Халқимизда «Ёш келса – ишга…» деган гап бор. Бу гап бежиз айтилмаган. Зеро, мамлакатимизнинг бугунги ёшлари билагидаги кучни, билим-кўникмаларини қаерга ва қандай сарфлашни яхши билади. Юртимизда олиб борилаётган ёшларга доир сиёсат ҳам айнан уларнинг ҳар жабҳада мустақил қадам ташлаши, бугунги дунё тараққиёти билан ҳамнафас бўла олиши учун замин яратаётир.
Божхона органларида хизмат қилаётган ёш кадрларни ҳам маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш бўйича бурч туйғусини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Энг қувонарлиси, соҳада хизмат қилаётган ёш ходимлар божхона қонунчилигини такомиллаштириш, тизимга замонавий коммуникация технологияларини кенг жалб қилиш, божхона тартиб-қоидаларини соддалаштиришга доир ўз таклифларини бериб келмоқдалар.
Бугунги кунда Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг Ёшлар ишлари агентлиги бошланғич ташкилотимизнинг вакиллари Ёшлар ишлари агентлиги томонидан вилоят миқёсида ўтказиладиган ҳар бир тадбирда фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, вилоят божхона бошқармаси ва божхона постларида ёш божхоначилар ва уларнинг ота-оналари билан ўтказилаётган учрашув ва давра суҳбатлари вилоят ҳокимлигининг масъул ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари иштирокида ўтказилмоқла.
Маълумки, Президентимиз томонидан илгари сурилган «Беш муҳим ташаббус»ни ҳаётда изчил татбиқ этиш мақсадида жойларда кутубхоналар қурилиб фойдаланишга топширилмоқда. Сирдарё вилояти божхона бошқармасида ҳам китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ёшларни бадиий асарларни мушоҳада этишга чорлаш ва бу орқали асрий анъаналаримизни сақлаган ҳолда маънавиятимиз ва маданиятимизга ҳисса қўшиш ҳар бир авлоднинг бурчи эканлиги, бадиий адабиёт, аввало, инсонлар қалбини тарбиялаши, китоб туфайли дунёқарашимиз бойиб, тафаккуримиз янада ўсиб бориши кўзлангани боис бошқармада ташкил этилган кутубхонада 300 дан ортиқ номдаги илмий ва бадиий нашрлар ёш божхоначиларимиз ихтиёрида.
Билимга чанқоқ ёшлар давлатимизнинг доимий ғамхўрлиги остида бўлиб келган. Шу сиёсатнинг амалдаги ифодаси ўлароқ ДБҚнинг Божхона институтида аъло баҳога тақсил олаётган ва намунавий хулқи билан барчага ўрнак бўлган Сирдарё вилоятида яшовчи курсантларнинг турмуш тарзидан мунтазам равишда хабардор бўлиб турадилар. Бошқармамиз масъул ходимлари ушбу курсантлар яшаётган хонадонларга бориб, Божхона институти томонидан таъсис этилган «Namunali bojxona tinglovchisi» кўчма вимпелларини топширдилар ва бошқармада бўлажак божхоначиларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ўтказишди.
Соғ танда – соғ ақл, дейди халқимиз. Қолаверса, божхона тизими ходимларининг жисмонан баркамол ҳолатда юриши касб тақозосидир. Шу маънода Президентимизнинг жорий йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6099-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида жойларда ўтказилаётган турли спорт мусобақаларида ёш божхоначилар ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, яқинда Божхона институтида енгил атлетика, турникда тортилиш ва стол тенниси бўйича ўтказилган беллашувларда бошқарма ходимлари қатнашиб, яхши натижаларни қўлга киритишди: енгил атлетика бўйича 1-ўринни, Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси томонидан ҳарбий хизматчилар ўртасида ўтказилган мини-футбол мусобақасида 2-ўринни ва аёл ҳарбий хизматчилар ўртасида волейбол мусобақаларида 3-ўринни эгаллашди.
Ҳарбий сафарбарлик йўналиши ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш йўналишида Мудофаа вазирлигининг Тошкент Ҳарбий Округи ва вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ўтказиладиган Қўмондонлик штаб ўқуви, тактик ва амалий машғулотларида ҳам бошқармамизнинг ёшлари фаол қатнашиб келмоқда.
Умуман олганда, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда ўтказиладиган тадбирларда ҳамкорлик қилишга доимо тайёр, чунки ёшлар келажагимиз, эртанги кунимизнинг бунёдкорларидир.
Соҳиб СОЛИЕВ,
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Ёшлар ишлари
агентлигининг бошланғич ташкилоти етакчиси.