Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 35 / Назорат

Назорат хариди қачон ўтказилади

 

Солиқ органлари назорат-касса техникаси ва савдо терминаллари қўлланилишини янги қоидаларга (Низом, АВ рақами 3247, 18.06.2020 й.) асосланиб текширадилар. Вuxgater.uz илтимосига кўра Гулнора ЭРГАШЕВА текширув пайтида қандай қилиб ўзига ортиқча эътиборни тортмаслик ва ўзини тўғри тутиш кераклиги ҳақида гапириб берди.

 

Текширув пайтида нимани қидирадилар?

– НКМ ва тўлов терминалларининг қўлланилиши доим текширувчиларнинг эътибор марказида бўлган. Кўп ҳолларда қуйидаги далиллар жарималар ёзилиши учун асос бўлган:

  • бошқа шахс номига рўйхатдан ўтказилган терминаллар ва НКМдан фойдаланиш;
  • тўловни терминал орқали қабул қилишдан бош тортиш;
  • чекларни бермаслик;
  • нархларни сунъий равишда пасайтириш ёки ошириш;
  • терминаллар ва НКМга қўйиладиган талабларни бузиш.

Онлайн-технологияларга ўтилганидан сўнг ушбу рўйхат кенгайди.

Амалиётнинг кўрсатишича, тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ўрнатиб олиб, фискал хотирали НКМдан фойдаланишда давом этмоқдалар. Ўзларини оқлаш учун одатда эски НКМни қачон ва қандай қилиб қўллашни тўхтатиш кераклигини бизга ҳеч ким айтмади, дейдилар.

Президентнинг «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (06.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон) айтилишича, тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тақдирда уларга нисбатан амалдаги фискал хотирали НКМни ишлатиш бўйича мажбуриятлари бекор қилинади (3-б «а» кичик банди). Бунда Фармон билан онлайн-НКМдан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш графиги белгиланганини ёддан чиқармаслик лозим. Техник хизмат кўрсатиш маркази тадбиркорга онлайн-кассалар солиқ органларида рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида маълумотларни тақдим этганидан кейин у онлайн-НКМ ёки виртуал касса билан ишлай бошлаши керак.

Терминалдан фойдаланиб ҳисоб-китоб қилганда касса чекини бермаслик – бошқа муаммо. Қонунга кўра бу ҳолда сотувчилар доим касса чекини беришлари керак, у НКМ ёрдамида уриб берилади. Амалиётда эса одатда фақат терминал – пластик карталар ёрдамида ҳисоб-китоб қилиш учун жиҳознинг чеки берилади.

ПФ-5813-сон Фармон эълон қилиниши билан аниқ норма белгиланди: тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт. Бироқ амалиётда ҳали кўп нарса ўзгармади. Харидорлар ҳам НКМ чекини савдо шохобчаси кассасида бериладиган бошқа қоғозлардан фарқлай олмасалар керак. Яқин орада вазият ўзгаради деб ўйлайман: ДСҚ ютуқли ўйин доирасида онлайн-НКМ чеки қандай кўринишда бўлишини батафсилроқ тушунтира бошлади.

Солиқ органлари назорат-касса техникаси ёки тўлов терминаллари қўлланилишини текшира бошлашлари учун уларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисида ахборот келиб тушишининг ўзи кифоя. Касса чекини бермаслик – жуда объектив ва салмоқли асос. Фақат аноним мурожаат ва шикоятлар кўриб чиқилмайди.

Қуйидаги ҳолларда ҳам назорат-касса техникасини текширишлари мумкин:

  • «Таҳлика-таҳлил» дастурий маҳсулоти натижасига кўра аниқланган, юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб бўлмаган солиқ тўловчилар (солиқ агентлари) фаолиятидаги солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда;
  • ОАВда солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;
  • камерал солиқ текшируви жараёнида аниқланган тафовут ва хатоларни солиқ органи жойлашган жойдан ташқарида ўрганиш зарурати юзага келганда.

Қандай текширадилар?

Назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текшириш назорат харидини амалга ошириш йўли билан ва (ёки) савдо, умумий овқатланиш ёки хизмат кўрсатиш шохобчасида бевосита текширув ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Ушбу текширувларнинг ўтказилиши Сайёр солиқ текширувини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланган. Текширувчилар эса қоидаларга қатъий амал қилишлари шарт, акс ҳолда солиқ тўловчи текширув ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган ҳолда ўтказилгани сабабли унинг натижаларини бекор қилиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Амалдаги қоидалар олдингисидан анча фарқланишини қайд этиб ўтмоқчиман. Хусусан, 2020йилга қадар назорат харидини жисмоний шахслар солиқ органи билан келишиб, уларнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширганлар. Энди эса ушбу харидни ўтказишда фойдаланиш учун нақд пул маблағлари ДСҚнинг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ажратилиши керак.

Текшириш қоидалари

Текширув солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда қуйидагилар кўрсатилади: солиқ тўловчининг номи, текширувчи шахсларнинг Ф.И.О. ва лавозими, текширувни ўтказиш муддати ва мақсади.

Солиқ органлари сайёр текширувларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишган ҳолда ўтказадилар. Текширувчи текширувни бошлашдан аввал Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали «Текширувларни рўйхатга олиш китоби»ни тўлдириши керак. Бундай қилмаса, солиқ тўловчи уни ўз ҳудудига киритмасликка ҳақли бўлади.

Солиқ тўловчи қонуний асосларга эга бўлмай туриб текширувчининг ўз ҳудуди ва биноларига киришига тўсқинлик қилса, у белгиланган шаклда далолатнома тузади. Ушбу далолатнома асосида солиқ органи солиқ тўловчи тўғрисида ўзида мавжуд бўлган (худди шундай солиқ тўловчилар тўғрисидаги) маълумотлар асосида тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини мустақил тарзда аниқлашга ҳақли.

Текширув 10 иш кунигача бўлган муддатда ўтказилиши мумкин.

Сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича солиқлар ва йиғимлар ҳисобланмайди. Бунда уни ўтказиш давомида олинган ҳужжатлар ва ахборотлардан камерал солиқ текширувини ўтказишда фойдаланилиши мумкин. Шунингдек ҳуқуқбузарлик далили бўйича СК 221-моддасида назарда тутилган санкциялар қўлланилади. Жарима миқдори ҳуқуқбузарликка қараб 5 млн сўмдан 20 млн сўмгача бўлиши мумкин.

Текширув тури

 

Мақсади

 

Қоидалар

 

Назорат хариди

 

Қуйидагилар текширилади:

назорат-касса техникалари ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларидан харидорларга касса чеки берилиши;

банк карталари орқали тўловлар қабул қилиниши;

тўловлар шаклига қараб (нақд, нақдсиз) нархлар сунъий равишда оширилиши ёки пасайтирилиши ҳолатлари мавжудлиги

Назорат харидини амалга оширишда қуйидагилар жалб қилиниши мумкин:

солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тўғрисида мурожаат этган жисмоний шахс (юридик шахснинг ишончли вакили);

«Холис харидор» хизматини кўрсатувчи юридик шахс вакиллари;

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакиллари.

Назорат харидини ўтказишда фойдаланиш учун нақд пул маблағлари ДСҚнинг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ажратилади.

Текширувчига солиқ органи кассасида расмийлаштирилган нақд пул маблағларининг қиймати, банкнота серияси ва рақамлари қайд этилган ва чиқим касса ордерига илова қилинган варақ нусхаси берилади.

Текширув якунлангандан сўнг:

текширилган солиқ тўловчи назорат харидини ўтказишда фойдаланилган пул маблағларини текширувчига қайтаради, у эса уларни солиқ органи кассасига тўлиқ топширади;

назорат харидини ўтказишда харид қилинган товарлар солиқ тўловчига қайтариб берилади (бунинг имкони бўлган тақдирда).

Назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги баённоманинг бир нусхаси солиқ тўловчига имзо қўйдириб топширилади. Баённомани олишдан бош тортган ҳолларда ушбу ҳақида баённомага тегишли ёзув киритилади.

 

Савдо, умумий овқат­ланиш   ёки  хизмат кўрсатиш шохобчасида бевосита текширув ўтказиш

 

Қуйидаги далиллар аниқланади:

қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминали билан жиҳозланганлиги, шу жумладан, уларнинг солиқ тўловчи номига ва объект манзили бўйича расмийлаштирилганлиги;

қўлланилаётган назорат-касса машиналарининг Давлат реестрига киритилганлиги;

назорат-касса техникасининг техник талабларга мувофиқлиги;

назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш қоидаларига риоя этилиши 

Текшириш натижалари сайёр солиқ текшируви далолатномасида қайд этилади.

Солиқ тўловчи томонидан бошқа солиқ тўловчига тегишли назорат-касса техникалари ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш ҳолати аниқланган тақдирда, сайёр солиқ текшируви далолатномасига улардан олинган харид чеки нусхаси, ҳисоб-китоб терминалининг русуми ва завод рақами тўғрисидаги маълумот ҳам киритилади.

Техник талабларга жавоб бермайдиган, Давлат реестрига киритилмаган ёхуд бошқа солиқ тўловчига тегишли бўлган, шунингдек фискал хотирага хизмат кўрсатувчи дастурий маҳсулоти (версия) бузилган назорат-касса техникаси мавжудлиги аниқланган тақдирда, текширувчи баённома тузади. Ушбу назорат-касса техникаси вақтинча олиб қўйилади.

 

Текширув ўтказиш давомида солиқ тўловчилар:

Қуйидаги ҳуқуқларга эга

 

1) текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини олиш, ходимларнинг хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномаси билан танишиш;

2) сайёр солиқ текширувини ўтказиш жараёнида вакил орқали ёки шахсан иштирок этиш;

3) сайёр солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсдан «Текширувларни рўйхатга олиш китоби»нинг электрон ёки қоғоз шаклини тўлдиришни талаб қилиш, тўлдиришдан бош тортган тақдирда эса – ўзининг ҳудуди ва биноларига киришга йўл қўймаслик;

4) сайёр солиқ текшируви жараёнини фото ва видеотасвирга олиш;

5) сайёр солиқ текшируви материаллари билан танишиш ва нусха олиш;

6) сайёр солиқ текширувини амалга ошираётган солиқ органлари мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш;

7) сайёр солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш жараёнида иштирок этиш;

8) ўз манфаатларини шахсан, солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ёки бошқа вакиллари орқали ҳимоя қилиш.

Солиқ тўловчилар Солиқ кодекси ва солиқ тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган ўзга ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин  

 

Қуйидаги мажбуриятларга эга

 

1) cайёр солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларига текширув билан боғлиқ ҳужжатлар, шунингдек электрон манбаларда сақланадиган тегишли ахборот билан танишиш имкониятини таъминлаш;

2) солиқ органларининг текшириш билан боғлиқ қонуний талабларини бажариш, улар мансабдор шахсларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик.

Солиқ тўловчиларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин

 

Солиқ органларининг мансабдор шахслари:

Қуйидаги ҳуқуқларга эга

 

1) солиқ тўловчининг сайёр солиқ текширувига тааллуқли маълумотлари ва ҳужжатларини ўрганиш ҳамда ушбу ҳужжатлардан солиқ органи ҳисобидан нусха олиш;

2) солиқ тўловчи томонидан бухгалтерия, товарлар (хизматлар) ҳаракати ҳисобини юритишда фойдаланилаётган дастурий таъминотлардаги маълумотлар билан танишиш ва солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолларда улардан солиқ органи ҳисобидан нусха олиш;

3) солиқ тўловчининг ҳудудини, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларини, шу жумладан, солиқ тўловчи даромад олиш учун фойдаланадиган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечириш ҳамда фото ва видеотасвирга тушириш;

4) мол-мулкларни хатловдан ўтказиш;

