Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 24 / Божхона

Кўргазмали товарни муаммоларсиз вақтинча олиб чиқиш

 

Август–сентябрда Россиядаги минтақавий кўргазмада бизнинг маҳсулотларни намойиш этишни таклиф қилишмоқда. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазиятни тушуниб турибмиз, лекин шунга қарамай, у вақтга бориб ҳолат яхшиланишига умид боғлаяпмиз.

Корхонамиз буюмларининг кўргазмали намуналарини олиб чиқишни қандай қилиб тўғри расмийлаштирса бўлади?

Кўргазма узайтирилса ёки унинг тугаши билан маҳсулотларимизни бошқа кўргазма тадбирида намойиш қилишга ҳам таклиф этилганмиз.

Маҳсулотларимизни намойиш этиш ҳуқуқига эга бўлган шахс бу ҳуқуқни корхонамизнинг бошқа вакилига бера оладими? 

 

– Хорижий ҳамкорга эга бўлган ҳар қандай ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг (хусусий тадбиркор, корхона, ташкилот) бирор-бир товарни баъзида вақтинча (бир ҳафтага, бир ойга, бирор йилга) четга олиб чиқишига зарурат туғилиб қолади. Божхонада у дуч келиши мумкин бўлган муаммолар эса олиб чиқилаётган товарнинг ўзи қандайлиги, чегарадан нима сабабли ва қанча муддатга олиб чиқаётганлигига боғлиқдир. Чунки ҳар турли товарларга вақтинча олиб чиқишни тартибга солувчи турли хил қонун ҳужжатларининг қоидалари амал қилади.

Божхоначи ва ТИФ иштирокчилари учун бу масалада амал қилинадиган асосий ҳужжат бу – Божхона кодекси ҳисобланади. Унга кўра, вақтинча олиб чиқиш божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудида эркин муомалада турган товар ушбу ҳудуддан ташқарида вақтинча фойдаланиш мақсадида, божхона божлари ва солиқлар тўланишдан шартли равишда озод этилган, иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда олиб чиқилади (БК 36-м.).

Товар ушбу режимга БК 21-бобининг қоидаларига мувофиқ божхона органи томонидан бериладиган рухсатнома асосида жойлаштирилади.

 

Маълумот учун. Вақтинча олиб чиқиш, унинг асосий принциплари, муддатлари ва товарларни ушбу божхона режимига жойлаштириш учун зарур бўлган расмиятчилик БКнинг 7-боби билан тартибга солинади.

 

Шартлар ва талаблар

Ўз маҳсулотингизни вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштириш учун бир қатор шартлар ва талабларга риоя этилиши керак.

Биринчидан, вақтинча олиб чиқилаётган товарнинг божхона органлари томонидан идентификациялашни амалга ошириш мумкинлигини таъминлаш керак.

Иккинчидан, агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши лозим бўлса, божхона органларининг ахборот тизимида зарур рухсатномаларни олиш керак.

Учинчидан, товарни ушбу божхона режимига жойлаштираётган шахс ЎзРнинг юридик ёки жисмоний шахси ёхуд ваколатли давлат органларида аккредитация қилинган чет эллик шахс бўлиши керак.

 Божхона ҳудудидан вақтинча олиб чиқилган товар ўзгармас ҳолатда қолиши керак. Бундай товар устидан божхона назорати унинг божхона расмийлаштирувини бажарган божхона органи томонидан амалга оширилади (БК 37-м.).

Товарни вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштириш учун божхона органига БЮД ва товарнинг кузатув ҳужжатлари тақдим этилади.

Товарни вақтинча олиб чиқиш учун рухсат этиш хусусиятига эга тегишли ҳужжатлар талаб қилинган тақдирда, божхона органлари ахборот тизимида бундай ҳужжатларнинг мавжудлигини мустақил равишда текширади (БК 38-м.).

Товарни вақтинча олиб чиқиш муддати у мазкур божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан 2 йилни ташкил этади. Рухсатнома бу муддатга чекланмаган ҳолда берилади. Бинобарин, товарни рухсатноманинг амал қилиш муддати тугамасдан орқага қайтариб олиб кириш ҳам мумкин. Зарурат бўлганда рухсатнома муддатини узайтириш мумкин, бунинг учун божхона режимининг амал қилиш муддати тугагунига қадар божхона органига тегишли ариза берилади. Бунинг учун товарни амалда божхона органига тақдим этиш шарт эмас (БК 39-м.).

