Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 34 / Долзарб мавзу

Таълим кредити олиш бўйича қандай ўзгаришлар бўлди?

 

Ҳадемай янги ўқув йили бошланади. Аҳолида янги ўқув йили, дарсликлар, талабалик билан боғлиқ, шунингдек, меҳнат таътилига оид саволлар кўпайган.

Шу каби саволларга Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева жавоб берди:  

 

– Олий ўқув юртида талабаман. Лекин боғча ёшига етган фарзандим бор. Ўқишлар бошланмасидан олдин боламни боғчага бермоқчиман. Бу борада бирорта имтиёз борми?

– Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарори билан болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган. Мазкур регламентга кўра, болаларнинг қуйидаги континенти анкеталари имтиёзли рўйхатга киритилган: ногирон бўлган шахсларнинг болалари, уч нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг болалари, ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари, талабалар ва педагогларнинг болалари, етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар, бошқа муассасалардан ўтказилган болалар, акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар. Шунга кўра, талаба бўлганингиз сабабли сиз имтиёзли тоифага кирасиз. Бунда устунлик ҳуқуқингиз мавжудлиги тўғрисидаги маълумот анкетангизда кўрсатилган бўлиши лозим.

 

– Бу йил университетга ўқишга контракт асосида ўқишга кирдим. Акам ҳам контракт асосида ўқийди. Икки талабага пул тўлаш оиламизга қийинчилик туғдиради. Шунга таълим кредити олмоқчиман. Кредит олиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?

– Ҳукуматнинг жорий йил 18 августдаги қарори билан Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомга кўра, таълим кредитлари олий таълим ташкилотларининг кундузги таълим шаклида бакалавриат ва магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган, шунингдек, ўқишини кўчирган Ўзбекистон фуқароси бўлган талабаларга берилади. Бунда, кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашиши мумкин.

Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади. Таълим кредитини олиш учун Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига зарур ҳужжатлар тақдим этилади. Бунда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га кирган оилаларнинг фарзандларига ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди.

 

– Кичик фарзандим мактабнинг ­1-синфига ўқишга чиқади. Дарслик учун пул тўланиши ҳақида эшитганман. Аммо ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатида туради. Бундай оилаларга қандай имтиёзлар бор?

– Амалдаги қонунчиликка кўра, умумтаълим мактабларининг биринчи синф ўқувчилари, «Меҳрибонлик уйи», махсус мактаб, мактаб-интернатлари ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ўқувчилари мактабнинг кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади. Бунда ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ўқувчилари рўйхати 1 сентябргача фуқаролар йиғини илтимосномаси ва ота-оналар қўмитаси хулосаси асосида мактабнинг педагогик кенгаши томонидан тасдиқланади.

 

– Оилавий шароитим сабабли йиллик меҳнат таътилимнинг бир қисмини олмоқчиман. Қонунчиликда бунинг тартиби қандай?

– Меҳнат кодексига кўра, ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида таътилни қисмларга бўлишга йўл қўйилади. Бунда таътилнинг бир қисми ўн икки иш кунидан кам бўлмаслиги лозим.

 

– Ойлик иш ҳақимдан ушлаб қолишмоқда. Бунга ободонлаштириш ва яна бошқа сабабларни кўрсатмоқда. Лекин бунинг учун мендан розилик сўралмади. Қонунчиликда ходимнинг меҳнат ҳақидан қандай ҳолларда ушлаб қолинади?

– Меҳнат кодексининг 164-моддасига кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.

Ходимнинг розилигисиз меҳнат ҳақидан қуйидаги ҳолларда ушлаб қолиниши мумкин: белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш, олдиндан берилган мақсадли пуллар (масалан, хизмат сафарлари учун берилган ва ишлатилмай қолинган аванс) бўйича ҳисоб-китоб қилиш ҳамда ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш, меҳнат таътили бўйича ҳисоб-китоб қилиш, ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш, интизомий жазо тариқасида тайинланган жаримани ундириш учун.

Иш ҳақидан ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимнинг иш ҳақининг 50 фоизидан ортиб кетмаслиги лозим.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу чеклов алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазо тайинланган ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда ушлаб қолинадиган ҳақнинг миқдори 70 фоиздан ортиб кетмаслиги лозим.

 

– Беш ой аввал ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқдим. Лекин декрет пулини ҳали олмадим. Бу ҳақда ҳозир мурожаат қилсам ҳам бўладими?

– «Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 5-бандига асосан, нафақа — ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган ёки бола туғилган кундан бошлаб 6 ой муддат ичида мурожаат қилинганда тўланади.

Демак, фарзандингиз ҳали 6 ойлик бўлмаган бўлса, иш берувчига бемалол мурожаат қилишингиз мумкин. Шу асосда сизга декрет пули тўлаб берилади. Юқоридаги Низомнинг 7-бандига асосан, нафақа ойига бир марта – ойнинг иккинчи ярми учун бериладиган иш ҳақи билан бирга тўланади.

– Ҳашар ва мажбурий меҳнатнинг фарқи нимада? Шу бўйича маълумот берсангиз?

– Ҳашар – бу ихтиёрий равишда ташкил этилади ва ҳашар ўтказиш тўғрисида алоҳида ҳужжат қабул қилиниши керак. Мажбурий меҳнат эса, бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш ҳисобланади. Бундай ҳаракат қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Қонунчиликка кўра, қуйидаги ишлар мажбурий меҳнат, деб ҳисобланмайди: ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида; фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда; суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан; қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари ва қирғоқбўйларида, шунингдек, қурилиш майдонлари, бино томлари, хавфли ишлаб чиқариш жойларида ҳаттоки ихтиёрий ташаббус билан ҳам ҳашар ўтказиш тақиқланади.

 

ЎзА.

Прочитано: 310 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика