Вазирлар Маҳкамасининг 3.11.2020 йилдаги 684-сон қарори билан «UzVC» миллий венчур фонди фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари белгиланди.
«UzVC» миллий венчур фонди Президентнинг 24.11.2018 йилдаги «Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5583-сон Фармонига мувофиқ инновацион ғоялар ва стартап-экотизимни қўллаб-қувватлаш инфратузилмасини яратиш мақсадида ташкил этилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди:
- Фонд МЧЖ шаклида ташкил этилади;
- бошланғич устав капитали 15 млрд сўм миқдорида 2020 йил Давлат бюджетидан Инновацион ривожланиш вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади;
- устав фондидаги 100% улуш Давлат активларини бошқариш агентлигига берилади.
Фонд юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий шахслар билан шерикликда венчур лойиҳаларни молиялаштиради.
Фондни бошқариш учун малакали ва халқаро тажрибага эга чет эл фуқаролари жалб этилади. Давлат активларини бошқариш агентлигига Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 4 ой муддатда танлов асосида фонд учун давлат улушига эга бўлмаган хусусий бошқарув компаниясини танлаш топширилди.
Венчур лойиҳаларни молиялаштиришнинг шартларидан бири ажратилган ресурсларга тенг миқдорда хусусий сектор маблағларини жалб қилиш ҳисобланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 4.11.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.