 

Маълумот учун. Товарни вақтинча олиб чиқиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризанинг берилиши товарни вақтинча олиб чиқиш муддатини узиб қўймайди ва тўхтатиб турмайди. Муддат узайтирилаётганда бошқа БЮДни тўлдириш шарт эмас.

 

Ҳуқуқларни ўтказиш тўғрисида

Вақтинча олиб чиқиш божхона режими тугагунига қадар мазкур режимга жойлаштирилган товардан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқини ЎзРнинг бошқа юридик ёки жисмоний шахсига ёхуд ваколатли давлат органларида аккредитация қилинган чет эллик шахсга ўтказишга йўл қўйилади.

Вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирилган товардан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқи божхона органининг рухсатномаси асосида ушбу товарни амалда божхона органига тақдим этмаган ҳолда мазкур шахс томонидан тақдим қилинган вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштириш учун БЮДни божхона органи қабул қилган пайтдан эътиборан ўтказилган ҳисобланади (БК 40-м.).

 

Маълумот учун. Вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирилган товардан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқининг БК 40-моддаси 2-қисмига мувофиқ ЎзРнинг бошқа юридик ёки жисмоний шахсига ёхуд ваколатли давлат органларида аккредитация қилинган чет эллик шахсга ўтказилиши БКнинг 39-моддасида белгиланган вақтинча олиб чиқиш муддатини ўзгартирмайди.

 

Режимнинг тугалланиши тўғрисида

Вақтинча олиб чиқилган товар олиб чиқиш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай божхона ҳудудига қайтариб олиб кирилиши керак.

Лекин ваколатли шахс товарни божхона ҳудудидан ташқарида қолдирган ҳолда уни бошқа божхона режимига жойлаштириш йўли билан вақтинча олиб чиқиш божхона режимини тугаллаши мумкин. Бундай ҳолда вақтинча олиб чиқиш божхона режимини тугаллашга товарни божхона органига амалда тақдим этмаган ҳолда йўл қўйилади. Яъни кўргазма тугаллангунга қадар сиз вақтинча олиб чиқиш божхона режимини экспорт божхона режимига ўзгартирган ҳолда буюмларингиз намуналарини сотиш ёки совға сифатида бериб юборишингиз мумкин. Бунда товарнинг божхона қиймати ва миқдори товар вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирилган кундаги ҳолатга кўра белгиланади, божхона божлари ва солиқларнинг ставкалари эса товарни экспорт божхона режимига жойлаштириш тўғрисидаги декларация божхона органи томонидан рўйхатдан ўтказилган кундаги ҳолатга кўра белгиланади (БК 41-м.).

Қуйидаги ҳолларда вақтинча олиб чиқиш божхона режимининг белгиланган муддатда тугалланмаслигига йўл қўйилади:

● авария ёки енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида товарларнинг йўқ бўлиши ёки бутунлай йўқ бўлиб кетишида;

● товарлар турган чет давлат органларининг қарорлари ёки мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида товарларнинг ваколатли шахс эгалигидан чиқиб кетишида.

Товарларнинг йўқ бўлишига ёки мутлақо йўқолиб кетишига сабаб бўлган ҳолатларни тасдиқлаш мажбурияти божхона режими талаблари ва шартларига риоя этилишига масъул шахсларнинг зиммасига юклатилади. Чет давлатлар ҳудудида юзага келган ҳолатлар ЎзРнинг чет давлатлардаги дипломатик ва консуллик муассасалари томонидан ёки ҳудудида мазкур ҳолатлар содир бўлган давлатнинг ваколатли органлари томонидан тасдиқланади (БК 41-м.).

 

Маълумот учун. Вақтинча олиб чиқиш божхона режими БКнинг 39-моддасида кўрсатилган муддатда тугалланмаган тақдирда, божхона божи ва солиқлар тўланади. Улар товарни вақтинча олиб чиқишдаги божхона қийматидан ва (ёки) миқдоридан ҳамда товарни вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштириш маълум қилинган куни амалда бўлган божхона божлари ва солиқлар ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Прочитано: 1015 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика