2019 йилнинг II чораги учун муассисларга дивидендлар ушбу йилнинг сентябрь ойида тўланди. 9 ойлик якунлари таҳлил қилинганда, дивидендлардан солиқ тўлаш бўйича хатоликлар аниқланди – 230 000 сўм кам тўланган. Ушбу сумма 2019 йил 7 октябрда тўланди. Корхона мустақил равишда ўз хатосини топиб тўғрилаганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
– Солиқ тўловчилар солиқ солиш объектини ҳисобга олишда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашда ўзлари йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатишга ҳақлидир (Солиқ кодексининг 31-моддаси).
Солиқ органларига солиқ ҳисоботи тақдим этилган даврга тааллуқли хатоларни мустақил равишда аниқлаганингизда, 5 йил ичида ўша давр юзасидан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқига эгасиз (Солиқ кодексининг 46-моддаси). Ҳисобот топширишнинг электрон тизимида тузатиш киритилган шаклларни қайта топшириш имконияти мавжуд.
Солиқ тўловчи солиқ текшируви ўтказилгунига қадар хатони ўзи тузатган тақдирда жавобгарликдан озод этилади, пеня тўлаш бундан мустасно (Солиқ кодексининг 109-моддаси). Тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун, тўлов куни ҳам шунга киради, 0,045% миқдорида пеня ҳисобланади. Бунда бошқа солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ортиқча тўланган суммага тенг бўлган қарз суммасига пеня ҳисобланмайди. Пеня миқдори тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз суммасидан ошиб кетиши мумкин эмас (Солиқ кодексининг 120-моддаси).
Мансабдор шахсларга маъмурий жавобгарлик юкланмайди.
Корхона солиқ тўлиқ тўланмаганда солиқнинг тўланмаган суммасини ва у бўйича пеняни бюджетга тўлаши шарт. Шунингдек 2019 йилнинг 9 ойи учун дивидендлар бўйича ҳисоботни қайта тақдим этиш талаб этилади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.