиймати тўғрисидаги ҳисоботи (4-сон БҲМС 52-б.).

 

Захираларнинг қиймати арзонлаштирилиши мумкин, агар:

● улар шикастланган, тўлиқ ёки қисман эскирган ёки уларни реализация қилишнинг соф қиймати пасайган бўлса;

● тан олинган бутлаш харажатлари, захираларни товар кўринишига келтириш бўйича ишлар ёки мўлжалланган сотиш харажатлари ошган бўлса (4-сон БҲМС 53-б.).

Шунингдек, захираларни реализация қилишнинг соф қийматига қадар арзонлаштириш уларнинг ҳаддан ташқари кўп тўпланиши ва секин айланувчанлиги ҳолларида ҳам зарур. Бу ТМЗлар молиявий ҳисоботда уларни реализация қилиш ёки ишлатишдан кутиладиган суммадан юқори акс эттирилмаслиги учун қўлланилади.

Захираларни арзонлаштиришда одатда «моддалар усули» қўлланилади. Маҳсулотнинг ушбу ассортиментида бошқа материаллардан амалда алоҳида баҳоланиши мумкин бўлмаган бир турдаги ёки ўзаро боғланган захираларни гуруҳлаш мумкин.

Хусусан, захираларни қуйидагича гуруҳлаш мумкин:

● биргина ассортиментга тааллуқли бўлса;

● бир хил вазифага эга ёки пировардда бир хил ишлатиладиган бўлса;

● биргина географик ҳудудда ишлаб чиқариладиган ёки биргина географик ҳудуддаги бозорга чиқариладиган бўлса (4-сон БҲМС 54-б.).

 

Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё ва бошқа материаллар, агар улардан тайёрланган маҳсулот жорий қийматда сотилса, таннархдан паст қилиб арзонлаштирилмайди.

Бироқ шундай вазиятлар ҳам юз берадики, материаллар нархининг пасайиши натижасида тайёр маҳсулот нархи ҳам пасаяди, яъни ушбу материаллардан тайёрланган тайёр маҳсулотнинг таннархи тайёр маҳсулотнинг реализация қилиш соф қийматидан юқори бўлади. Бундай ҳолларда материаллар қийматини арзонлаштириш лоизм.

Реализация қилишнинг соф қийматини баҳолашнинг энг ишончлиси бўлиб ўхшаш материалларни сотиб олиш харажатлари ҳисобланади (4-сон БҲМС 55-б.).

 

Товар-моддий захиралар таннархининг ушбу ТМЗларни реализация қилишнинг соф қиймати суммасидан ошадиган суммаси, яъни захираларнинг арзонлашиш суммаси у юзага келган ҳисобот даврининг харажатларига киритилади ­(4-сон БҲМС 56-б.).

Ҳар бир кейинги даврда реализация қилишнинг соф қийматини янгидан қайта баҳолаш ўтказилиши мумкин (4-сон БҲМС 57-б.).

Агар илгари қиймати пасайтирилган товар-моддий захирани реализация қилишнинг соф қиймати ошса, тегишли ҳисобдан чиқариш суммаси янги баланс қийматини қуйидаги икки қийматнинг, яъни таннарх ёки реализация қилиш соф қийматининг энг камига қадар келтириш орқали тикланади.

 

 

Мисол. ТМЗларни арзонлаштириш ва арзонлаштиришни қайта кўриб чиқиш

Ташкилот балансида ҳар бирининг таннархи 15 600 сўм бўлган 50 000 дона хом ашё бирлиги мавжуд.

Баланс тузиш санасига реализация қилишнинг соф қиймати давлат органларининг нарх даражалари тўғрисидаги маълумотларига кўра 13 400 сўм.

Ташкилот захираларни 110 000 минг сўмга арзонлаштиради (50 000 х (15 600 – 13 400))

Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операцияси мазмуни

 

Сумма,
минг сўм

 

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Материаллар арзонлашиши акс эттирилди

 

110 000

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

1010-«Хом ашё ва материаллар»

 

 

 

Баланс тузишнинг кейинги санасига ушбу материалларнинг бир бирлигининг реализация қилиш соф қиймати 16 200 минг сўмгача ошган.

Ташкилот арзонлашиш суммасини илгариги ҳисобдан чиқариш суммаси доирасида қайта тиклайди ва янги баланс қийматини қуйидаги икки қийматнинг энг камига қадар етказади: таннарх ёки қайта кўриб чиқилган реализация қилишнинг соф қиймати. Бизнинг мисолимиз шартига кўра қайта тиклаш материал ҳар бирлиги учун 15 600 сўмга қадар бўлади.

Бухгалтерия ҳисоби:

 Хўжалик операцияси мазмуни

 

Сумма,
минг сўм

 

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Материалларни арзонлаштириш суммаси қайта тикланди

 

110 000

 

1010-«Хом ашё ва материаллар»

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

 

 

Асал ҲОШИМОВА, Молия вазирлиги департаменти директори ўринбосари,

Олег ЦОЙ, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 298 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика