Компания 2018 йилда ташкил этилган, ЯСТ тўлайди. Устав фондини қўшимча равишда ошириш мақсадида муассислардан бири муассисларнинг қарорида белгиланган миқдордан кўпроқ пул маблағларини ўтказди. Устав фондининг бундай қўшимча оширилиши расман рўйхатдан ўтказилмаган, шунинг учун у ортиқча тўланган маблағларни қайтариб олмоқчи.
Мазкур ҳолатда солиқ солиш бўйича қандай оқибатлар юзага келиши мумкин?
– Муассислар устав фондини кўпайтириш тўғрисидаги қарорида ҳар бир иштирокчининг қўшимча ҳиссаси суммаси ва қўшимча ҳиссаларни тўлиқ қўшиш муддатини қўрсатишлари керак («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси).
6630-«Таъсисчиларнинг устав капиталини ошириш бўйича улушлари» счётида таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар улар киритган улушлар бўйича таъсисчилар олдидаги мажбуриятлар активларни ҳисобга олувчи тегишли счётлар билан боғланган ҳолда акс эттирилади (Йўриқноманинг 283-1-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова). Устав фондига олинган ҳиссалар ЯСТ бўйича солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 355-моддаси 4-қисми 1-банди).
Сизнинг ҳолатда устав фондини ошириш рўйхатдан ўтказилмаган. Иштирокчилар томонидан қўшимча ҳисса киритилган кундан бошлаб уларни муассисларга қайтариладиган пайтга қадар корхона ўзгаларнинг пул маблағларидан фойдаланади. Мазкур ҳолатда уларни фоизсиз қарз деб эътироф этиш хатари мавжуд. Қарз маблағларидан фоизсиз фойдаланишдан олинган даромадга ЯСТ солинади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.