Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 34 / Мутахассис тушунтиради

Чет эллик шахс ЖШШИРсиз солиқ ҳисоботини қандай топшириши мумкин

 

1 июлдан бошлаб солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақамидан (ЖШШИР) фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Бу Ўзбекистонда истиқомат қилмайдиган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тааллуқлидир. Улар бундай вазиятда қандай йўл тутишлари мумкинлиги ҳақида «Tax Consensus» СМТ солиқ маслаҳатчиси Иродахон АББОСХОНОВА сўзлаб берди: 

 

– Амалиётда чет эл фуқаролари Ўзбекистонда доимий муассаса орқали фаолият юритувчи чет эл юридик шахсига раҳбарлик қилиб, солиқ ҳисоботларини ўзлари тақдим этадиган ҳолатлар учраб туради. Устига-устак, раҳбар Ўзбекистонда доимий туриши шарт бўлмаганлиги сабабли кўпинча бу иш хориждан туриб амалга оширилади. Бунда солиқ мажбуриятлари ўз вақтида, қоидабузилишларсиз бажарилади.

Чет элликлар ҳисоботларни юбориш учун электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида доимий муассаса кабинетига кириш имконияти бўлган шахсий кабинетларидан фойдаланганлар. Улар 2021 йил 1 июлга қадар берилган ЭРИ сертификатлари уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилишига ишонган эдилар. Бироқ июль охирига келиб СТИРга эга бўлган, лекин ЖШШИР олмаган чет эллик шахслар учун ЭРИ амал қилиши тўхтатилди. Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга бўлганларга ЖШШИР берилади, бироқ бундай гувоҳномага ҳар доим ҳам эҳтиёж бўлавермайди. Натижада ЖШШИРи бўлмаган чет эллик фуқаролар солиқ ҳисоботларини топшириш учун солиқ органларининг электрон давлат хизматлари порталига кира олмадилар.

Тегишли идоралар томонидан бунга ечим топилди, энди Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эҳтиёжи бўлмаган чет эл фуқаролари ҳам ЖШШИР олишлари мумкин. Бунинг учун улар туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (паспорт столига) шахсан боришлари ва у ерда:

● жойнинг ўзида бериладиган сўровномани тўлдиришлари;

● хорижий паспорт нусхасини илова қилишлари;

● бармоқ изларини топширишлари;

● суратга тушишлари лозим, ўша жойнинг ўзида паспорт столи ходими суратга туширади.

ЖШШИР расмийлаштирилгани учун йиғим ундирилмайди.

 

Тошкент шаҳри бўйича ЖШШИР расмийлаштириш барча паспорт столларида амалга оширилмайди.

 

Ҳеч қандай муаммо йўқдек кўринади. Бироқ барибир қатор ҳолатларда, ҳисоботларни ўз вақтида топшира олмаслик хавфи мавжуд бўлади.

Айни пайтда Тошкентда ­ЖШШИР 7–10 кун мобайнида берилмоқда. Солиқ ҳисоботларини топширишга 10 кундан кам вақт қолганда ЖШШИР олиш учун мурожаат қилган шахслар ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботлар топширилиши белгиланган муддатларни ўтказиб юборишлари эҳтимолдан холи эмас. Ушбу солиқлар бўйича ҳисобот топшириладиган муддатлар яқинлашиб қолди.

Ўзбекистондан ташқарида бўлган шахслар пандемия туфайли сафарлар чекланган шароитларда ЖШШИР олиши имконсиздир, сабаби фақат шахсан келиб олиш мумкин.

Албатта, доимий муассасаларга раҳбарликни «вақтинча», масалан, ЖШШИР олган Ўзбекистон фуқаросига ўтказиш мумкин. Сўнгра мамлакатга келгач, ЖШШИР олгандан кейин чет эллик шахс ҳаммасини ўзига расмийлаштириб олаверади. Бироқ янги «раҳбар»ни, вақтинчалик асосда бўлса ҳам тайинлаш тартиб-таомили хорижий компаниялар учун қўшимча мураккабликларни келтириб чиқариши мумкин. Бунда меҳнат шартномасини тузиш, банкдаги имзолар карточкасига, солиқ органидаги ҳисоб маълумотларига ўзгартиришлар киритиш, ишларни топшириш-қабул қилиб олишни амалга ошириш талаб этилади.

Янги «раҳбар» фақат ЖШШИРдан фойдаланган ҳолда солиқ ҳисоботларини топшириш учун тайинланганини ҳамма тушунади. Бироқ ҳеч ким юқорида айтиб ўтилган расмиятчиликларга риоя этилишини бекор қилолмайди. Яна бир оддийроқ вариант мавжуд – бу жисмоний шахсга фақат ҳисоб маълумотларини ўзгартирган ҳолда солиқ ҳисоботларини топшириш ваколатини берадиган ишончномани расмийлаштириш. Бироқ айтиб ўтилган вазиятларда ҳисоб маълумотларини масофадан туриб ўзгартириб бўлмайди. Бунинг учун солиқ органларига ташриф буюришга, зарурат бўлганда, ҳудудга боришга тўғри келади. Бундай вазиятларда солиқ тўловчилар солиқ ҳисоботларини замонавий усулларда топшириш учун сафарга кетиладиган вақтни олдиндан ҳисобга олишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Бундай қийинчиликлар вақтинчалик эканлигига ишонамиз. 2021 йил 1 декабрдан бошлаб хорижда истиқомат қиладиган шахсларга қуйидагилар берилиши режалаштирилмоқда:

● ЭРИ – ваколатхона ва консуллик орқали;

● соддалаштирилган тартибда ЖШШИР – миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари, шунингдек давлат хизматлари марказлари орқали (24.07.2021 йилдаги ПФ-6269-сон Фармон 3-б. «а» кичик б.). Бироқ, ДСҚ ушбу режаларнинг амалга оширилишини кутмасдан ҳозирданоқ инсофли солиқ тўловчиларни қўллаб-қувватлашни бошлаб юборса айни муддао бўларди. Бунинг учун қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади:

1) хорижда бўлган шахсларга, истисно тариқасида, СТИР асосида берилган ЭРИ бўйича солиқ ҳисоботларини 1.12.2021 йилга қадар топширишлари учун техник жиҳатдан имконият яратиб бериш;

2) Ўзбекистонда бўлган ва ҳисобот топшириш муддатига ЖШШИР олишга улгурмаган чет эллик раҳбарларга ҳисоботлар кечикиб (5 кундан ошмаган муддатда) топширилган тақдирда жарима солинмаслик.

Прочитано: 294 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика