Корхона хусусий тиббиёт маркази сифатида ишлашни режалаштиряпти, тегишли 86100 ИФУТ кодига эга. 15.08.2019 йилда тиббий фаолият юритишга лицензия олди, бироқ тушум ҳали йўқ. Курс фарқидан ва вақтинчалик молиявий ёрдамдан фойдаланганлик учун қўшимча ҳисобланган фоизлардан даромад ҳисобланди.
Президентнинг 1.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон қарорига мувофиқ ер солиғи, ЯСТ, мол-мулк солиғи бўйича имтиёз қўлланиладими?
– Президентнинг «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (1.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон) 1.01.2022 йилгача хусусий тиббиёт муассасалари тиббий хизматлар қисмида барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилган. Солиқ имтиёзлари бошқа даромадларга ҳам қўлланилади. Бошқа даромадлар Солиқ кодексининг 132-моддасига мувофиқ аниқланади.
Бундан ташқари, қишлоқ жойларда жойлашган тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга тиббий хизматлар қисмида ЯСТ тўлашдан озод этилган.
Ташкилотингизнинг асосий фаолият тури ҳисобот даври якунларига кўра тиббий хизматлар кўрсатиш бўлса, тиббий хизматлар, шунингдек бошқа даромадлар бўйича ягона солиқ тўловини тўламайсиз, бироқ имтиёз мақсадли бўлганлиги учун тўловни ҳисоблайсиз. Солиқ кодексининг 22-моддасига мувофиқ асосий фаолият тури - юридик шахснинг ҳисобот даври якунлари бўйича умумий реализация қилиш ҳажмидаги соф тушум улуши устунлик қиладиган фаолияти ҳисобланади.
Ташкилотингиз тиббий хизматлар кўрсатишни (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) режалаштираётганлиги ва ушбу фаолиятдан тушум ҳали олинмаганлигини ҳисобга олган ҳолда, ПҚ-2863-сон қарорга мувофиқ имтиёзларни қўллашга ҳақли эмассиз.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.