Ташкилот махсус техниканинг улгуржи савдоси билан шуғулланади. Технологик асбоб-ускуналар рўйхатига кирувчи имтиёзли товарни ИМ-40га расмийлаштирдик. 2 ой ўтгандан кейин товарни Тожикистонга сотишга қарор қилдик.
1. Импорт қилинган товарнинг Тожикистонга реализация қилиниши экспорт бўлиб ҳисобланадими? Ёки бу реэкспортми?
2. Корхона реализация чоғида технологик асбоб-ускуна импортида имтиёз қўлланилган ҚҚС ва божхона божи суммаларини бюджетга қайтариши керак бўладими?
3. Бунда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
1 Товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан уларни қайта олиб кириш тўғрисидаги мажбуриятни олмасдан олиб чиқиб кетиш товарлар экспорти ҳисобланади («Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Қонуннинг 11-м. 3-қ.). Корхонангиз асбоб-ускунани Тожикистонга реализация қилиш чоғида олдин импорт қилинган товарни экспорт қилган ҳисобланади. |
2 Ҳа, қайтариш керак. Божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда импорт қилинган технологик жиҳоз олиб кирилган пайтдан эътиборан 3 йил ичида экспортга реализация қилинган тақдирда божхона имтиёзлари бекор қилинади. Бунда тўланиши лозим бўлган тўловларни тўлаш бўйича мажбурият технологик жиҳозни экспорт қилувчига юклатилади. |
Божхона имтиёзларини қўллаган ҳолда импорт қилинган технологик жиҳоз экспорт қилинганда экспортёр божхона органларига технологик жиҳозни импорт қилишда божхона расмийлаштируви амалга оширилган БЮДнинг кўчирма нусхасини тақдим этиши лозим (Низомнинг 19-б., АВ рақами 2918, 25.08.2017 й.).
3 Товарларнинг экспортга реализация қилиниши бўйича айланмасига ноль даражали ставка бўйича солиқ солинади. Бунда корхона импорт чоғида қўлланилган имтиёзнинг бекор қилинишида бюджетга тўланган ҚҚСни ҳисобга олиши мумкин (СК 260-м., 1-қ., 1-б., 266-м., 1-қ.). |
Агар товарларни экспорт қилишдан олинадиган даромадлар жами даромаднинг камида 15 фоизини ташкил этса, товарларни экспортга реализация қилишдан олинган фойдага ноль даражали фоиз миқдорида фойда солиғи солинади (СК 337-м., 1-қ., 6-б., 8-қ.).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.