5) текширувга мутахассислар, экспертлар, таржимон, холисларни жалб этиш ҳамда улардан тегишли хулосалар, таржималар ва кўрсатмалар олиш;

6) ишлаб чиқарилаётган ҳамда реализация қилинаётган товарларнинг (хизматларнинг) ҳақиқий ҳажмларини аниқлаш;

7) ҳисоб-китобларни амалга оширишда савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини, шунингдек назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилишини текшириш;

8) солиқ органларининг мансабдор шахсларини текширув ўтказилаётган ҳудуд ва (ёки) бинога (бундан турар жойлар мустасно) киришига тўсқинлик қилинганда, солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш чораларини кўриш;

9) солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларга (ахборотга) эга бўлган контрагентдан ёки бошқа шахслардан ушбу ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш

Қуйидаги мажбурият-ларга эга

 

1) солиқ текшируви бошлангунига қадар (назорат касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилишини текширишда – текширув жараёнида) солиқ тўловчини ёки унинг вакилини сайёр солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан таништириш ва буйруқ нусхасини уни олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда тақдим этиш;

2) солиқ тўловчини ёки унинг вакилини текширув мақсади билан таништириш, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текширув ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатиш;

3) тадбиркорлик субъектида «Текширувларни рўйхатга олиш китоби» мавжуд бўлган ҳолларда, унинг электрон ёки қоғоз шаклини тўлдириш;

4) сайёр солиқ текширувини ўтказиш вақтида солиқ тўловчиларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шу жумладан, текширув устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ёки тадбиркорлик субъектларининг бошқа тегишли бирлашмаларини жалб қилишга ҳақли эканлигини тушунтириш;

5) ўтказилган текширув натижалари билан солиқ тўловчини таништириш;

6) текширувларнинг натижалари у тамомлангандан кейин 3 кун ичида Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилишини таъминлаш;

7) ўз ваколатлари ва текширув буйруғида белгиланган текширув мақсадлари доирасидан чиқмаслик.

Солиқ органларининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин

 

 

Бундан ташқари, қуйидагиларни назарда тутиш лозим:

1. Текширувчилар асосий воситалар, ТМҚ, пул маблағлари ва ҳисоб-китобларни инвентарлашни талаб қилишлари мумкин. Солиқ тўловчи 19-сон БҲМСга (АВ рақами 833, 2.11.1999 й.) мувофиқ ушбу талабни бажариши шарт.

2. Ҳужжатларни олиб қўйиш қарор асосида – албатта холислар иштирокида ва видеотасвирга туширган ҳолда фақат қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

  • сайёр солиқ текширувини ўтказишда талаб қилинган ҳужжатлар солиқ тўловчи томонидан тақдим этилиши рад этилганда ёки белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;
  • ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари етарли бўлмаса ҳамда солиқ органларида ҳужжатларнинг асл нусхалари йўқ қилиниши, яширилиши, ўзгартирилиши ёки алмаштириб қўйилиши мумкинлиги тўғрисида тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлса.

Солиқ тўловчи уларни ўз ихтиёри билан топширишни рад этган тақдирдагина олиб қўйиш мажбурий тарзда амалга оширилади. Олиб қўйиш далили бўйича белгиланган шаклда баённома расмийлаштирилади. 

3. Текширувчи текширув натижалари бўйича белгиланган шаклда 2 нусхада далолатнома тузади, уни ўзи ва солиқ тўловчи имзолайди. Бир нусхаси солиқ тўловчига имзо қўйдириб топширилади.

Далолатномага қуйидагилар илова қилинади:

  • сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларнинг нусхалари;
  • текширув давомида расмийлаштирилган ҳужжатлар;
  • эксперт ва мутахассислар хулосалари;
  • сайёр солиқ текшируви давомида олинган материаллар;
  • сайёр солиқ текшируви доирасидаги ҳаракатларнинг бажарилишини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.

Олег ГАЕВОЙ 

тайёрлади.

Прочитано: 812 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика