Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 28 / Божхона

Россияга самолётда борилганда

 

Ҳозир Россияга самолётда учиб бориш имконияти пайдо бўлди. Икки йилдан буён ота-онам ва синглим билан кўришмадик, уларникига бормоқчимиз (эр-хотин ва иккита кичик ёшдаги фарзандларимиз). Самолётга чиптани анча қийинчилик билан июль ойининг охирига олдик.

Пандемия туфайли вазият оғир эканлигини ҳисобга олган ҳолда, биздаги аэропортларда қандай қоидалар амал қилаётганлигини, РФга кириш тартибини тушунтириб беришингизни сўраймиз. Ҳаммасини батафсил билиб олмоқчимиз. Шунингдек божхона қоидаларига ўзгартиришлар киритилдими ёки аввалгидек қолдирилдими, шулар ҳақда маълумот беришингизни сўраймиз.

Ушбу саволлар хорижга самолётда бормоқчи бўлганларни қизиқтиради деб ўйлайман. 

 

– Ҳақиқатан ҳам, ҳозир саёҳат қилишнинг вақти эмас. Коронавирус эпидемияси бутун дунё аэропортлари хизматларининг фаолиятини ҳамда авиаташувлар қоидаларини ўзгартириб юборди. Узоқ кутган сафаримиз кўнгилдагидек бўлиши учун буларни билишимиз ҳамда авиаташувларнинг янги ўзига хос жиҳатларига ва расмиятчиликларига риоя этишимиз лозим.

 

Пандемия даврида хавфсизликни таъминлаш мақсадида

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси томонидан аэропорт ҳудудида ва ҳаво кемаси салонида риоя этилиши лозим бўлган айрим қоидалар ва тавсиялар айтиб ўтилди. Халқаро рейсларда учишда Covid-19 касаллиги мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотнома ва таҳлиллар натижалари бўлиши талаб этилади.

Аэропорт терминали ва ҳаво кемаси бортига йўловчилар фақат ниқобларда киритилади. Шунингдек аэропорт биносида бурун ва оғизни ёпиб турадиган ниқобда бўлиш лозим (2 ёшгача бўлган болалар бундан мустасно).

Самолётга киришда термометрия ўтказилади, тана ҳарорати 370 С дан ошмаслиги керак. Йўловчининг ҳарорати 37,50 С дан юқори бўлиб, тумов, йўтал ва (ёки) нафас қисиши кузатилса салонга кириши тақиқланади.

Самолётга кириш ва чиқишда ижтимоий масофа сақланиши лозим.

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун самолёт бортида парвоз давомида (овқатланиш вақти бундан мустасно) зарурат бўлмаганда шахсий ҳимоя воситалари ечилмаслиги, салонда ҳаракатланиш, шу жумладан ҳожатхонага бориш максимал даражада чекланиши лозим. Гўдакларга (0 ёшдан 2 ёшгача бўлган) нафас олиши қийинлашиши ва нафас сиқилиши хавфи туфайли ниқоб тақмасликка рухсат берилади. 2 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар учун тегишли ўлчамдаги ниқобдан фойдаланиш лозим.

Юрак, нафас йўллари, астма, ­аутизм касаллиги бўлган беморлар, шунингдек узоқ муддат ниқоб тақиб юра олмайдиган шахсларга шифокорнинг тегишли хулосаси бўйича ниқобдан фойдаланмасликка рухсат берилади.

4 соатдан кам давом этадиган рейсларда карантин туфайли иссиқ овқат берилмайди. 5 ёшгача бўлган болалар ва ногиронларга истисно тариқасида, ёстиқчалар ва пледлардан фойдаланишга рухсат берилади.

 

РФга кириш

РФ Бош санитар врачининг 3.04.2021 йилдаги 12-сон қарори билан Россия Федерацияси ҳудудига хориждан келадиган хорижий шахсларнинг кириши бўйича аввалдан амал қиладиган тартибга ўзгартиришлар киритилди. Россияга кириш учун хорижликлардан РФ ҳудудига келишдан 72 соат олдин ПЦР усулида коронавирусга топширилган тестнинг салбий натижаси талаб этилади. Тест натижалари рус ёки инглиз тилида ва (ёки) рақамли шаклда бўлиши мумкин.

Шунингдек қоидаларга кўра, Россияга келадиган хорижликлар РФ Ягона давлат хизматлари порталида махсус анкетани тўлдиришлари лозим, унда шахсий маълумотлар ва ташриф давомида ҳақиқий яшаш манзили кўрсатилади.

 

Қўл юки

Самолёт салонига қўл юки сифатида аёллар сумкачасини, портфель, ноутбук ҳамда болалар билан саёҳатга чиқилганда парвоз давомида керак бўлиб қолиши мумкин бўлган болалар буюмлари солинган сумкани олиш мумкин. Қолган буюмларни рейсга рўйхатдан ўтиш пайтида юкхонага топшириш лозим.

Самолёт салонига шахсий эҳтиёжлар учун қўл юкида озиқ-овқат маҳсулотларини, ёғли ва желесимон овқатлардан ташқари, олиб кириш мумкин. Масалан, ўзингиз билан тамадди қилиш учун ёнғоқ, печенье, мевалар, бутерброд, конфеталар, чипслар ва бошқаларни олиб киришингиз мумкин. Гўдаклар учун болалар овқати олиб кирилади. Йогурт, шарбат, желе ва шунга ўхшаш маҳсулотларни олиб кирмаган маъқул, улар барибир қонуний асосда мусодара қилинади. Шунингдек консервалар ва банкалардаги маҳсулотлар ҳам олиб қўйилади.

Рухсат этилган барча маҳсулотларни шаффоф халтачаларга солингани маъқул бўлади. Бу кўрикдан ўтишни тезлаштиради.

Дори воситаларидан таблеткалар, турли томчи дорилар (кўзга, бурунга ва бошқалар), боғловчи материаллар, водород пероксидини олиб ўтиш мумкин.

Дори воситалари шикаст етказилмаган завод ўрамида, қўлланиш йўриқномалари билан бирга бўлгани маъқул. Акс ҳолда самолётга кириш чоғида божхоначиларда анальгин ўрнига тақиқланган воситалар олиб кетилаётган бўлиши мумкин деган шубҳа уйғониши мумкин.

Жароҳатланган бўлсангиз қўл юкида қўлтиқтаёқларни ки бошқа ортопедик мосламаларни олишингиз мумкин бўлади.

Шунингдек қўл юкида косметика воситаларидан ҳар қандай қуруқ косметика воситаларини киприк ва қовоқлар учун бўёқларни, кўз ва лаб учун қаламлар, ёғупа, юзга суртиладиган упа ва бошқаларни олиб ўтишингиз мумкин. 100 мл дан ортиқ ҳажмдаги банка ва флаконлардаги суюқликлар, желесимон моддаларни олиб ўтиш қатъиян тақиқланади! Уларни жомадонга солиб юкхонага топширинг, акс ҳолда қиммат турадиган нарсаларингиздан ажраб қолишингиз мумкин.

Тажрибали саёҳатчилар ўзингиз билан кофта олишни тавсия қиладилар. Юпқа футболка ёки блузкада совуқ бўлиши эҳтимоли бор – салонга кириб жойлашиш вақтида одатда иссиқ бўлади, шу сабабли ҳавода кўтарилганда кондиционерлар ёқилади. Шу боисдан кийим-кечакдан ўзингиз билан салонга кофта, свитер ёки шаль олишингиз мумкин.

 

Маълумот учун. Кўпинча чиптанинг ўзида ташиш тақиқланган буюмларнинг тўлиқ рўйхати кўрсатилади. Бундай рўйхат чиптада бўлмаган тақдирда, чипта сотиб олаётганда буларни суриштириб кўринг.

 

Божхона қоидалари

Жисмоний шахслар томонидан чегара орқали олиб ўтилаётган барча товарлар божхона назоратидан ва расмийлаштирувидан ўтказилиши лозим. Бунда товарларни шахсий, оилавий, маиший мақсадларда ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжларда олиб кираётган-олиб чиқаётган шахслар учун божхона тўловларини тўлашдан тўлиқ озод этилган ҳамда товарларга нисбатан мувофиқликни мажбурий тасдиқламаган ҳолда соддалаштирилган тартибдаги божхона расмийлаштируви белгиланган.

Интернетдаги миш-мишларга қарамай, товарларни ташишда қийматлар лимитига ўзгартиришлар киритилмаган. Шунингдек жисмоний шахслар томонидан олиб чиқишга рухсат этилган нақд хорижий валюта маблағлари миқдори аввалгидек қолдирилган.

Жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 100 000 000 сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағларини ЎзРдан ташқарига божхона назорати қоидаларига риоя этилган ҳолда чекловларсиз олиб чиқилади (Қоидаларнинг 5-б., ВМнинг 30.01.2018 йилдаги ­66-сон қарорига 1-илова).

 

Маълумот учун. Жисмоний шахснинг хоҳишига кўра эквиваленти 70 000 000 (етмиш миллион) сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағлари ҳам декларация қилиниши мумкин, яъни йўловчи божхона декларациясида кўрсатилади. Йўловчи декларацияси шакли ва уни тўлдириш тартиби Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномада белгиланган (рўйхат рақами 2606, 5.08.2014 й.).

 

Божхона декларациясини тақдим этмаган ҳолда республикадан жисмоний шахслар томонидан олиб кетиладиган товарларнинг чекланган нормалари 5 000 АҚШ доллари миқдорида белгиланган. Кўрсатилган меъёрлар доирасида товарлар жисмоний шахс томонидан божхона чегарасидан олиб кирилиши ва олиб чиқилиши мажбурий ёзма декларациясиз амалга оширилади.

Айтиш жоизки, жисмоний шахслар ЎзРда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбилар ва ЎзР Марказий банкининг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларини уларнинг сертификатлари мавжуд бўлган ҳолатларда республика ҳудудидан ташқарига чекловларсиз олиб чиқиш ва товарларни қонунчиликда белгиланган нормаларининг энг кўп миқдоридан ошган тақдирда, йўловчи божхона декларациясини тўлдириб олиб чиқиш ҳуқуқига эга (6.02.2018 йилдаги ПҚ-3512-сон қарор 1-б. «в», «д» кичик б.).

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 702 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика