Бизнинг ломбард нотариуснинг ижро хати асосида талаб бўлмаган гаровга қўйилган мол-мулкни (тилладан ясалган заргарлик буюмлари) очиқ аукцион савдолари орқали реализация қилади. Бизда ЎзР Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси томонидан берилган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномамиз бор, унда қуйидагилар аниқ ёзилган:
«Фаолият турлари гуруҳининг номи»: Ломбард фаолияти (қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларни гаровга қабул қилиш. Гаровга қўйилган мол-мулкни (қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ва бошқа буюмларни) гаровга қўйилган мол-мулкни реализация қилиш учун белгиланган тартибга мувофиқ реализация қилиш».
Заргарлик буюмларини очиқ аукцион савдолари орқали реализация қилишдан айланма ҚҚС солишдан озод этиладими?
– Қимматбаҳо металлар ва маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш обороти 2022 йилнинг 1 июлига қадар ҚҚС ва акциз солиғидан озод этилган (18.05.2019 йилдаги ПФ-5721-сон Фармоннинг 5-банди).
Солиқ кодексига мувофиқ ҳам заргарлик буюмларини реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солишдан озод этилади (СК 243-м. 18-қ.).
Корхонангизда мазкур фаолиятни амалга ошириш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ рухсат берувчи ҳужжатлар бўлган тақдирдагина заргарлик буюмларини реализация қилиш бўйича айланма Солиқ кодексига асосан ҚҚС солишдан озод этилади.
Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик ҳамда бошқа буюмлар билан чакана савдони белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган юридик шахслар Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси чакана савдо ҳуқуқи учун берадиган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини мажбурий тарзда олган ҳолда амалга оширади. Ўз ишингизда Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон қарорига 1-илова) «Қимматбаҳо металлардан ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан чакана савдо қилиш хусусиятлари» бўлимига риоя қилишингиз керак бўлади.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.