Корхона директори ҳадя шартномаси бўйича ТМЗ киритди, улар омборга кирим қилинди ва қуйидаги проводка орқали акс эттирилди: Дт 1010 – Кт 8530 = 1 000 000 сўм.
Текин олинган мол-мулк суммаси Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 090-«Асосий фаолиятдан олинган бошқа даромадлар» сатрида кўрсатиладими? 1010 – 8530 (ёки 1010 – 9300) проводкаси тўғрими?
– Текин олинган мол-мулк қиймати корхонанинг захира капитали таркибида акс эттирилади. ТМЗ текин олинганда бухгалтерия проводкалари қуйидагича бўлади: Дт «Активларни ҳисобга олиш счёти» (1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар», 2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар», 2910-«Омбордаги товарлар») – Кт 8530-«Текинга олинган мулк».
Текин олинган мол-мулкнинг қиймати солиқ солиш мақсадида ЯСТ ҳисоб-китоб қилишда ялпи тушум таркибига киритиладиган бошқа даромадларга киритилади (Солиқ кодексининг 132-моддаси 4-банди, 355-моддаси).
Бухгалтерия ҳисобида текин олинган мол-мулк тарзидаги даромад акс эттирилмайди ва фақат солиқ солиш мақсадида аниқланади.
Текин олинган мол-мулк тарзидаги даромад ЯСТ ҳисоб-китобига 1-илова «Бошқа даромадлар»нинг 010 ва 050-сатрларида кўрсатилади, кейин эса ЯСТ ҳисоб-китобининг (9-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 030-сатрига кўчирилади.
Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда (2-сон шакл, АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган) текин олинган мол-мулк тарзидаги бошқа даромадлар акс эттирилмайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.